Тилсиз миллат, миллатсиз тил бўлмайди

Бобил минорасининг емирилиши ҳақидаги ривоятга кўра, азалан ягона бир вужуд бўлган одамзод насли, худога чанг солмоқчи бўлганидан, унинг қаҳрига дучор бўлган – парчаланиб, майдалашиб, парокандалашиб кетган. Ягона тилда фикрлашган инсоният эндиликда олти минг тил ва йирик шеваларда сўзлашадиган бўлиб қолди.

 

*

Ҳар бир миллат, ҳар бир тил ўзича такрорланмас ва ўзича шариф. Жумладан, менинг ўзбек тилим ҳам, ўзбегим ҳам.

 

*

Агар бугунги ўзбек адабий тилини ягона бир жонли аъзо деб олсак, буни ҳам юз фоиз «миллий ҳодиса» дейиш қийин... Унда умумтуркий сўзлар билан бирга, араб, форс, рус, олмон (немис), мўғул, инглиз, фаранг, ҳинд ва бошқа ўнлаб тилларнинг юзлаб, минглаб унсурлари учрайди.

    Демак, миллийликнинг бош омили ва белгиси ҳисобланмиш тилнинг ўзи ҳам байналмилаллик ҳодисасидан холи эмас.

 

*

Ватанпарварлик, халқчиллик туйғулари бизнинг зиёлиларимизга ҳам ёт тушунча эмас шекилли. Худди шунинг учун қам «хонанишин» тил олимларига қараб:

  • Ҳай, диққинафас бўлиб ўтираверманг. Хонани шамоллатинг, ташқарига чиқинг, ахир. Халқингизга боринг, унинг аҳволидан, тирикчилигидан, тафаккуридан, маънавиётидан, ўзидан ва тилидан хабар олинг. Одамлар билан одамдай гаплашинг. Ёруғ жаҳонга ўз мўрингиздан туриб мўраламанг. Балки ташқаридан туриб ўз мўрингизга қараб кўринг. Қийшайиб қолган бўлмасин тағин. Қийшиқ мўридан эса, биласизки, қийшиқ тутун чиқади... – дегинг келади.

 

*

Йўқ, бизда тил масаласи чатоқ. Тилшунос олимларимиздан қалин-қалин китоблар қолаяпти, лекин тил қолмаяпти.

 

*

Одатда, тилшуносликка бағишланган асарларда рус тилининг грамматикасидан «келиб чиқилиб»... ўзбек тилига «кириб келинади». Бир тилнинг табиати, қонун-қоидалари мажмуасини бошқа бир тилнинг сарфу-наҳви андазалари асосида ишлаб чиқишга уриниш яхши натижа бермайди. Чунки тилларнинг қурилиши, уларда сўзларнинг маъно сиғими, товланишлари, мажозийлиги, қўйингки, тилларнинг ёши ҳам, луғавий қатламлари ҳам ҳар хил.

*

Ҳар кун, ҳар соат ҳар бир кишининг бошига сон-саноқсиз ахборот ёғилиб туради: радио, телекўрсатув, рўзнома (газета), журнал, китоб... Ишхонада, маҳаллада, клубларда турфа йиғин, мажлис ва суҳбатлар... Қулоқлар батанг. Биз қабул қилаётган мана шу ахборот тилда қандай ифодаланмоқда?

Матбуотимиз тили бузилиб кетяпти. Матбуот деганда эса жумҳуриятда мунтазам чиқиб турган юзлаб рўзномалар, ўнлаб номдаги журналлар кўзда тутилади!

 

*

Мабодо, бирон сабабга кўра, бизнинг айрим тилшунос, адабиётшунос ва таржимашунос олимларимизни... жазолаш лозим бўлиб қолса, уларни ўзлари ёзган китобларини кўпчилик ўртасида овоз чиқазиб ўқишга мажбур қилиш керак.

Бундан оғир жазо бўлмаса керак жаҳонда! «Ўқувчи» – зерикиб ўлади, тингловчини эса қўрғошиндай оғир мудроқ босади...

 

*

Эҳтимол, геометрия, ҳикмат (физика), кимё дарсликлари учун тил фақат – шаклдир. Бироқ тил бадиий адабиёт, шунингдек, бадиий таржима учун ҳам шунчаки шакл, либос, ташқи кўрк-ҳашам эмас.

Буни бежиз сўз санъати дейилмайди. Тил бадиий адабиётнинг жони. Тили, услубий-ифодавий тарзи ғариб, қоришиқ, бетаъсир асарни асло яхши деб бўлмайди.

 

*

Нутқ маданиятини қарор топтириш, парвариш қилишда ҳамма восита ва имкониятлардан билиб фойдаланиш керак. Радио, телекўрсатув, оммавий сайллар, спорт эшиттиришлари, маъруза ҳамда суҳбатларда нутқ тоза, бўлиқ, донадор, тагдор, маънодор ва шавқли бўлгани яхши.

 

*

Дарвоқе, ҳар қандай касб-корнинг ҳам ўз маънавий-руҳий иқлими, дард-ҳасрати ва ишкали бўлади. Масалан, адиблар, олимлар, муаллимлар ва турли касб эгаларининг ўз «шевалари» бор. Бинобарин, ҳар бир касб-кор эгаси: бу хоҳ муҳандис бўлсин, хоҳ шифокор, хоҳ ишчи ёки колхозчи бўлсин – ўз «тилида» гапириши керак.

 

*

Ойнаи жаҳон саҳнига чиққан ҳар бир кишининг ўз мавзуи, ўз «дарди» бор. Бироқ уларнинг барчасини бирлаштирадиган битта муштарак муаммо: бу тил масаласи. Барчани, шубҳасиз, адабий тилда сўзлашга даъват этиш лозим. Шу билан бирга, ҳар ким ўз алфозини ҳам сақласин.

 

*

Меъёридан ошириб солинган ўғит ернинг жонини олганидай, ўнгу сўлига қарамай, бошқа тиллардан сўз, ибора, бирикма ва «тайёр» қолипларни олавериш ҳам, бора-бора, баайни шундай бир тарзда тилимизни ишдан чиқазиб қўйиши тайин.

 

*

Мен тилимизнинг софлигини сақлаш учун уни «хитой девори» билан чегаралашга чақирмоқчи эмасман. Бу мутлақо ноимконий иш. Дунёда бундай «соф тил»нинг ўзи йўқ. Тил жамиятнинг ўзи, инсон тафаккури сингари, бойишга мойил.

 

*

Бошқа тиллардан (ва ўз-ўзидан ҳам!) сўз олиш азалий ва абадий тақдир. Аммо бу қанчалик табиий жараён бўлмасин, қайси тилдан қачон, нимани олишни (ёки олмасликни!) билиш, буни ўз ҳолига ташлаб қўймаслик керак.

 

*

Бир тилнинг бошқа тилга таъсирини биз, нима учундир, муқаррар равишда «бойиш» деб қабул қиламиз. Ҳолбуки, бу чинакам бойиш билан бирга, тилимизни булғаш бўлиши ҳам мумкин. Бу жараён, ҳам ижобий, ҳам салбий маънода, зоҳирий ва ботиний ҳолда кечади.

 

*

Тилнинг бойиши ҳам, бузилиши ҳам икки хил йўсинда кечади. Бири – хорижий сўзларни ўринли ва ноўрин қўллаш. Иккинчиси – хорижий тилнинг таъсири остида, таъбир жоиз бўлса, янгича фикр қолиплари, янги нутқий таркибларнинг ҳосил бўлиши.

Иккинчи йўсин, ижобий маънода – қанчалик муқаррар ва жоиз бўлса, шунчалик самарадор; салбий маънода эса – қанчалик пинҳоний бўлса, шунчалик емирувчан ва хавфли. Чунки бу нарса меъёрни бузади, тилни кемиради...

 

*

Тилнинг ғариблиги – тафаккурнинг қашшоқлигидан.

 

*

Ахлоқсиз ва баттол одамларга бериладиган ҳар хил танбеҳ, ҳайфсан, жазо чоралари сирасига уларни бир хилда фикрлаш, сидирға, китобий сўзлашга мажбур қилишни ҳам киритиш керак, деб ўйлайман. Бу энг оғир жазолардан бири бўлар эди!

  

*

Чамаси, тилни бузганлиги учун жарима тайин этиш керак. Ана ўшанда ҳозир турнақатор бўлиб босилиб чиқаётган юзлаб китоблар, рисолалар таққа тўхтайди. Одамларнинг қулоғи тинади. Қоғоз тежалади...

 

*

Алам қиладиган жойи шундаки, менинг «қавмларим» – таржимонлар ҳам тилни булғашда тобора жазавалари тутиб, хуруж қилмоқдалар. Таржимани – санъат деймиз. Ундай бўлса, нима учун «таржима тили» деганда ҳамманинг пешонаси тиришади?..

 

*

Одамларни ҳеч қачон росмана китобий тилда гапиришга ундаш керак эмас. Бусиз ҳам ҳаммаёқда – «сидирғавозлик». Ҳар ким ўз тилида «чуғурлашсин».

Бир хил қироат, жонни ўртагувчи бир хил «тоат-ибодат» жонга тегди... Жуда! Мажлисда, дарсда, уйда, ҳатто тўй-ҳашам, маъракада – чучмал гаплар, ёлғон-яшиқ уйдирмалар... Қачонгача!

 

*

Мен сўзшунос профессордан кўра дидли муҳаррирни афзал кўраман. Чунки профессор – кўп, яхши муҳаррир эса – ... Ҳозир Ўзбекистонда зўр муҳаррир ким? Қани, номма-ном айтинг-чи?..

 

*

Бегона тилнинг грамматикаси авахтасига тушган фикр ўзининг ҳар қандай маъносидан маҳрум бўлибгина қолмайди, балки ўқувчини калом туйғусидан бездиради, сўзнинг таъсирчанлик, сафарбарлик кучини қирқади... Сўз ўзининг сўзлигидан маҳрум бўлиб, ҳис-туйғусиз шартли тамғага айланади.

 

*

Кўп тилшунос олимларимизнинг бисоти – тили саноқли атамалар мажмуасидан иборат. Шу бисотдан ташқарида улар – йўқ.

 

*

Тилимиз ҳам, ўз таркибига кўра, «Пахтакор» командасига ўхшаб қолган.

 

*

Ўз тилида хиргойи қилиш нималигини билмайдиган, ўз тилида ўз дилбандига алла айтолмайдиган, ўз тилида дуойи хайр, дуойи бад айтолмайдиган, муножот, нидо қилолмайдиган ва ҳатто ўз тилида... туш кўролмайдиган бир талай одамлар пайдо бўлди!

 

*

Ўзбек тили ҳақида ёзувчи киши ёзувчи бўлиши керак. Бу билан тил ҳақида... роман ёзилсин, демоқчи эмасман. Демоқчиманки, ўзбек тили ҳақида ўзбек тилида ёзиш зарур. Токи бизнинг ёзганларимизни «таржима» қилишга тўғри келмасин.

 

*

Уст-бош, ҳовли-ҳарам, мол-мулкни, борингки, агар тақдир тақозо этган бўлса, начора, хотинни ёки эрни ҳам «алмаштирса» бўлади. Тил бундан мустасно. Она тилини алмаштирган одам бир йўла ҳамма нарсадан: ўз борлиғидан, ватан ва ватандошларидан маҳрум бўлади. Чунки тил фикрнинг ташқи либоси эмас, балки моҳиятидир.

 

*

Тил сиёсати соҳасида ҳаммавақт ҳар хил майлларга берилишлар ҳукм суриб келади. Бизда «тиллар дарёси» ҳеч қачон сокин оққан эмас. Сув, қачон қараманг, гоҳ у соҳилга, гоҳ бу соҳилга урилиб, чайқалиб, лойқаланиб туради.

 

*

Тил тараққиёти масалалари билан шуғулланган ҳар бир киши шуни пайқамай қолмайдики, хоҳ алифбо, хоҳ луғат, хоҳ атамачилик жабҳаларини олиб қарамайлик, биз ҳар бир даврда ё эллик йил ортга қайтамиз, ё эллик йил олдинга қараб йўртамиз. Масалан, биргина алифбо масаласида бир неча минг йиллик ёзувларга эга бўлган ўзбек тили совет ҳокимияти даврида, атиги ўн олти йил орасида, уч хил (араб-лотин-рус) алифбо либосларини алмаштирди!..

 

*

Ўзбекларда «дин кетса кетсин, имон кетмасин», деган гап бор. Азал-азалдан маълум: тил кетса – дил кетади, дил кетса – имон кетади, имон кетса – миллат кетади, миллат кетса – ҳамма нарса кетади... Зотан, миллатсиз халқнинг ўзи йўқ. Шунингдек, тилсиз миллат, миллатсиз тил бўлмайди.

 

*

Муайян атамаларнинг турли манбаларда ҳар хил қўлланилишини тушунса бўлар. Бироқ айни бир манбада истилоҳлар қўллашда бирлик йўқлигини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

 

*

Турғунлик даври деб аталмиш йилларда ўзбек тили асосан бадиий адабиёт ва матбуот тили бўлиб, ижтимоий ҳаёт, олий мактаб, фан ва техника соҳаларида унинг фаолияти торая бошлади. Ҳолбуки, айни худди шу жабҳаларда кенг қўлланилишга у жуда муҳтож эди.

Чунки тилга ишлов бермай, унинг қўлланилишини чеклаб туриб, ўша тилда катта замонавий маданият, фан ва техника асарлари яратиб бўлмайди.

 

*

Ҳар бир инсон, пешонаси етти қарич Суқрот бўлиб кетганида ҳам, ўз она халқи, она ватани ва она тили олдида бурчдор. Тоабад. Чунки она тилимиз бизнинг онг-шууримизга, қалбимизга, вужудимизга қон билан, сут билан йўғрилган. Ҳаёт эканмиз, уни кўмиб бўлмайди.

 

Ғайбуллоҳ ас-САЛОМ,

филология фанлари доктори, профессор.

 

 

Изоҳ: Ушбу ҳикматлар, нақллар ва қайроқи сўзлар атоқли таржимашунос олим ва ҳассос публицист, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби Ғайбулла Саломовнинг узоқ йиллар давомида қайта нашр этилмаган ўндан ортиқ китоби саҳифаларидан саралаб олинган. Устоз она тилимизга Давлат тили мақоми берилиши билан боғлиқ тарихий жараёнларда ўз илмий-маърифий салоҳияти ва фаол фуқаролик қарашлари билан  бевосита иштирок этган.

Шу кунларда Ғайбулла Саломов таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан илмий конференция ва семинарлар ўтказиш, таниқли таржимашунос олимнинг танланган асарлари тўпламини чоп этиш каби муҳим тадбирларга ҳозирлик кўрилмоқда. 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech