Самарқанд Глобал форуми ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси

БМТ Бош Ассамблеясининг резолюциясига мувофиқ, 1948 йил 10 декабрда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган. Ўз навбатида, 1950 йили БМТ томонидан 10 декабрни – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни сифатида нишонлаш белгиланган.

Декларация инсонларнинг барчасига бирдек тегишли бўлган ҳуқуқларини ўз ичига олган бўлиб, шу кунгача дунёнинг 500 дан ортиқ тилига, жумладан, ўзбек ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинган. Мазкур халқаро ҳужжат ҳар бир инсоннинг шахсий дахлсизлиги, мулк, эътиқод ва сўз эркинлиги, фуқаролик, давлат бошқарувида қатнашиш, сайлаш ва сайланиш, оила, меҳнат ва дам олиш, таълим, тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, маданият ва санъат асарларидан баҳра олиш ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам 2022 йил 10 декабрь куни инсоният тарихида илк бор инсоннинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурлигини эълон қилган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини нишонлаш кампанияси бошланади. Шу сана арафасида бўлиб ўтадиган Самарқанд Глобал форуми жаҳон миқёсидаги ушбу муҳим тадбирга старт беради.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси эълон қилинганидан сўнг халқаро ҳамжамият инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тан олди. Ўтган даврда жаҳон ҳамжамияти ушбу ҳуқуқ ва эркинликларга инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ нормалари ва механизмлари орқали дунё миқёсида риоя этилишига кўмаклашмоқда.

Мазкур ҳуқуқлардан бири – таълим олиш ҳуқуқи – барча инсон ҳуқуқларидан фойдаланишга йўл очадиган бошланғич нуқтадир. Таълим олиш ҳуқуқи – инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ҳамда ушбу ҳуқуқларни ўрганиш, шунингдек жамиятимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш усуллари, воситаларини ҳам ўз ичига олади. Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим – инсон ҳаёти мобайнида давом этадиган ва турли ёшдаги шахсларга бирдек тегишли бўлган маърифий-ҳуқуқий жараёндир.

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида халқаро шартномалар, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги бир қанча халқаро шартномани ратификация қилди. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси – Ўзбекистон парламенти истиқлолнинг илк йилларида тасдиқлаган муҳим халқаро-ҳуқуқий ҳужжатдир.

Натижада мустақил Ўзбекистон давлати муайян халқаро мажбуриятларга риоя этиш ва уларни бажариш мажбуриятини зиммасига олди. Бошқача айтганда, навқирон давлатимиз ва жамиятимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми талаблари ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига қатъий амал қилиб яшашга чоғланди.

Давлатимиз БМТ Устави, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро шартномалардаги мақсад ва принципларга содиқ бўлиб, ўз зиммасига олган мажбуриятларни оғишмай бажариб келмоқда.  Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш масаласи энг устувор йўналишга айланди.

Бугунги кунда мамлакатимизда конституциявий ислоҳот изчил давом этмоқда ва ушбу муҳим сиёсий-ҳуқуқий жараён – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги объектив заруратдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти  Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” фундаментал муаллифлик монографиясида бу борадаги иккита муҳим масалага алоҳида эътибор қаратилган.

Биринчи муҳим масала:Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш – конституциявий ислоҳотларнинг ажралмас қисми бўлиб, бир қатор давлатларнинг конституцияларида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий шартномалардаги нормалар ўз аксини топган”.

Иккинчи муҳим масала: “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали тизимини мустаҳкамлаш мақсадида Конституцияда болалар меҳнатига барҳам бериш, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларини мустаҳкамлаб қўйиш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг мақоми ва ваколатлари тўғрисидаги қоидалар ўз аксини топиши керак”.

Ҳақиқатан ҳам, жадал ўзгариб бораётган замонавий талабларга жавоб берадиган Конституцияга эга бўлиш учун, албатта, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қоидаларига мос хатти-ҳаракатлар ва ўзгаришларни амалга ошириш талаб қилинади. Янги Ўзбекистонга мувофиқ келадиган янги конституциявий принцип ва нормаларни белгилаш, аввало, “Инсон қадри учун” устувор тамойилини ҳаётга татбиқ этишни тақозо этади.

Маълумот учун: Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси эълон қилинган кун – 10 декабрда БМТнинг “Инсон ҳуқуқлари бўйича мукофоти”ни топшириш яхши анъанага айланган. Ушбу мукофот бундан 56 йил илгари, яъни 1966 йилда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга улкан ҳисса қўшган инсонларни тақдирлаш учун ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, мамлакатимиз ҳам инсон ҳуқуқлари бўйича ўз мукофотини таъсис этди. Сўнгги йилларда Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони совриндорлари аниқланиб, тантанали равишда тақдирлаб борилмоқда.

Жорий йилда “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони совриндорларига ушбу мукофот Самарқанд Глобал форуми доирасида топширилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech