31 октябрь – Бутунжаҳон шаҳарлар куни
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2013 йил 27 декабрда қабул қилган резолюциясига мувофиқ, 31 октябрь – Бутунжаҳон шаҳарлар куни деб эълон қилинган.
БМТ халқаро саналардан мавжуд муаммолар бўйича хабардорликни оширувчи, огоҳ этувчи кучли восита сифатида фойдаланиб келади. Зеро, ушбу саналар манфаатдор томонларга кун мавзуси билан боғлиқ тадбирларни ташкил этиш ва муаммоларга кўпроқ инсонларнинг эътиборини жалб қилиш имкониятини беради.
Халқаро саналар БМТ Бош Ассамблеяси қарори асосида нишонланади. БМТга аъзо давлатлар мазкур кунларни эълон қилиш бўйича ташаббус билан чиқишлари мумкин, нишонлаш тўғрисидаги қарор эса консенсус орқали қабул қилинади. Халқаро кунларнинг мавзулари БМТнинг халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, барқарор ривожланиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш ва гуманитар ёрдам кўрсатиш каби соҳалардаги фаолияти билан боғлиқ бўлади.
БМТ-Ҳабитат – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг келажак шаҳрини такомиллаштиришга йўналтирилган дастуридир. Унинг вазифаси аҳоли пунктларини ижтимоий ва экологик жиҳатдан барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш ва барчанинг муносиб уй-жой билан таъминланишига эришишдан иборат. Мазкур дастур – тарғибот-ташвиқот ишларини ўтказиш, ҳукуматлар ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали аҳоли пунктларининг барқарор ривожланишига ёрдам беради.
БМТ маълумотига кўра, 2050 йилга келиб дунё аҳолисининг шаҳарда яшовчи қисми икки бараварга ортиши кутилмоқда. Бунинг оқибатида эса уй-жой, инфратузилма, хизмат кўрсатиш, соғлиқни сақлаш, таълим, муносиб меҳнат фаолияти олиб бориш, ресурслар танқислиги билан боғлиқ қатор муаммолар юзага келиши мумкин. Шу боис 2016 йил 23 декабрда БМТ томонидан “Шаҳарларни ривожлантиришнинг янги дастури” қабул қилинган.
Техника тараққиёти ва инновациялар инсонларнинг ҳаёт даражаси юксалишига, давлатлар равнақ топишига олиб келиши билан бирга, қатор муаммоларни ҳам келтириб чиқарди. Завод-фабрикалар қурилиши, автомобиль ва транспорт воситаларининг кўпайиши кўплаб экологик муаммолар юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Мамлакатимизда ўтказилаётган ислоҳотлар доирасида янги бинолар қуриш, эскиларини таъмирлаш жараёнларида ҳам табиатни муҳофаза қилиш диққат марказида бўлиб келмоқда. Юртимизда аҳолига муносиб турмуш тарзи яратиш, яшаш шароитларини яхшилаш учун янги кўпқаватли турар жойлар қуриш жараёнларида дарахтларни ноқонуний кесиш ва экологияга зарар етказувчи бошқа омиллар билан курашишга катта аҳамият берилмоқда.
2019 йил 10 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган. Фармон давлат томонидан урбанизацияни мақсадли тартибга солиш ва шаҳарларни комплекс ривожлантириш бўйича асосий йўналишлар ва комплекс чора-тадбирларни кўзда тутади.
Урбанизацияни тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш мақсадида Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Урбанизация агентлиги ташкил қилинди. Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача урбанизацияни ривожлантириш Концепциясини ишлаб чиқиш ҳам режалаштирилган.
Шунингдек, 2019 йил 24 январда Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Экологик партияси давлат рўйхатидан ўтказилган. Партиянинг асосий мақсади барқарор ривожланишга, экологик хавфсизликка эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун табиий ресурсларни сақлаш ва қулай атроф муҳитни яратишга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқариш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни сақлаш давлат, жамият ва мамлакат ҳар бир фуқаросининг вазифаси бўлишига эришишга кўмаклашишга қаратилган.
2021 йил 30 декабрда эса Ўзбекистон Президентининг “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармонда мамлакат миқёсида дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилиши ҳамда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилиши белгилаб қўйилди.
Жорий йил 2 февраль куни Президентимиз раислигида “Экологик ҳолатни яхшилаш ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтгани ҳам бу борада олиб борилаётган ислоҳотларга қаратилаётган эътиборнинг юксаклигини билдиради.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Бугун дунё миқёсида техника ва технология, саноат юқори даражада ривожланган XXI асрда экология билан боғлиқ муаммолар биринчи даражали муаммо сифатида кун тартибига чиқаётгани бежиз эмас. Биз бу масалада фақат бугунни эмас, яқин ва узоқ келажакни ўйлаб иш тутмасак, кўзлаган мақсадимизга эриша олмаймиз”.
Эътироф этиш жоизки, юртимиз бўйлаб мунтазам равишда табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини долзарблаштиришга бағишланган экологик акциялар, кўргазмалар, семинарлар ва анжуманлар ўтказилиб келинади. Мамлакатимизда экологик таълим тизимини самарали йўлга қўйиш орқали аҳолининг экологик маданиятини ошириш мумкин.
Экологик маданиятли аҳолини шакллантириш юртимизнинг янада ободонлашишига, атроф-муҳитнинг гўзаллашишига хизмат қилади. Айниқса, ёшларни табиатни севиш ва қадрлашга, табиат бойликларидан оқилона фойдаланишга ўргатиш давлатимиз равнақида муҳим аҳамиятга эга.
Гўзал ФАХРИДДИНОВА,
«Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари»
журнали таҳририяти бош мутахассиси
- Қўшилди: 31.10.2022
- Кўришлар: 5315
- Чоп этиш