Ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик ва тотувлик байрами

“Халқлар, давлатлар, маданиятлар ва инсонлар ўртасидаги дўстлик тинчликни таъминлаш билан боғлиқ ҳаракатларга илҳомлантириши мумкин ва маданий хилма-хилликни ҳурмат қиладиган жамиятлар ўртасида кўприклар ўрнатиш имкониятини тақдим этади” – бу Бирлашган Миллатлар Ташкилоти  Бош Ассамблеясининг 2011 йил 3 майдаги 65/275-сессиясида Халқаро дўстлик кунини  тасдиқлаш тўғрисидаги резолюциясида қайд этилган.

 Янги халқаро байрамнинг таъсис этилишига  2001-2010 йилларга мўлжалланган Жаҳон маданияти соҳасида декларация ва ҳаракат дстури сабаб бўлди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти  ушбу  кенг кўламли тадбири якуни бўйича Халқлар дўстлиги кунини жорий этишга қарор қилди. БМТ Бош Ассамблеяси ушбу санани турли давлатлар миллатлари ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш, бирдамлик, тотувлик ва  ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш руҳида нишонлашни тавсия этади. Дўстлик кунини нишонлаш ЮНЕСКОнинг ўзаро тоқатлилик руҳини сингдириш ва мавжуд низоларни муроса йўли билан ҳал этишдан иборат тинчлик маданияти тамойилларига тўла мос келади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўзининг ташаббуси асосида ўтган йили жамиятда барқарорлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш, фуқаролар онгида катта, кўп миллатли ягона оилага мансублик туйғусини мустаҳкамлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш мақсадида  30 июлни “Халқлар дўстлик куни” деб белгилаш бўйича махсус қонунни имзолади.

Мамлакатимизда ўтган йил ушбу янги байрам кенг кўламда, катта тантана ва шодиёналар билан нишонланди. Юртимизда  миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлашга ўзларининг катта  ҳиссасини қўшаётган 60 дан ортиқ ватандошларимиз орден ва медаллар билан тақдирланди. Фаоллар учун «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони ҳам таъсис этилди.

Буюк Алишер Навоий таърифлаганидек ,  “Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ, Ёр ўлинг бир-биринғизгаким, эрур ёрлиғ иш”. Ўзбекистон барча фуқаролари, миллати, тили ва динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлган,  миллатлар ва конфессиялараро тотувлик қарор топган, ёш авлод бағрикенглик, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, ватанпарварлик руҳида тарбияланаётган давлатдир. Мамлакатимизда турли миллат ва дин вакилларининг ўз салоҳиятини тўлақонли амалга ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун конституциявий кафолатлар белгиланган. Бунда, энг аввало, фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг қонун олдида тенглигини кафолатланган.

 Кейинги йилларда миллатлараро муносабатлар ва дин соҳасида 50 дан ортиқ қонун ҳужжатлари ва 40 га яқин қарорлар қабул қилинди. Бу ҳуқуқий ҳужжатларнинг аксарияти фуқароларнинг дини ва миллатидан қатъи назар, ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириш, шу жумладан, жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш имкониятини оширишга қаратилган. Республикамизда, шунингдек  Миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсати концепциясиҳам ишлаб чиқилган. Ушбу ҳужжатда  миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш соҳасида давлат органлари ва ташкилотларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик даражасини янада ошириш белгиланган.

Шу мақсадда кўп миллатли Ўзбекистон халқининг бирлигини, миллат ва элатларнинг тилига, ҳуқуқий майдон доирасидаги урф-одатлари ва анъаналарига иззат-ҳурмат муносабатлари, жамиятда дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, жипслик, инсонпарварлик ва бағрикенглик маданияти  янада мустаҳкамланади, барча фуқароларимизнинг тўла ҳуқуқли ривожланиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилади. Чет мамлакатлар билан дўстона алоқалар янада ривожлантирилиб, хориждаги ватандошларимиз қўллаб-қувватланиб,  ўзбек диаспоралари билан қалин ва чуқур  ҳамкорлик ривожлантирилади.

Концепцияда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси қошидаги Жамоатчилик кенгашининг ролини ошириш кўзда тутилган. Миллатлараро муносабатлар соҳасида илмий  ва инновацион тадқиқотлар янада кенгайтирилади, улар лойиҳаларни амалга оширишга ҳар томонлама ҳуқуқий ва ташкилий ёрдам кўрсатилади. Ўзбекистонда яшаб ўтган ва яшаб келаётган, жаҳон цивилизациясини ривожлантиришга бебаҳо ҳисса қўшган миллат ва элатлар атоқли вакилларининг маънавий-маданий ва илмий мероси кенг  тарғиб қилинади. Юртимиздаги миллат ва элатларнинг ўзига хос хусусиятларини сақлаб қолиш мақсадида этнотуризмни янада ривожлантириш чоралари кўрилади.

Ўзбекимтон фуқароларнинг миллий мансублиги ва она тилидан қатъи назар уларнинг барчаси учун мамлакатнинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётида тенг ҳуқуқли иштирок этишлари учун барча  шароитлар яратиб берилган, уларнинг меҳнат қилиш, касбни ва иш жойини эркин танлашда тенг ҳуқуқлари таъминланган.

Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ягона ва аҳил оила бўлиб яшаб келмоқда. Улар Ватанимиз иқтисодиётнинг турли тармоқлари, таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан ва маданият каби ижтимоий соҳаларида самарали меҳнат қилиб, Ўзбекистоннинг равнақи ва гуллаб-яшнаши, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга, Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини оширишга  муносиб ҳиссаларини  қўшиб келмоқдалар.

Мамлакатимизда миллатлараро муносабатларни янада уйғунлаштиришда 150 та миллий маданий марказ катта роль ўйнамоқда. Уларнинг кўп қиррали фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ушбу мақсадлар учун зарур маблағларни йўналтирмоқда, турли субсидия ва грантлар ажратилмоқда. Давлат таълим муассасаларида ўқиш 7 - ўқитиш ўзбек, рус, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман тилларида олиб борилади, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси кўрсатув ва эшиттиришларини 12 тилда кўриш ва эшитиш имконияти яратилган.

Халқлар, давлатлар, маданиятлар ва турли миллатлар вакиллари ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик, бағрикенглик уларни бир-бирига янада яқинлаштиради, бутун жаҳонда тинчлик ва тотувликни таъминлашга хизмат қилади.

Эркин ЭРНАЗАРОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг бош муҳаррири,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech