КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР: ХАЛҚ КОНСТИТУЦИЯСИ САРИ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллигига

 

Сўнгги йилларда дастлаб Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” доирасида Конституциямиз нормалари янада такомиллаштирилди. Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари илгари сурган  “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”ни амалга ошириш асносида изчил конституциявий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 

 

Конституциявий ислоҳот – Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси тақозоси

 

Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотнинг бош ғоявий илҳомлантирувчиси, шубҳасиз, Президентимиз Ш.Мирзиёев, асосий ташаббускори эса мамлакатимиз аҳолисининг кенг қатламидир.

2021 йилги Ўзбекистон Президенти сайлови жараёнида барча номзодларнинг электорат вакиллари билан учрашувлари чоғида ҳаётий талабдан келиб чиққан ва мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлган муҳим таклиф илгари сурилди. Бу – конституциявий ислоҳотни амалга оширишдир.

Президент Ш.Мирзиёевнинг ҳудудлардаги сайловчилар билан вилоятларда бўлиб ўтган учрашувлари жараёнида конституциявий ислоҳотга оид бир қатор ташаббуслар кўтарилди.  Жумладан:

  • инсон қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари;
  • мамлакатда миллатлар ва элатлараро тотувликни кучайтириш;
  • хусусий мулк муҳофазасига доир конституциявий-ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлаш;
  • ер ва ерости бойликларига бўлган ҳуқуқ;
  • миллий демократик институт – маҳалланинг ўрни ва мақомини ошириш;
  • келажак авлодларгача анъанавий инсоний қадриятларни асраб-авайлаган ҳолда етказиш;
  • оила институтининг аҳамияти;
  • ёшлар ва гендер сиёсати;
  • инновацион иқтисодиёт ва “билимлар иқтисодиёти”ни ривожлантириш;
  • иқтисодиёт ва ижтимоий соҳага инвестициялар ҳажмини кенгайтиришга тааллуқли конституциявий нормалар киритиш каби ташаббуслар илгари сурилди.

Энг муҳими – ушбу барча масалалар сайловчилар, жумладан, ўқитувчилар, тадбиркорлар, фермерлар, фуқаролик жамияти институтлари ва миллий-маданий марказлар – мамлакат аҳолисининг турли қатламлари вакиллари томонидан кўтарилди.

Шуни таъкидлаш жоизки, бошқа сиёсий партиялар номзодларининг учрашувлари чоғида ҳам: 

  • Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси – мамлакатимизнинг конституциявий тенглигини белгилаш, миллий анъана ва қадриятларни мустаҳкамлаш ва муҳофаза қилиш юзасидан;
  • Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси – суд ҳокимияти мустақиллиги, қонунлар ва суд қарорлари одиллиги, Конституция ва қонунлар, инсон ҳуқуқлари устуворлиги, коррупцияга қарши курашишнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган;
  • Ўзбекистон Халқ демократик партияси – аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламлари, айниқса, ногиронлиги бор шахсларнинг конституциявий ва ижтимоий ҳимоясини кенгайтириш, ижтимоий йўналишга эга давлат қуриш борасида;
  • Ўзбекистон Экологик партияси – мамлакатда яшил иқтисодиётга ўтиш, экологик ноқулай ҳудудларда вазиятни яхшилаш бўйича таклифлар билдирилди.

Таъкидлаш жоизки, буларнинг барчаси сайлов ва Президентликка номзодлар билан учрашувлар жараёнида сайловчилар томонидан билдирилган фикр-мулоҳаза, таклиф ва хоҳиш-истакдир.

 

Барқарор тараққиётнинг конституциявий асосларини такомиллаштириш – давр талаби

 

Сиёсий партиялар, аввало, ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” демократик партияси кутилаётган конституциявий ислоҳотларга нисбатан ўз электоратининг кайфияти ва истакларини чуқур ўрганишни ташкиллаштирди.

Ушбу икки партиянинг 1,5 миллиондан ортиқ аъзоси Конституциянинг модернизациясини қўллаб-қувватлади. Шунинг баробарида, бу кенг кўламли рағбат конституциявий ислоҳот халқ томонидан қўллаб-қувватланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мақсадларига эришиш, мамлакат ва жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-гуманитар ҳаётидаги барча соҳаларни янада тез ва жадал ислоҳ қилиш учун зарур ҳуқуқий асосларни яратишнинг муҳим шарти сифатида зарурлигини кўрсатди.

Қўшма йиғилишда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси томонидан “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан ишлаб чиқилган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга оширишда Бош қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш долзарб аҳамият касб этиши таъкидланди.

Қўшма йиғилиш якунида Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш масаласини Олий Мажлис палаталари Кенгашларига киритишга келишиб олинди.

2022 йил май ойи ўрталари мамлакатимиз парламенти ҳаётида конституциявий-ҳуқуқий асослар барқарор ривожланиши ва мустаҳкамланиши, янги Ўзбекистонни бунёд этиш ва Учинчи Ренессанс асосларини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ва шиддатли демократик ислоҳотлар учун муҳим ҳодисаларга бой бўлди.

Хусусан, 16 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг энг йирик фракциялари – ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” демократик партиясининг алоҳида, 17 май куни мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш ва ушбу масалани Олий Мажлис палаталари кенгашлари муҳокамасига киритишга бағишланган қўшма йиғилишлари бўлиб ўтди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилган кенг кўламли ва изчил демократик ислоҳотлар натижасида Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг мустаҳкам сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-маърифий ва маънавий-маданий асослари яратилди.

Кундалик ҳаётимизда “инсон ҳуқуқ ва эркинликлари”, “қонун устуворлиги”, “очиқлик ва ошкоралик”, “сўз эркинлиги”, “дин ва эътиқод эркинлиги”, “жамоатчилик назорати”, “гендер тенглик”, “хусусий мулк дахлсизлиги”, “иқтисодий фаолият эркинлиги” каби фундаментал демократик тушунчалар ва қадриятлар реал воқеликка айланди. Жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий қиёфаси шиддат билан ўзгармоқда.

“Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимиз фаровонлигини янада ошириш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда кучли фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотлар давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар зарурлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан халқимизга йўллаган табригида ҳам Асосий қонунимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка, шиддатли ислоҳотларимиз мантиғига мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратиш муҳим вазифага айлангани ҳамда конституциявий ислоҳотларнинг йўналишлари кўрсатиб ўтилди.

2022 йил 20 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Қўшма мажлисда мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишга оид чораларни кўриш масалалари муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизнинг барқарор ривожланишини таъминлаш билан боғлиқ жамиятни барпо этиш ғояси халқимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

 

Янги Ўзбекистон – конституциявий воқелик

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этишга хизмат қилувчи, янги қонунларни ишлаб чиқиш
ва амалдагиларига замон талабларига мос равишда қўшимча
ва ўзгартиришлар киритиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимиздаги изчил ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясини жамиятдаги бугунги реал воқеликка мослаштиришни тақозо этмоқда. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида илгари сурилаётган кенг кўламли вазифалар, хусусан, адолатли ва халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби улуғвор мақсадлар бу борада зарур ҳуқуқий асосни таъминловчи конституциявий маконни янада такомиллаштириш эҳтиёжини кун тартибига қўймоқда.

Бинобарин, Бош қомусимиздаги ўзгаришлар “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада юксалтириш, мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлашга қаратилган ислоҳотларни изчил давом эттириш учун мустаҳкам пойдевордир.

Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия ташкил этилиб, унинг таркиби ва вазифалари белгиланди. Мазкур Конституциявий комиссия таркибига барча ҳудудлардан депутатлар, сенаторлар, жамиятнинг турли қатламлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, етук ҳуқуқшунос ва сиёсатшунослар ҳамда бошқа экспертлар киритилди.

 

Конституциявий комиссия фаолиятининг босқичлари

 

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия фаолиятининг учта босқичини аниқ белгилаб берди.

Биринчи босқичда – Конституциявий комиссия таклифлари асосида ишлаб чиқилган лойиҳа Парламентнинг Қонунчилик палатасига тақдим этилди.

Иккинчи босқичда – Парламент томонидан ишлаб чиқилган янгиланган Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтказилгани муносабати билан Конституциявий комиссия фаолиятининг икки босқичи якунига етди.

Жорий йил 1 августигача эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси доирасида 150 мингдан ортиқ таклиф ва экспертиза хулосалари келиб тушди. Бу таклифлар Конституциявий комиссияда экспертлар, мутахассислар, олимлар, сиёсатчилар иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.

Учинчи босқичда – Конституциявий комиссия умумхалқ муҳокамасида тушган таклиф асосида мукаммаллаштирилган Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маромига етказиш ва референдум ўтказиш йўли билан қабул қилиш учун қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

Шуни ҳам  таъкидлаш жоизки, конституциявий ислоҳот жараёнида асосан 3 та манбага таяниб иш олиб борилмоқда.

Биринчи манба – Конституция яратиш ва ислоҳ этиш ҳамда унга амал қилиш борасидаги 30 йиллик миллий-ҳуқуқий амалиёт.

Иккинчи манба – хорижий конституциявий ислоҳот тажрибаси. Бу ўринда 193 та давлат Конституцияларини ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва ислоҳ этиш бўйича хорижий конституциявий амалиёт назарда тутилмоқда.

Учинчи манба – халқаро тажриба. Яъни, БМТ, ЕХҲТ, Венеция комиссиясининг конституциявий-ҳуқуқий ижодкорлик соҳасидаги амалиёти. Хусусан, бу борада БМТнинг 40 дан ортиқ халқаро шартномаси ўрганиб чиқилди.

Ўтган даврда халқаро ҳамжамият намояндалари Ўзбекистон конституциявий ислоҳотнинг ўзига хос моделини яратиш учун бетакрор тажриба тўплаганини эътироф этдилар. Асосийси, мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар юқори баҳоланиб, бу борада Ўзбекистоннинг тутган йўли тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда.

Шу тариқа бугунги кунга қадар Конституциявий қонунни ишлаб чиқиш ва маромига етказиш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан:

биринчидан, 193 та хорижий давлатнинг конституциялари ўрганилиб, таҳлил қилинди ва улардаги бир қанча нормаларни Асосий қонунимизда акс эттиришга оид таклифлар тайёрланди;

иккинчидан, БМТ ва ЕХҲТнинг инсон ҳуқуқларига оид барча ҳужжатлари ўрганиб чиқилди;

учинчидан, Конституциявий қонун лойиҳаси БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасида халқаро экспертизадан ўтказилди;

тўртинчидан, ўндан ортиқ хорижий давлатда конституциявий ислоҳотлар муҳокамасига бағишланган 15 та халқаро тадбир – конференция ва давра суҳбатлари ўтказилди;

бешинчидан, 20 нафардан зиёд хорижий эксперт, шу жумладан, Россия, Польша, Германия, Австрия, Қозоғистон олимлари ва мутахассислари иштирокида муҳокамалар ташкил этилиб, қонун лойиҳаси янада бойитилди.

Хулоса қилиб айтганда, бир томондан, умумхалқ муҳокамаси тугаганига қарамасдан жамиятимиз вакилларидан тинимсиз муҳим таклифлар келиб тургани, иккинчи томондан, халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга ижобий муносабати, бу борада тайёрлаган лойиҳамизни амалда қўллаб-қувватлаётгани биз учун ҳам ғурур, ҳам катта кўмакдир. Буларнинг барчаси Ўзбекистон айни соҳада ҳам энг тўғри йўлдан бораётганидан далолат беради.

 

Акмал САИДОВ,

Конституциявий комиссия раиси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech