Ўзбекистон ва Қозоғистон: конституциявий ислоҳот тажрибаларининг қиёсий таҳлили

“Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар бир вақтнинг ўзида бир-бирини тақозо этадиган ва ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлган иккита тақдируламал вазифага ечим бўлади. Бу муҳим вазифалардан бири – жамиятда тинчлик-осойишталикни таъминлаш бўлса, иккинчиси – жамият ва давлатни ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий ва ҳуқуқий жиҳатдан янада барқарор ривожлантиришга эришишдир”.

Ушбу фикрлар 2022 йил 15 август куни Тошкентда бўлиб ўтган “Конституциявий ислоҳотлар: миллий ва хорижий тажриба” мавзусидаги халқаро илмий муҳокама иштирокчиси – Қозоғистон Республикаси Конституциявий суди собиқ судьяси, Қозоғистон гуманитар юридик университети профессори, юридик фанлар доктори Сергей Ударцевга тегишлидир.

Маълумот учун: Сергей Фёдорович Ударцев – 1951 йилда Россиянинг Новосибирск вилоятида туғилган. Қозоғистонлик машҳур ҳуқуқшунос олим ва жамоат арбоби.  Унинг конституциявий ҳуқуқ, сиёсий ва ҳуқуқий таълимотлар тарихи, давлат ва ҳуқуқ назарияси, Қозоғистон ҳуқуқшунослик фани тарихи мавзуларига оид кўплаб китоблари ва илмий мақолалари чоп этилган.

 

Профессор Сергей УДАРЦЕВ:

  • Бутун дунёда мураккаб ва таҳликали жараёнлар юз бераётган, теварак-атрофимиздаги ҳамма нарсани глобаллашув ўзининг шафқатсиз домига тортаётган, халқаро ҳуқуқ инқирозга дуч келаётган ҳозирги оғир шароитда агар давлат етарлича кучли бўлмаса, ўзининг мустақиллигини таъминлай олмаслиги ва янгича воқеликларга мослаша билмаслиги эҳтимоли кучлидир. Бундай қалтис вазиятларга фақат кучли давлат, агар у том маънода ҳуқуқий давлат бўлсагина, бардошли ва қодир бўла олади.

Шу маънода, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасида “Ўзбекистон – суверен  республика,  ҳуқуқий,  ижтимоий, дунёвий,  демократик  давлат”, деган таъриф қайд этилгани жуда муҳим. Яъни мамлакатингиз, жумладан, ҳуқуқий давлат эканига алоҳида урғу берилмоқда.

Агар давлат ҳуқуқий ва кучли бўлса, агар конституциявий ислоҳотлар давр талабларига тўла жавоб берса ҳамда жамият тараққиётини рағбатлантирса, шубҳасиз, буларнинг барчаси муваффақиятни ва ижобий янгиланишнинг давомийлиги-ю мутаносиблигини таъминлайди. Қозоғистон ва бошқа кўплаб мамлакатларнинг тажрибаси бу фикримизнинг яққол тасдиғидир.

 Мамлакатингизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш, янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини шакллантиришга йўналтирилган демократик ислоҳотлар амалга оширилаётганини олқишлайман. Бу янгиланишлар кенг қамровли, шиддатли экани, аниқ мақсад ва вазифаларга қаратилгани алоҳида эътирофга сазовор.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Инсон қадри учун” ғояси ва “Инсон – шахс – жамият” парадигмасини ҳаётга изчил татбиқ этиш таклифи жамоатчилик томонидан ижобий қабул қилингани ҳам бежиз эмас. Чунки ушбу ғоялар Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг ўзагини ташкил этади ва турли йўналишдаги тарихий янгиланишларни ўзаро боғлаб турибди.

– Ҳурматли Сергей Фёдорович, Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларнинг қандай ўзига хос жиҳатлари эътиборингизни тортди?

– Авваламбор, Конституциявий қонун лойиҳасида фуқаролик жамияти ва шахсга алоҳида бўлим, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларига бутун бошли бир боб бағишлангани, “фуқаролик жамияти институтлари” тушунчасига таъриф берилгани, маҳалланинг конституциявий мақоми янада аниқ белгилаб қўйилгани ҳақида тўхталмоқчиман.

Ушбу янгича руҳдаги ҳуқуқий нормалар туфайли, бир томондан,  фуқаролик жамиятининг аҳамияти кафолатли таъкидланаётган бўлса, иккинчи томондан, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назорати институтларининг ривожланиши учун конституциявий даражада йўл очилмоқда.

Бундай замонавий ёндашувни бошқа давлатлар тажрибаси билан қиёслайдиган бўлсак, хусусан, Қозоғистон Конституциясида фуқаролик жамияти тилга олинмаган. Аммо, унда фуқаролик жамияти институтлари турларидан айримлари, жумладан, сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солувчи нормалар мавжуд.

Ўзбекистон конституциявий ислоҳотларида Президент, парламент ва суд тизими ўртасида ваколатларнинг оқилона мувозанат билан тақсимланиши масаласига алоҳида эътибору ҳурмат билан ёндашилаётганига гувоҳ бўлдим. Айниқса, маҳаллий давлат ҳокимияти ваколатларини ҳудудлар ва туманлар даражасида мақбул тарзда тақсимлаш, Конституциявий суд, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Болалар Омбудсманининг мақоми ва ролини ошириш ҳамда кўппартияли тизимни мустаҳкамлаш масалаларига устувор аҳамият қаратилаётгани диққатга моликдир.

– Халқаро ҳуқуқ инқирози тўғрисида гапирдингиз. Бу инқирозга дуч келаётганимизнинг сабаблари нимада, деб ўйлайсиз?

  • Ҳар қандай инқирознинг объектив ва субъектив сабаблари бўлади, одатда. Халқаро ҳуқуқ инқирозининг сабаблари ҳақида тўхталганда, иккита омилга эътибор қаратиш лозим.

Биринчи омил – халқаро ҳуқуқ муҳим аҳамиятга эга, аммо бугунги кунда у етарлича ривожланмаган ва анархия, содда қилиб айтганда, бир қадар тарқоқлик ҳолатидадир. Зеро, ҳар бир давлат суверен ва ўзининг миллий ҳуқуқига эга, буни унутмайлик.

Иккинчи омил – халқаро ҳуқуқни ҳаддан ортиқ улуғлаб-мутлақлаштириб юбормаслик керак, айни чоғда, уни бутунлай инкор этиш ҳам мумкин эмас. Халқаро ҳуқуқ инқирози билан боғлиқ ҳозирги курашда, биринчи навбатда, АҚШ, Хитой, Буюк Британия каби кучли давлатлар енгиб чиқишини эътибордан қочирмаган маъқул, менимча.

Бугунги кунда биз халқаро ҳуқуқни миллий ҳуқуққа имплементация қилиш йўлидан бормоқдамиз. Аслида, глобаллашув туфайли бутун дунё шу йўлни танлади.

Келажакда ҳуқуқ тизимида глобал нормалар кўпаяди. Шу билан бир қаторда, давлат органларидан устун турувчи глобал бошқарув органларининг сони ҳам ортиб боради.

Халқаро ҳуқуқнинг ҳам ўзига яраши камчиликлари борлигидан кўз юмиб бўлмайди, албатта. Шунинг учун Қозоғистон Конституциясига киритилган нормага кўра, мамлакатда амал қиладиган ҳуқуқ – Конституция нормалари, қонунлар, бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар, мамлакатнинг халқаро шартномавий ҳамда шу каби мажбуриятлари, шунингдек, Конституциявий ва Олий судларнинг норматив қарорлари ҳисобланади.

Бу ўринда Конституция олий юридик кучга эга экани ва бутун мамлакат ҳудудида тўғридан-тўғри амал қилиши Асосий қонунда мустаҳкамлаб қўйилганини алоҳида қайд этиш лозим. Фақат ратификация қилинган, айнан ратификация қилинган халқаро шартномаларгина миллий қонунчиликдан устун кучга эга бўлгани ҳолда, уларнинг қандай амал қилиши ҳам Қозоғистон миллий қонунчилиги билан тартибга солинади.

Бинобарин, давлат ҳокимияти органлари, айниқса, судьялар чиқарадиган қарорлар Конституция, қонунлар ва мамлакат ратификация қилган халқаро шартномалар асосида қабул қилинади. Бир сўз билан айтганда, Қозоғистон Конституциясида қайси ҳуқуқнинг қай даражада устуворлиги масаласи тегишли нормаларда ўз аксини аниқ топган.

Айтайлик, судлар халқаро ҳуқуқни қўллаш масаласига қандай ёндашиши керак? Қозоғистон Конституцияси ва қонунларига мувофиқ,  суд халқаро ҳуқуқнинг ўзигагина таянган ҳолда ҳукм чиқармайди, айни чоғда, ушбу ҳуқуққа ҳавола қилиши мумкин.

Назаримда, Ўзбекистоннинг янгиланаётган Конституциясида ҳам шу мазмундаги нормалар мавжуд бўлиши зиён қилмайди.

– Ўзбекистонда давом этаётган конституциявий ислоҳотнинг янги босқичи билан боғлиқ қандай амалий таклифларингиз бор?

Биринчи таклиф: қонун ижодкорлари билан аҳоли ўртасида Конституцияга киритилаётган ўзгартиришларга тааллуқли барча масалалар бўйича очиқ ҳамда доимий мулоқотларни давом эттириш даркор. Бунда, жумладан:

  • конституциявий ислоҳотлар моҳиятини ахборот ва мафкуравий жиҳатдан таъминлаш стратегиясини ишлаб чиқиш ва қатъий амалга ошириш;
  • Конституцияга киритиладиган янгиланишларнинг маъно-мазмунини содда, тушунарли услубда шарҳлаш, тушунтириш ва тарғиб этиш тизимини самарали йўлга қўйиш;
  • конституциявий ислоҳот тарғиботи жараёнларига аҳолининг барча қатламлари ва гуруҳларини кенг жалб этиш айни муддаодир.

Иккинчи таклиф: референдум ташкилотчилари билан аҳоли ўртасида доимий очиқ мулоқот йўлга қўйилган бўлиши лозим. Бундай мулоқотлар асносида референдум ўтказишнинг ҳуқуқий ва ташкилий соҳалари билан боғлиқ ҳар қандай саволларга тўлиқ жавоблар бериб борилиши тақозо этилади.

Учинчи таклиф: оммавий ахборот воситалари, Интернет ва ижтимоий тармоқларда тарақатиладиган “фейк”, яъни ёлғон маълумотларга қарши курашиш стратегиясини изчил амалга ошириш керак бўлади. Бу борадаги Қозоғистон тажрибаси шуни кўрсатдики, бир томондан, ислоҳотларга қарши кучларнинг “фейк хуружлари” кўлами кундан-кунга ортса, иккинчи томондан, бундай сохта маълумотларни тарқатиш технологиялари ҳам муттасил кенгайиб боради.

– Очиқ ва мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

 

Ғулом Мирзо суҳбатлашди

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech