Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ШАНХАЙ ҲАМКОРЛИК ТАШКИЛОТИДАГИ МУВАФФАҚИЯТЛИ РАИСЛИГИ - БУ, БИРИНЧИ НАВБАТДА, МАМЛАКАТ ЙЕТАКЧИСИНИНГ СИЁСИЙ ИРОДАСИ ТУФАЙЛИДИР

 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бир кун олдин миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боглиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали консептуал мақоласи халқаро ижтимоий-сиёсий доиралар ва экспертлар ҳамжамиятида катта акс садо берди.

Мақоланинг хорижда кенг таркатилаётганининг ўзи дунёда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг роли тобора ортиб бораётгани, шунингдек, Ўзбекистоннинг фаол ташқи сиёсатига катта эътибор берилаётганидан далолат.

Мақолада ШҲТнинг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган саммити, унинг мамлакатимиз, минтақа ва умуман, замонавий дунё учун аҳамияти, Ўзбекистоннинг ШҲТ иштирокчиси ва амалдаги раиси сифатидаги устувор йўналишлари ҳамда замонавий халқаро сиёсатнинг бошқа жиҳатлари ҳақидаги муҳим саволларга жавоблар ўз ифодасини топган.

 

Биргина 12 сентябрнинг ўзида ушбу мақола дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларидаги ўнлаб етакчи босма ва электрон нашрлар саҳифаларида инглиз, араб, болгар, испан, хитой, немис, рус, турк, француз ва бошқа тилларда чоп этилди. Улар орасида Қувайтнинг “Al-Anba”, “Tayms Kuveyt”, “Al-Nahar” газеталари, машҳур “Q8 Press” электрон нашри, Эроннинг “Iran News” ва “Iran Daily” газеталари, Бирлашган Араб Амирликларининг “AlBayan” электрон нашри, Мисрнинг “Sada al Balad” ахборот агентлиги, “Misr al Balad” ва “Sout el Shaab” газеталари, Ўмоннинг “Asdaa Oman” газетаси, Покистонда нашр этиладиган “Islamabad Post”, “National Herald Tribune” газеталари ҳамда “Diplomatic Insight”, “Daily Spokesman”, “Centreline”, “Pakistan in the world”, “The Gulf Observer” ва “Global News Pakistan” ахборот агентликлари бор.

Мазкур мақола қўшни мамлакатларда ва умуман, МДҲ маконида ҳам кенг миқёсда чоп этилди. Масалан, Қозоғистоннинг етакчи “Казахстанская правда” газетаси веб- саҳифаси, “Infozakon”, “Kzaif.kz” ва “Человек и Закон” сингари нуфузли ахборот-таҳлил нашрлари, Туркманистоннинг “Нейтралный Туркменистан” ҳукуматга қарашли газетаси, Қиргизистоннинг етакчи “Kabar” давлат ахборот агентлиги, Тожикистоннинг “Xalq gazetasi” ва “Avesta” ахборот агентлиги, Россиянинг “Независимая газета”, Беларуснинг “Звязда” нашри, Озарбайжоннинг “Trend” ахборот агентлиги, “Turkic World”, “News Day”, “News Milli”, “Minval” ва “Musavat” веб-сайтлари ва бошқа кўплаб оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

Жанубий Корея, Хитой, Сингапур, Ҳиндистон ва Индонезиядаги етакчи оммавий ахборот воситаларида ҳам давлатимиз раҳбари томонидан ёзилган ушбу мақоланинг тўлиқ матни чоп этилди.

Ўзбекистон Президентининг Европанинг қатор оммавий ахборот воситаларида Самарқанд саммитига бағишланган мақоласи эълон қилинишининг ўзи ҳам бўлажак тадбирга ШҲТ оиласи таркибига кирмайдиган Европа мамлакатларида қизиқиш юқори эканлигидан далолат беради.

Ўз саҳифаларида консептуал мақолани чоп этган Франциянинг машҳур “Ле Спеcтаcле ду монде” журнали ва “ЛъОпинион” нашри, Европанинг “Дипломат Магазине” ва “ЕУ Репортер”, “бне Интеллинеwс” нашрлари, Италиянинг “Ил Горнале” журнали ҳамда “Брюссел — Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи, шунингдек, “Дипломатиc Wорлд Институте”, испан тилидаги халқаро онлайн нашрлар — “Ел Мундо Финанcиеро” ва “Ел Периодиcо де Ақуи” ва бошқа ОАВ бор.

Давлатимиз раҳбарининг мақоласи халқаро ташкилотлар ўртасида ҳам катта қизиқиш уйғотгани ҳолда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ихтисослаштирилган нашри — “ОИC Тодай” журнали ҳамда ИҲТ Ахборот агентликлари иттифоқининг веб-сайтида ҳам эълон қилинди.

Нуфузли халқаро экспертлар давлатимиз раҳбари томонидан кўтарилган масалаларнинг долзарблиги, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги, хусусан, ШҲТ платформасидаги ташаббуслари ҳақида ҳам ўз фикрларини баён этдилар.

Ден ХАО,

Хитойнинг ШҲТ тадқиқот маркази Бош котиби:

— ШҲТ саммити арафасида Президент Шавкат Мирзиёев қаламига мансуб мақоланинг чоп этилгани Ўзбекистон етакчисининг Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишини қадимий Самарқанд шаҳрида муваффақиятли ўтказишга алоҳида эътибор қаратаётганидан далолат беради.

Мақолада ШҲТ саммити арафасидаги тарихий ҳақиқат ва халқаро вазият қайд этилган. Қуролли можаролар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш, озиқ-овқат ва энергия хавфсизлигини таъминлаш, жаҳон иқтисодиётини аввалги ривожланиш йўналишига қайтариш ва глобал таъминот занжирларини тиклаш зарурлиги, умумбашарий иқлим ўзгаришларига зарур муносабатни билдириш лозимлиги таъкидланган.

Шу нуқтаи назардан, мақолада тафовутларни бартараф этиш ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлаш, сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-сотиқни кенгайтириш ва маданий-гуманитар алмашувларни рағбатлантиришда халқаро ва минтақавий ташкилотлар тутадиган муҳим ўрин таъкидланган.

Хитой эксперт доиралари вакиллари Ўзбекистоннинг ШҲТни ривожлантиришга доир конструктив ёндашувлари ва қарашлари, жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг турли блоклардан холи мақомга эга экани, очиқлик, учинчи мамлакатлар ёки халқаро ташкилотларга қарши қаратилмагани, барча иштирокчи томонларнинг тенглиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, сиёсий қарама-қаршилик ва ихтилофли рақибликка йўл қўймаслик сингари масалалардаги нуқтаи назарига кўшилишади.

Ўзбекистон ШҲТ асосчиларидан бири сифатида ташкилот ривожига муҳим ҳисса қўшди. Мақоладан олинган ушбу иқтибос жуда муҳим — “Тарихан қисқа даврда ШҲТ катта йўлни босиб ўтиб, глобал сиёсий ва иқтисодий тизимнинг ажралмас қисмига айланди, деб қатъий ишонч билан айтиш мумкин”. Бу сатрлар муаллифнинг ШҲТни янада институтсионал ривожлантиришнинг мухимлиги ҳақидаги чуқур қарашларини ифодалайди.

Ўзбекистоннинг муваффақиятли раислиги, биринчи навбатда, мамлакат етакчисининг сиёсий иродаси туфайлидир. Натижада, мақолада таъкидланганидек, йил давомида ўтказилган саксондан ортиқ йирик тадбирлар доирасида ШҲТ учун кенг қамровли кун тартиби шакллантирилди. Бунда хавфсизлик соҳасидаги алоқаларни янада кенгайтириш, транспорт ва иқтисодий ўзаро боғлиқликни кучайтириш, ташкилотнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш, ривожланишнинг янги йўллари ва нуқталарини излаш каби кўплаб муҳим масалалар қамраб олинди.

Ўзбекистон Президенти жаҳон ҳамжамиятига фаол ва очиқ ташқи сиёсат курсининг бундан кейин давом этишини, биз, биринчи навбатда, Марказий Осиё давлатларининг яқинлашуви мисолида кўриб турганимиздек, барчаси муваффақиятли ва самарадор бўлишига ишора қилмоқда.

ШҲТнинг Самарқанд саммити натижалари тарихий аҳамиятга эга бўлиши, минтақа ва дунёдаги вазиятга ижобий ўзгаришлар олиб келиши, шубҳасиздир.

Януш ПЕХОЧИНСКИЙ,

Полша — Осиё Савдо-саноат палатаси президенти, Полша Бош вазирининг собиқ ўринбосари ва Полша иқтисодиёт вазири:

— Ўзбекистон раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанддаги саммити жуда мураккаб пайтда бўлиб ўтади. Бир томондан, эски ва ривожланаётган геосиёсий ва шу боисдан геоиқтисодий тизимнинг қарама-қаршилиги шароитида етакчи кучларнинг жаҳон тараққиётидаги ўрни ва роли қайта форматланмоқда. Бошқа томондан эса, дунё пандемия чекловларидан чарчаган ва уч йилдан буён мамлакатларнинг бир-бирига бўлган ишончини тиклайдиган ва белгиланган халқаро ҳуқуқ тизимининг қулашига йўл қўймайдиган ҳар қандай муҳим, ижобий глобал ўзгаришларни кутмоқда.

Шундай шароитда ШҲТ ўз мақсад ва вазифалари нуқтаи назаридан, башорат қилинадиган ва прагматик муносабатлар тизимида тобора фаол, шунингдек, минтақавий ва субминтақавий миқёсдаги қарорларини шакллантириш ва амалга оширишга қодир нуфузли ташкилотга айланмоқда.

Шу маънода айтиш мумкинки, ШҲТ ушбу ташкилотни барқарор ва истиқболли қиладиган консолидатсиялашган нуқтаи назар ва кун тартибига эга. Президент Шавкат Мирзиёев ўз мақоласида таъкидлаганидек, “ШҲТга аъзо барча давлатлар бизнинг энг яқин қўшниларимиз, дўстларимиз ва стратегик шерикларимиздир”.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг обрўси нафақат минтақада, балки бутун дунёда ўсиб бормоқда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат ташқи сиёсатини ўзгартиришдаги роли тўла эътироф қилинган, зеро, мамлакат янги, фаол ва ҳаракатчан қиёфа касб этган. Бу Ўзбекистоннинг кўп томонлама ҳамкорлик институтлари, хусусан, ШҲТ доирасидаги ўрнига ҳам дахлдордир.

Мақолада Ўзбекистон раҳбари қайд этганидек, бугун биз яшаётган, жараёнлар ўзаро чамбарчас боғланган дунёда хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли — конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорликдир.

Самарқанд саммити энди бошланмоқда, аммо у ШҲТ тарихида қолади ва Ўзбекистоннинг йирик сиёсий муваффақиятига айланади, деб қатъий ишонч билан айтиш мумкин.

Мехмет Сейфеттин ЭРОЛ,

Анқара Инқироз ва сиёсий тадқиқотлар маркази директори:

— Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилиш ва Ўзбекистон Президенти томонидан ушбу тузилма доирасида илгари сурилган устувор вазифаларнинг амалга оширилиши, ҳақиқатан ҳам, жаҳон миқёсида ишонч ва геосиёсий қарама-қаршиликлар инқирози кучайиб бораётган бугунги мураккаб даврда ШҲТнинг нуфузи ва мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Мақолада айнан шу масалаларга, шунингдек, глобал тенденсияларни чуқур таҳлил қилишга, янги муаммолар ва имкониятлар билан ўзаро боғлиқ дунёда ШҲТнинг халқаро муаммолар спиралидаги ролини баҳолашга катта эътибор қаратилган.

Ўзбекистон раҳбари “Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади” деган шиорни эълон қилгани ҳолда республиканинг ташкилотга раислиги моҳиятини очиб берган. ШҲТ маконидаги давлатларнинг юксак инсоний, интеллектуал ва технологик салоҳиятга, жадал ривожланаётган иқтисодиётларга ва ҳали тўлақонли фойдаланилмаган табиий захираларга эга экани ташкилотнинг иқтисодий аҳамиятини янада оширишга хизмат қилиши ҳам асосли равишда қайд этилган.

Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги даври юксак савияда ўтди ва “Самарқанд руҳи” ҳамкорлик, ўзаро англашув ва дўстликнинг тимсоли сифатида ташкилотнинг бутун минтақа манфаати йўлида энг жадал ва самарали ривожланишига хизмат қилади.

«Дунё» АА.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech