Адвокатуранинг ривожланиш истиқболлари: Ўзбекистон ва хорижий давлатлар тажрибаси

2022 йил 4 ноябрь куни Тошкентда “Адвокатуранинг ривожланиш истиқболлари: Ўзбекистон ва хорижий давлатлар тажрибаси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Ушбу анжуман Ўзбекистон Адвокатлар палатаси томонидан Адлия вазирлиги, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ҳамда Европа таълим дастури (HELP) билан ҳамкорликда ташкил этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов халқаро анжуман ишига ютуқлар тилар экан, Ўзбекистон ва хорижий давлатларнинг адвокатурани ривожлантириш борасидаги тажрибаси таҳлили ва ушбу соҳа истиқболлари муҳокамаси бугунги куннинг долзарб мавзуларидан бири эканини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев юритаётган сиёсат марказида, аввало, инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсади мужассам. Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, энг аввало, жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишнинг ишончли кафолатларини таъминлашга, шунингдек, инсон шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка қаратилган кенг кўламли ишлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Ҳаракатлар стратегияси доирасида бу борада амалга оширилган ислоҳотларнинг натижалари ҳақида сўз борганда, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 июлда қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида айни шу масала юзасидан белгилаб берилган ишларнинг аҳамиятини алоҳида эътироф этиш лозим.

Фармон ижроси доирасида, авваламбор, суд процессида тортишувлик принципини ҳамда тарафларнинг тенглигини таъминлаш мақсадида судланувчи, жабрланувчи ва уларнинг вакиллари томонидан кассация тартибида берилган шикоятнинг мақоми прокурорнинг протести билан тенглаштирилди. Шуни ҳам қайд этиш жоизки, жазони ўташ жойларидан шикоятлар келиши йўлидаги тўсиқлар олиб ташланди. Бу борада, айниқса, иккита муҳим натижага эришилди.

Биринчидан, илгари маҳкум ёки унинг адвокатининг кассация шикояти Олий суднинг судьяси томонидан якка тартибда ўрганилгандан кейин протест киритилган тақдирдагина судлов ҳайъатида кўрилган. Эндиликда судланган томонидан кассация тартибида берилган шикоятнинг мақоми прокурорнинг протести билан тенглаштирилди. Бу, ўз навбатида, суд процессида тортишувлик принципини ҳамда тарафларнинг тенглигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Иккинчидан, илгари берилаётган шикоятга нисбатан бир қанча талаблар мавжуд эди. Жумладан, барча суд қарорлари ва жавоб хатларини, маҳкумга жазони ижро этиш муассасаси томонидан берилган тавсияномалар, соғлиғи ҳақидаги маълумотнома каби ҳужжатлар тақдим этилмаса, бундай ҳолат шикоятни кўрмасдан қайтаришга асос бўлган. Ҳозирда қонунчилликка киритилган ўзгартиришларга асосан, шикоят қилувчи томонидан судга фақатгина шикоятнинг ўзи берилиши кифоядир.

Ўз навбатида, Тараққиёт стратегиясининг 19-мақсади – “Адвокатура институтининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг малакали ҳуқуқий хизматларга бўлган талабини тўлиқ қондириш”дан иборат.

Бу устувор мақсадга эришиш учун бир қатор муҳим вазифалар белгиланган. Яъни:

биринчидан, адвокатура институтини тўлақонли ўз-ўзини бошқариш тизимига ўтказиш ва тизимга ёш малакали кадрларни жалб қилиш;

иккинчидан, Адвокатлар палатаси бошқарув органларининг адвокатлар ҳамжамияти олдидаги ҳисобдорлигини кучайтириш;

учинчидан, адвокатлар малакасини ошириш тизимини замонавий ва институционал асосларини шакллантириш;

тўртинчидан, адвокатлик фаолиятини рақамлаштириш. Бошқача айтганда, адвокатлик фаолиятига замонавий ахборот технологияларини
жорий қилиш орқали ортиқча бюрократия ва қоғозбозликка чек қўйиш, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари
билан электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш;

бешинчидан, бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш;

олтинчидан, нотариат ва фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органларининг хизматларидан оворагарчиликсиз, шу жумладан масофадан туриб ва “ягона дарча” тамойили асосида фойдаланишни таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Бу борадаги ҳуқуқий ва ташкилий-амалий ишлар аллақачон бошланиб кетган.

Халқаро анжуман давомида адвокатура институтининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ролини кучайтириш, бу борада тажриба алмашиш, рақамлаштириш даврида адвокатлик фаолиятининг истиқболлари муҳокама марказида бўлди. Ўзбекистон Адвокатлар палатаси раиси А.Эрназаров адвокатура институтининг чинакам мустақиллигини таъминлаш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини қайд этди, дейилади ЎзА хабарида. Бу йўлда адвокатларга имтиёз ва имкониятлар берилмоқда. 

Адвокатларнинг эркин фаолият юритиши учун зарур имкониятлар яратилмоқда. Уларнинг онлайн лицензия олиш имконияти яратилаётгани оворагарчиликларга чек қўйиб, бор кучини фуқаролар ва юридик шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга сарфлашига йўл очади. Малака имтиҳонини топшириш, лицензия олиш, адвокатлик бюросини рўйхатдан ўтказиш, адвокатлик гувоҳномасини олиш бўйича композит хизмат кўрсатиш йўлга қўйилмоқда. 

Шунингдек, “Юридик ёрдам” ахборот тизими яратилмоқда. Тизим орқали адвокат сўровини электрон юбориш, электрон тартибда адвокат ордерини олиш, адвокатлар, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари ўртасида электрон маълумот алмашишни самарали йўлга қўйишга имкон беради. Тизим, ўз навбатида, адвокатнинг электрон шахсий кабинети орқали жисмоний ва юридик шахслар билан онлайн мулоқот қилиш, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда масофадан туриб юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида онлайн битимлар (шартномалар) тузиш ва онлайн юридик ёрдам кўрсатишига ҳам йўл очади. 

Конференцияда бепул юридик ёрдам кўрсатиш соҳасида юзага келаётган муаммоларга ечим излаш, адвокатларнинг малакасини ошириш ва тадбиркорлик субъектларига ҳамда инвестиция фаолиятида малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини таҳлил қилиш ҳамда амалиётнинг долзарб масалалари юзасидан ўзаро фикр ва тажриба алмашилди. 

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

hudud24.uz

ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech