ИНСОН МАНФААТЛАРИ — ИҚТИСОДИЙ ИСЛОХОТЛАРНИНГ БОШ МАЗМУНИ
Самарқанд шахрида II Ўзбекистон халқаро иқтисодий форуми ўз ишини бошлади. “Инсон манфаатларини иқтисодий ислоҳотларнинг бош мазмунига айлантириш” мавзуига багишланган ушбу анжуманда халқаро ташкилотлар раҳбарлари, нуфузли иқтисодчилар, инвесторлар ва халқаро экспертлар иштирок этмоқда.
“Буюк Ипак йўли” халқаро туристик мажмуасининг Конгресс марказида бўлиб ўтаётган форум Ўзбекистоннинг келгуси беш йиллик тараққиёт стратегияси, иқтисодий имкониятлари, дунё ҳамжамияти билан ҳамкорлиги ва ривожланиш тенденцияларини муҳокама қилиш майдонига айланиши кутилмоқда.
Форум аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Шерзод Асадов Президент Шавкат Мирзиёевнинг иштирокчиларга йўллаган мурожаатини ўқиб берди.
Мурожаатда келтирилганидек, дунёда давом этаётган мураккаб пандемия ва глобал иқтисодий инқироз оқибатлари, турли нотинчликлар ҳамда зиддиятлар фонида юзага келаётган озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш, иқлим ўзгариши муаммолари инсон тақдири ҳақида жиддий бош қотиришни кун тартибидаги долзарб масалага айлантирди.
“Бугунги форум нуфузли халқаро ташкилотлар, етакчи хорижий компаниялар ва таниқли экспертлар иштирокида бу борадаги илғор тажрибаларни муҳокама қилиш ҳамда биргаликда умумий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш учун қулай имконият бўлиб хизмат қилади”, дея ишонч билдирган давлатимиз раҳбари.
Биринчи Ўзбекистон иқтисодий форумидан бери ўтган йил давомида геосиёсий кескинликлар, таъминот занжирларининг бузилиши, иқлим ўзгариши оқибатида келиб чиққан табиий офатлар, юқори инфляция ва бошқа муаммолар жаҳоннинг энг ривожланган давлатлари учун ҳам кўплаб қийинчиликларни келтириб чиқарди.
Мамлакатимиз ушбу ва бошқа пайдо бўлаётган мураккаб иқтисодий-ижтимоий масалаларни изчиллик билан ҳал қилмоқда. Асосий кучи хусусий сектор бўлган очиқ ва барқарор иқтисодиёт томон туб ўзгариш жараёни изчиллик касб этаётир. Синовлар давлатимиз раҳбари бошчилигида ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси асосида олдинга силжиш ва ислоҳотларни давом эттириш зарурлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Биринчи ялпи йиғилиш мамлакатимиз эришган ижтимоий-иқтисодий тараққиёт ва яқин келажакда республикани олдинга олиб чиқадиган улкан режаларга бағишланди. Унда халқаро шериклар ва бизнес вакиллари билан ҳамкорликнинг ҳаётий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокамаларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Кўчқоров, Бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев, Жаҳон банки вицепрезиденти Анна Берде, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ҳамда “ТВС Огоир” раҳбарлари иштирок этди.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири даставвал 800 дан ортиқ меҳмонлар қатнашган биринчи Ўзбекистон иқтисодий форумининг натижалари билан ўртоқлашди.
Анна БЬЕРДЕ,
Жаҳон банки вицепрезиденти:
— Бир ой олдин мен Ўзбекистонда бўлиб, Президент ва ҳукумат вакиллари билан учрашиб, келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилган эдик. Биз Ўзбекистоннинг Жаҳон банки билан муносабатларнинг 30 йиллигини нишонладик. Ўзаро ҳамкорлик мамлакатингиздаги ислоҳотлар самарадорлигида муҳим роль ўйнади. Айниқса, 2017 йилдан бошлаб республикадаги беқиёс ўзгаришларнинг янги босқичи минтақага янги руҳ олиб кирди.
Биз бугун сайёрамизда турли нотинчликлар ва зиддиятлар фонида юзага келаётган мураккаб бир вазиятда учрашиб турибмиз. Бир неча ҳафта олдин банк минтака учун янгиланган прогнозни эълон қилди, бу 2022 йил апрель ойидаги оддинги прогнозга қараганда ижобийроқ бўлди. Глобал иқтисодий инқироз оқибатларига қарамай, минтақа мамлакатлари товар ва хизматлар экспортини оширди. Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, Марказий Осиё, айниқса, Ўзбекистонга капитал оқими кўпайди.
Константин ЛИМИТОВСКИЙ,
Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки вицепрезиденти:
— Ўзбекистоннинг ташаббуслари туфайли Марказий Осиё минтақа ташқарисидаги йирик давлатлар ва нуфузли халқаро тузилмалар учун муҳим аҳамият касб этмоқда. Халқаро ҳамжамият, инвестор ва экспертлар янги Ўзбекистонда ислоҳотлар, демократик янгиланиш ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси ортга қайтмас тус олганини кўриб турибди. Қонун устуворлиги, фуқаролик жамияти институтларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инсон қуқуқлари ва гендер тенгликни, сўз ва эътиқод эркинлигини таъминлаш борасида Ўзбекистонда катта ўзгаришлар кузатилмоқда.
Кейинги пайтларда Ўзбекистоннинг ислоҳотлар ўтказиш баробарида минтақалар ўртасидаги боғлиқликни кучайтиришга қаратилган турли анжуманларга мезбонлик қилаётгани, илғор ташаббусларни илгари сураётгани Марказий Осиёнинг молиявий ва иқтисодий имкониятларини оширади. Айниқса, мамлакатнинг муқобил энергетика, хусусан, қуёш, шамол ва гидроэнергетика каби соҳаларга инвестицияларни жалб этаётгани эътиборга молик.
Йоханнес ЛИНН,
АҚШнинг Брукинг институти баркарор тараккиёт маркази катта илмий ходими:
— Мен 1996 — 2003 йилларда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вицепрезиденти лавозимида ишлаганман ва яна Самарқандга келганимдан хурсандман. Назаримда ўша пайтда мулоқот қуриш анча қийинроқ эди. Бугун эса Ўзбекистонни эришган ютуқлари билан табриклайман, бундай тараққиётни кўриш қувонарли, албатта.
Сўнгги ўн йилликларда Евроосиё мамлакатлари ўртасидаги интеграция, жумладан, савдо ва транс порт алоқалари сезиларли даражада ошди. Бироқ имкониятлардан янада самаралироқ фойдаланиш мумкин. Бунинг учун изланишлар бор. Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг турли халқаро ва минтақавий анжуманлар доирасида янги ҳамкорлар ва транзит йўлакларини излаши, шунингдек, ички бозорни ривожлантириш ва давлатларнинг ўзлари ўртасидаги чегаралар шаффофлигини оширишга эътибор қаратиши таҳсинга молик. Хитой, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Эрон каби давлатлар билан савдо, инвестиция, юқори технологиялар соҳасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш билан бир қаторда, Афғонистонни турли интеграция лойиҳаларига жалб этишга қаратилган Ўзбекистон раҳбарияти саъй-ҳаракатлари қўллаб- қувватлашга лойиқ.
Коба ГВЕНЕТАДЗЕ,
Грузия Миллий банки бошқарувчиси:
— 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мамлакат ривожида муҳим ўрин тутмоқда. Айтмоқчиманки, бу чоралар туфайли Ўзбекистон мамлакатда иқтисодий ва сиёсий барқарорликни таъминлаш, бизнесни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган давлат бошқаруви тизимини яратиш, давлатнинг иқтисодиётдаги роли ва улушини кескин қисқартириш, тадбиркорлик фаолиятини янада рағбатлантириш, инвесторлар ҳуқуқларининг ҳимоясини таъминлаш, инфратузилмани жадал ривожлантириш ва модернизация қилишга муваффақ бўлди. Ислоҳотлар изчиллик билан давом этадиган бўлса, Ўзбекистон 2030 йилга бориб, аҳолиси ўртадан юқори даромад оладиган давлатлар қаторидан жой олишга қаратилган мақсадига албатта эришишига ишонаман. Кейинги пайтларда шунга гувоҳ бўляпмизки, инвесторлар учун энг қулай ва жозибадор шароитлар яратилган, хорижий ҳамкор ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли шерикликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасидаги ишлар қатъий давом эттирилмоқда. Бу жабҳаларда Ўзбекистондан ўрганишга арзийдиган тажрибалар кўп.
— Биринчи форум аввалги беш йил давомида амалга оширилган ислоҳотлар сарҳисоби ва истиқболдаги режаларга бағишланган эди, — дейди Ж. Кўчқоров. — Шунингдек, мазкур форум доирасида хусусийлаштириш, давлат-хусусий шериклиги, кредит линиялари ва бошқа ҳамкорлик йўналишлари бўйича элликдан зиёд шартномалар имзоланган эди. Шу билан бирга, ўтган йилги форумдаги музокаралар ва учрашувлар 2022 — 2026 йиллар учун Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига янгича ёндашув, фикр ва дадил мақсадларни таклиф этишга ишонч бағишлаган эди. Ушбу таклифлар ва мақсадлар ҳурматли Президентимиз томонидан маъқулланиб, Тараққиёт стратегиясида ўз аксини топди. Бу йилги форум эса ўтган йилги тадбирнинг мантиқий давомидир. Икки кун давомида Тараққиёт стратегиясидан ўрин олган ислоҳотларни реал ҳаётда амалга ошириш ҳамда белгиланган мақсадларга эришиш бўйича фикр алмашамиз.
Қайд этилганидек, “Инсон манфаатларини иқтисодий ислоҳотларнинг бош мазмунига айлантириш” мавзуидаги форум мақсад-моҳияти Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йилни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб эълон қилингани ва Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси билан чамбарчас боғлиқ.
Тараққиёт стратегиясининг марказида, биринчи навбатда, инсон қадри ва манфаати туради. Унда 2026 йилгача мамлакатимизда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ миқдорини амалдаги 2000 доллардан 2800 долларга олиб чиқиш ҳамда иқтисодий ўсишнинг инклюзивлигини таъминлаш орқали камбағаллик даражасини икки бараварга қисқартириш асосий мақсад сифатида акс эттирилган. Бу орқали 2030 йилга бориб жон бошига тўғри келадиган ЯИМ миқдорини 4000 доллардан ошириш ва ўрта даромадли мамлакатларнинг юқори гуруҳига кириш учун қатъий мақсадга эришиш йўлида навбатдаги босқични муваффақиятли босиб ўтган бўламиз.
Иқтисодиётнинг юқори суръатларда ўсишини таъминлаш эса соҳани янада эркинлаштириш ва унда хусусий сектор улушини оширишни тақозо этади. Шунинг учун ҳам бу галги форумда уч юзта хусусий сектордан ўзбек бизнес вакилларининг иштирок этаётгани қувонарлидир.
Маълумки, давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бозор ислоҳотларининг ёрдамга муҳтож қатламларга салбий таъсирини камайтириш ва манзилли ижтимоий ҳимоя чораларини кўришдан иборат. Шу боис ушбу форумга ижтимоий соҳадаги энг фаол нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳам таклиф қилинган. Улар, аввало, муҳтож инсонларга тўғридан-тўғри кўмак кўрсатиш билан бирга ҳукуматга ижтимоий ҳимоя чораларини тўғри белгилашда ёрдам бериб келмоқда.
Кўриниб турибдики, II Ўзбекистон халқаро иқтисодий форуми ҳамкор иштирокчилар, бизнес ва фуқаролик жамияти вакиллари сафининг кенглиги билан ўтган йилгидан фарқ қилади. Шу билан бирга, ҳамкорларга форум доирасида ўз тадбирларини ташкил этишлари учун платформа тақдим қилинган.
II Ўзбекистон халқаро иқтисодий форуми бугун ҳам ўз ишини давом эттиради.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
(«Халқ сўзи»).
- Қўшилди: 04.11.2022
- Кўришлар: 5251
- Чоп этиш