ЖАҲОН КОНСТИТУЦИЯЛАРИ ЭНДИ ЎЗБЕК ТИЛИДА

Сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳаёти Янги Ўзбекистонни бунёд этиш ва моҳиятан бир-бирини тақозо этувчи демократик, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий-ҳуқуқий ислоҳотлар сари қўйилган муҳим қадам, ижобий ўзгаришларга бой бўлди.

Ана шундай қадамлардан бири аҳоли кенг қатлами ва сайловчилар хоҳиш-иродаси бўлмиш конституциявий ислоҳотларни амалга оширишдан иборат эди. Зеро, ҳар қандай демокртик ислоҳотлар мустаҳкам конституциявий-ҳуқуқий асосга эга бўлсагина бардавом ва самарали бўлади.

Конституциявий ислоҳот барқарор ривожланишнинг зарур юридик замини, дейиш мумкин. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, ҳар бир фуқаронинг онги ва шууридан жой олган, унинг ҳуқуқ ва эркинлигини тўлиқ кафолатлаган Конституциямиз чинакам қомусга айланиши керак.

– Миллий ва жаҳон конституциявий тажрибасини ўрганиб, пухта ўйлаган ҳолда бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган асосий қонунимизни такомиллаштириш масаласини кўриб чиқишимиз керак, – дея таъкидланиши давлатимиз раҳбарининг мазкур соҳага оид изчил ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини билдиради. Негаки, жаҳон амалиёти ислоҳотларни изчил амалга оширишда, айнан жамият ва давлатни модернизация қилишнинг конституциявий-ҳуқуқий асосини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эгалигини кўрсатяпти.

 Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Жаҳон конституциялари” номли илмий-таҳлилий тўплам ўзбек тилида нашр қилингани эса айни муддоа бўлди.

Мен мазкур китоб орқали жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда ривожланган мамлакатларнинг Конституцион ислоҳотлари, жумладан, қонуннинг матбуот ва сўз эркинлигига оид қисмини таҳлилий кўриб чиқдим.

Дарҳақиқат, жаҳон тажрибасини синчиклаб таҳлил қилар эканмиз, бугун дунёда ҳеч бир давлатнинг Конституцияси илк бор қабул қилинган таҳририда сақланиб қолмаганига гувоҳ бўламиз. Биргина XXI асрда дунёнинг 90 га яқин давлатида Конституциявий ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилди, 57 тасида янги қомус қабул қилинди. Бу борада ҳужжатга энг кўп ўзгартириш ва қўшимчалар киритган ўн мамлакат сирасига Мексика, Янги Зеландия, Бразилия, Швейцария, Австрия, Исроил, Чили, Колумбия, Грузия ва Ҳиндистон киради.

Яқинда нашр қилинган “Жаҳон конституциялари” илмий-таҳлилий тўплами мамлакатнинг бир гуруҳ ҳуқуқшунослари томонидан тайёрланди.

Тўплам “Жаҳон конституциялари лабораториясидан лавҳалар” деб номланган сўз боши билан бошланади. Китобхонлар эътиборига ҳавола этилаётган тўплам жаҳоннинг энг илғор 11 давлати – АҚШ, Буюк Британия, Саудия Арабистони, Германия, Италия, Польша, Чехия, Иордания, Словакия, Франция, Япониянинг конституциявий тузуми тўғрисидаги қисқача очерклар ва конституцияларнинг расмий матнидан ташкил топган. Ҳар бир очеркда мамлакат номи, ҳудуди, аҳолиси, диний эътиқоди, давлат тузилиши ва сиёсий партиялари ҳақида қисқача таҳлилий маълумотлар келтирилган.

Тўпламни тайёрлашда хорижий мамлакатлар Конституциялари ва қонунлари ҳақидаги ҳужжатлар пухта ўрганилган. Шунингдек, монографиялар, юридик журналларда эълон қилинган мақолалар, хорижий ҳуқуқшунос олимлар асарлари таржималари ва турли давлатларнинг Конституциявий тузуми тўғрисидаги ахборот ресурсларини ўз ичига олган маълумотнома тарзидаги нашрлардан фойдаланилган.

Мазкур тўпламни варақлар эканмиз, унинг сўз бошисида келтирилган аниқ даллилар орқали диёримизда Конституцион ислоҳотнинг бош ғоявий илҳомлантирувчиси, шубҳасиз, давлат етакчиси Шавкат Мирзиёев, асосий ташаббускори  эса – мамлакатимиз аҳолисининг кенг қатламлари эканини яна бир бор қалбан ҳис қиламиз.

“Жаҳон конституциялари” китобини яратишдан бош мақсад – Ўзбекистонда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар жараёнида жамоатчиликни дунё мамлакатлари Конституциялари билан таништиришдан иборат, – деб ёзилган тўпламнинг кириш сўзида. Зеро, Конституция муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат сифатида инсоният тамаддунининг ютуғи, умуминсоний қадрият ва демократик тараққиётнинг юридик асосидир.

Мустақил тадқиқотчи сифатида ушбу тўплам билан танишар эканман, “ҳар қандай замонавий демократик давлат Конституциясида камчиликлар мавжуд. Шу ўринда амалдаги Конституцияда бизга нима тўғри келмайди, қандай ўзгартириш таклиф этилмоқда, нимани сақлаб қолиш лозим, деган саволларга жавоб бериш зарур”, – деган фикр беихтиёр хаёлимдан ўтди. Негаки, турли мамлакатлардаги Конституциявий ўзгаришлар, асосан ташқи ва ички таҳдид ҳамда хатарларни инобатга олиб, уларга жавоб беришга қаратилгани билан ўзаро ўхшашлигини таъкидлаш жоиз.

Ҳозирда замонавий конституциялар бундан юз йил олдин долзарб бўлмаган – атроф-муҳит, гендер тенглиги, инсон, айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар, келажак авлод ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш каби ҳаётий масалаларни қамраб олган.

Шунингдек, ахборотлашган жамиятни шакллантириш, шахсий рақамли маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш, илмий-технологик ва инновацион ривожланиш каби элементларни жорий этиш масалалари ҳам алоҳида эътироф этилмоқда. Тўплам муаллифлари китобхон диққат-эътиборини айнан шу масалаларга қаратишга муваффақ бўлган.

Мухтасар айтганда, илк бор ўзбек тилида чуқур илмий изланиш ва таҳлил эвазига тўпланган, таржима қилиб, соҳада фаолият кўрсатаётган олимларнинг шарҳ ва таҳлиллари билан тўлдирилган илмий тўплам моҳиятан долзарб, деб ҳисоблайман.

Мазкур энциклопедик тўплам билан танишишда менинг эътиборимни кўпроқ тортган жиҳат, ҳозирги замоннинг энг долзарб масалаларидан бири – жамиятда рақамли ҳуқуқни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, ахборот жамиятини институтлаштириш, киберхавфсизликни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш йўналишларида қонунларнинг ишлаб чиқилиши, юридик нормаларнинг тартибланиши жаҳон тажрибасида қандай қўллангани бўлди.

Мазкур масалалар бўйича “Жаҳон конституциялари” тўпламига давлатларнинг сўз ва матбуот эркинлиги борасида конституциявий нормалардан баъзи мисоллар келтиришни жойиз деб биламан.

АҚШ Конституциясида сўз ва матбуот эркинлиги эътиқод эркинлиги билан тенг эътироф этилаётган бўлса, уларнинг эркинлигини тақиқловчи қонун қабул қилинмаслиги алоҳида белгилаб қўйилган.

– Конгресс динни мустаҳкамлайдиган ёки диний эътиқод эркинлигини таъқиқловчи ёхуд сўз, матбуот эркинлигини, халқнинг тинч тўпланиш ва шикоятларини қаноатлантириш учун илтимоснома билан ҳукуматга мурожаат этиш ҳуқуқини чекловчи биронта ҳам қонун қабул қилиши мумкин эмас, – дейилади АҚШ Конституциясида.

Германия Конституциясида эса сўз ва матбуот эркинлиги инсон ҳуқуқлари асосини ташкил этишини ҳисобга олиб, асосий ҳуқуқлар тўғрисидаги биринчи бўлимга киритилган. Бу бўлим Муқаддимадан кейиноқ келиши сўз ва фикр эркинлиги инсон ҳуқуқларининг ажралмас ва ўта муҳим бўлаги эканидан далолатдир.

Словакия Конституциясининг сиёсий ҳуқуқлар бўлимида ОАВ эркинлиги ҳамда унинг маълум шахсларнинг  манфаатларига хизмат қилишини олдини олиш ва ҳокимиятнинг тегишли ахборотларни давлат тилида бериши мажбурияти юкланган. Энг муҳими, ахборот олиш эркинлиги ва имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳуқуқий имкониятлар берилган бўлиб, бизнинг конституциямизга ҳам таклифлар тайёрлашда тажриба сифати кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ.

Оммавий ахборот воситалари эркинлиги борасида Польша Констициясида матбуот чиқариш учун лицензия бериш тақиқланади. Бунда  қонун томонидан радио ёки телевидение станциясини эксплуатация қилиш учун даставвал лицензия олиш мажбурияти жорий этилиши мумкинлиги Констициянинг 54-моддасида қайд этилган.

Бундан ташқари, Конституциянинг 51-моддасида “Ҳар ким нотўғри, тўла бўлмаган ёки қонунга зид йўл билан тўпланган ахборотни тўғрилаш, шунингдек, уни йўқотишни талаб қилиш ҳуқуқига эга”, деб белгиланган. Ушбу модданинг ижтимоий тармоқларда авж олиб бораётган тартибсизликларнинг олдини олишга қаратилганлиги айни вақтда Польша матбуотини кузатиш жараёнида ҳам кўзга ташланмоқда.

Япония Конституциясига кўра, матбуот билан боғлиқ жиноятлар ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиқилиши белгилаб қўйилганини кўриш мумкин. “Агар суд якдиллик билан ошкоралик давлат тартиби ёки ахлоқи учун хавф туғдириши тўғрисида қарор қабул қилса, ишларни судда кўриш ёпиқ эшиклар ортида ўтказилиши мумкин”, дея белгилаб қўйилган 82-моддада.

Иордания Конституциясида эълон қилинаётган медиа материаллар манбаларининг назорат қилиниши қонун билан белгилаб қўйилиши қайд этилган. Шунингдек, ҳарбий ҳолат ёки фавқулодда ҳолат эълон қилинган тақдирда, қонун жамоат хавфсизлиги ва миллий мудофаа мақсадлари билан боғлиқ масалаларда газета, журнал, китоб ва ахборот-коммуникация воситаларига чекланган цензурани жорий қилиши мумкин.

Саудия Арабистонининг Бош қомусида оммавий ахборот воситалари, нашриётлар ва бошқа ифода воситалари хушмуомала, адолатли фаолият юритиши ҳамда қонунларга риоя қилиши кераклиги, улар оммани тарбиялашда ва миллий бирликни мустаҳкамлашда ўз ҳиссасини қўшиши кераклиги келтирилган. Тартибсизликлар ва низога олиб келадиган ёки давлат хавфсизлиги, унинг ижтимоий обрўсига путур етказадиган ёхуд инсон қадр-қиммати ва ҳуқуқларини камситадиган ҳар қандай ҳаракатлар тақиқланади. Ушбу масалалар тегишли қонун билан тартибга солинади.

Ишонаманки, ўзбек тилида нашр этилган “Жаҳон конституциялари” номли илмий-таҳлилий тўплам мамлакатмизда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотларни жаҳон тажрибаси асосида амалга оширишда ўзига хос илмий манбаа бўлиб хизмат қилади.

 

Дилноза Каюмова мустақил тадқиқотчи

Барқарор ривожланиш маркази

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech