Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази хайрли бир ишга қўл урди. Академик Акмал Саидов раҳбарлигида “Жаҳон конституциялари” деб номланган тўплам тайёрланиб, нашр этилди.
ҲАР БИР МАМЛАКАТ ЎЗ ТАРИХИГА, АНЪАНАЛАРИГА, УРФ-ОДАТЛАРИГА, МЕНТАЛИТЕТИГА ЭГА ВА БУ ҲОЛАТ УЛАРНИНГ ЎЗ КОНСТИТУЦИЯЛАРИДА ҲАМ АКСИНИ ТОПГАН. БИРОҚ АЙНИ ПАЙТДА ДЕМОКРАТИК ҲУҚУҚИЙ ДАВЛАТ ТАМОЙИЛЛАРИ, ИНСОН ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИНГ ХАЛҚАРО СТАНДАРТЛАРИ МАВЖУД. ХОРИЖИЙ ДАВЛАТЛАР ИЛҒОР ТАЖРИБАСИДАН ТАНҚИДИЙ ТАҲЛИЛ АСОСИДА УНУМЛИ ФОЙДАЛАНИШ МАМЛАКАТИМИЗДАГИ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР САМАРАДОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛОВЧИ МУҲИМ ОМИЛ БЎЛИБ ХИЗМАТ ҚИЛИШИ МУМКИН.
Тўплам дунё мамлакатлари конституциявий тузуми тўғрисида қисқача илмий-оммабоп очерклар ҳамда конституцияларнинг расмий матнидан ташкил топган. Ҳар бир илмий очеркда мамлакатнинг номи, ҳудуди, аҳолиси, диний эътиқоди, давлат тузилиши ва сиёсий партиялар тўғрисида қисқача маълумотлар келтирилган. Айни пайтда мамлакатда амал қилаётган ҳуқуқий тизим моҳияти ва ўзига хос хусусиятлари, ҳуқуқ-тартибот асослари, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари тизими ҳамда асосий мазмуни очиб берилган.
Тўпламнинг муқаддима қисмида жаҳон конституциялари лабораториясидан лавҳалар рукнида ўрин олган илмий-таҳлилий материалларда замонавий конституциявий ислоҳотларнинг ўзига хос жиҳатлари, улар ривожланишининг устувор йўналишлари очиб берилган. Айни пайтда Янги Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар йўлида рўй бераётган жараёнлар ва уларнинг стратегик йўналишлари — “давлат — жамият — инсон” парадигмасини янги “инсон — жамият — давлат” парадигмасига ўзгартириш натижасида вужудга келадиган ижобий ўзгаришлар ва оқибатлар баён этилади. Шунингдек, конституцияларнинг вужудга келиш тарихи, уларнинг типлари ва ўзига хос хусусиятлари очиб берилади. Конституциянинг функциялари, устунлиги, барқарорлиги, конституциявий назорат, конституция бевосита амал қилувчи ҳуқуқ тизими, самарадорлиги каби қизиқарли материаллар лўнда ва образли ўхшатишлар, таърифлар асосида баён этилган.
Тўпламда турли мамлакатлар конституцияларининг расмий матни мужассамлашган. Ушбу мамлакатларнинг ҳеч бири давлат тузилиши, ижтимоий ҳолати, конституцияси мазмуни бўйича бир-бирига ўхшамайдиган алоҳида туркум хусусиятларга эга. Масалан, АҚШ, Буюк Британия, Саудия Арабистони, Япония, Словения ва бошқа мамлакатлар шулар жумласидан.
Халқимизда “Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил” деган нақл бор. Ушбу тўпламнинг айнан ҳозирги даврда кенг китобхонлар оммасига етказилиши ҳам ўзига хос рамзий маънога эка. Халқимиз айни дамларда мамлакатимиз Асосий қонунига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўтаринки руҳда муҳокама қилди.
Президентимизнинг Конституциямиз муаллифи халқимиз экани тўғрисидаги пурмаъно сўзлари ушбу жараён туб моҳиятини ифодалай-ди. Мамлакатимиз фуқаролари ўз ҳаётий эҳтиёжлари ва орзу-умидларидан келиб чиқиб, конституциявий нормаларни шакллантиришда фаол иштирок этди ва бунда баъзи ҳолларда дунёнинг бошқа мамлакатлари тажрибасида ўзини оқлаган, ижобий самара берган дунё конституционализми ютуқларини юртимизда қўллаш бўйича таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирди.
Албатта, ҳар бир мамлакат ўз тарихига, анъаналарига, урф-одатларига, менталитетига эга ва бу ҳолат уларнинг ўз конституцияларида ҳам аксини топган. Бироқ айни пайтда демократик ҳуқуқий давлат тамойилларида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг халқаро стандартлари мавжуд. Хорижий давлатлар илғор тажрибасидан танқидий таҳлил асосида унумли фойдаланиш мамлакатимиздаги конституциявий ислоҳотлар самарадорлигини таъминловчи муҳим омил бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Нашр креатив ижодий ёндашув асосида тайёрланган. Содда, тушунарли, равон тилда баён этилган. Дунё миқёсида эътироф этилган забардаст ҳуқуқшунос олим, ҳамюртимиз, академик А.Саидов қаламига мансуб материаллар тўпламнинг ҳам илмий, ҳам бадиий, ҳам оммабоп савиясини юксак даражага кўтарган. Ушбу тўпламнинг нафақат ҳуқуқшунос мутахассислар, балки кенг жамоатчилик томонидан ҳам қизғин кутиб олиниши ва қизиқиб мутолаа қилинишини ишонч билан айтиш мумкин. Қувонарлиси, у халқимизнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини, ҳуқуқий саводхонлик даражасини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Тўплам билан танишганингизда, “мўйсафид” конституциялардан бири — АҚШ Конституциясида тарихий ўтмиш муҳри мужассамлигидан таажжубланасиз. Буюк Британия ягона Конституцияга эмас, конституциявий ҳужжатлар тизимига эга эканидан ҳайратланасиз. Мусулмон мамлакатлари конституцияларида диний эътиқод масалалари қай даражада ифодаланганини билиб оласиз. Мазкур тўплам мана шу каби бир-биридан қизиқарли маълумотлари билан китоб жавонингиздан муносиб ўрин эгаллайди.
Омонбой ОҚЮЛОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист,
юридик фанлар доктори, профессор
- Қўшилди: 21.10.2022
- Кўришлар: 6326
- Чоп этиш