ИНСОН ҚАДРИНИ КОНСТИТУЦИЯВИЙ УЛУҒЛАШ ВА ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИ БАРПО ЭТИШДА ПАРЛАМЕНТ МАСЪУЛИЯТИ

Президентимизнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида, биринчидан, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ва шиддатли демократик ислоҳотларнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, бу борадаги ютуқлар қаторида йўл қўйилган камчиликлар ва муаммолар, хусусан, парламентимизнинг ислоҳотлардаги иштироки чуқур таҳлил этилди. “Мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш учун бошқарув ҳам, қонунчилик ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгариши керак. Агар шундай қилмасак, муаммоларни кўриб, кўрмасликка олсак, замондан орқада қоламиз. Халқимиз, ёш авлодимиз биздан рози бўлмайди”, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Иккинчидан, бугун дунёда кузатилаётган чуқур иқтисодий ва сиёсий инқирозлар, зиддиятлар, экологик муаммолар, кучайиб бораётган радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби хатарларни инобатга олган ҳолда марказ ва жойлардаги вакиллик, ижроия ва суд ҳокимияти, бизнес ҳамжамият, фуқаролик жамияти институтлари олдида турган устувор вазифалар белгилаб берилди.

Учинчидан, Президентимизнинг “тараққиётга фақат машаққатли ва жасоратли меҳнат орқали эришилади”, деган фикри биз, депутатлардан белгиланган вазифалар ижросига масъулиятимизни янада кучайтириш, доимо халқ орасида бўлиш, бор куч ва ғайратимизни ислоҳотлар натижадорлигини ошириш, халқимизнинг эзгу ниятларини рўёбга чиқариш, ҳаётий муаммоларини ҳал этиш, ҳаётдан рози қилишга қаратишни талаб қилади.

Тўртинчидан, жамият ва давлатимиз миллий ривожланишини устувор йўналишларининг конституциявий асосларини мустаҳкамлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Яъни конституциявий ислоҳотларимизнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Зеро, ҳар қандай деморатик ислоҳотлар мустаҳкам конституциявий асосларга эга бўлсагина бардавом ва самарали бўлади.

“Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” ғоясини

Конституциямиз ва қонунларимизга, кундалик ҳаётимизга сингдириш

Сўнгги 6 йилда “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган конституциявий қоидани ҳаётга татбиқ этиш, барча муҳим қарорларни бевосита халқ билан мулоқот асосида қабул қилиш янги Ўзбекистонимиз сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб хизмат қилмоқда. Шу маънода, халқ билан доимий мулоқот қилиш парламент ва барча давлат органлари фаолиятининг мезонини ташкил этади.

Конституциявий комиссия ўз фаолиятини, Президентимиз таъбири билан айтганда, ҳар бир ватандошимиз конституциявий ислоҳотларга дахлдор бўлиши, янгиланаётган Асосий қонунимизни “Бу – менинг Конституциям”, деб юксак ғурур ва ифтихор билан айта олиши ҳамда “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш, халқ билан бевосита мулоқот асосида олиб бормоқда.

Етти ой давомида Конституциямиз лойиҳасини тайёрлаш ва унинг умумхалқ муҳокамаси даврида фуқаролар, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар, илмий-таҳлилий марказлар, ҳуқуқшунослар томонидан 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушди. Ушбу таклифларнинг ҳар бири устида депутатлар, сенаторлар, сиёсий партиялар вакиллари, олимлар, экспертларнинг қизғин муҳокамалари давом этмоқда.

Яъни бу, бир томондан, Конституциявий комиссия фаолиятидаги очиқлик ва ошкораликдан дарак берса, иккинчи томондан, маъно-мазмуни инсон қадрини улуғлаш руҳи билан бойитилган, янги Ўзбекистонга мос бўлган конституциявий ислоҳотдан халқимиз катта ўзгаришлар кутаётганидан далолат беради. Бу, шунингдек, сўнгги йилларда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, қонуний эҳтиёжлари ва манфаатларини таъминлаш, шахсий масъулият, бағрикенглик ва имкониятлар тенглиги, хусусий мулк дахлсизлиги, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш каби асосий тамойил ва ғоялар юртимиздаги самарали ислоҳотлар натижасидир.

Конституциявий комиссия Асосий қонунимиз инсон қадрини юксалтириш, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғоясини амалга оширишга хизмат қилишига эътибор қаратиб келмоқда. Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламентимиз, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, маҳаллаларнинг ролини янада кучайтириш асосий диққат марказида бўлди.

Маъмурий ислоҳотларни конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш

Мурожаатномадан келиб чиқиб, депутатлар ва Конституциявий комиссия маъмурий ислоҳотларнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини янада чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратиши лозим.

Биринчидан, миллий парламентимизнинг иш услубини тубдан яхшилаш ва фаолият самарадорлигини ошириш, соҳалар бўйича Сенат ва Қонунчилик палатасидаги мавжуд қўмиталар ва комиссияларнинг тегишли вазирликлар ва давлат органлари билан белгилаб олинган умумий масқадларга эришишда келишилган ҳолда фаолият юритиши ҳамда ҳамкорлигини таъминлаш. Бунда, Президентимиз таъкидлаганидек, депутатлар вазирларга қайси йўналишда ёки ҳудудда иш яхши кетмаётганини кўрсатиши, камчиликлар бўйича жойига чиқиб, аҳоли фикрини ўрганиб, масалага биргаликда ечим топиши, шунингдек, вазир фаолиятини самарали ташкил этишда парламентдаги қўмита, комиссия ва депутатларнинг масъулиятини белгилашга ҳам алоҳида эътибор берилади.

Иккинчидан, ихчам ва самарали, хусусий ташаббусларни қўллаб-қувватловчи ва аниқ натижага ишлайдиган тизимли давлат бошқарув тизимига ўтиш. Бунда ҳукумат иш услуби тубдан ўзгариши зарурлиги, биринчи босқичда, вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тага камайтирилиши, давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 30-35 фоиз қисқариши назарда тутилади. Ихчам, самарали янги давлат бошқарувининг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратиш лозим.

Учинчидан, давлат органлари, вазирликлар фаолиятида очиқлик, қонунийлик, натижадорлик ва сифат асосий мезон бўлишини таъминлаш, шунингдек, ҳар бир вазирликнинг тегишли соҳада давлат сиёсатини ҳаётга татбиқ этиш, тармоқ таркибидаги қўмита, агентлик ва инспекцияларга самарали раҳбарлик қилиш борасидаги масъулиятини ошириш. Бунда ҳар бир вилоятдаги муаммоларни ечиш учун ҳар ойда жойига чиққан ҳолда “Ҳукумат куни” ўтказилишини йўлга қўйиш, вазирлар ҳар йилнинг бошида жамоатчилик олдида соҳадаги режаси ва йил якуни билан эса унинг натижаси бўйича ҳисобот бериши тартибини қонуний мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида урғу берилади.

Тўртинчидан, давлат бошқарувида номарказлаштириш тамойилини кенг жорий этиш, яъни ваколатларни марказдан жойларга ўтказиш, ҳудудлардаги маҳаллий бошқарув тизимини ислоҳ қилиш. Шу ўринда дунё танийдиган мегаполис, халқаро туризм ва бизнес марказига айланаётган Самарқанд шаҳри ҳамда саноат, тадбиркорлик, таълим, маданият соҳаларида минтақавий марказ сифатида ўз ўрнини топаётган Наманган шаҳрини алоҳида маъмурий-ҳудудий бирликлар сифатида республика бўйсунувига ўтказиш назарда тутилади.

Шундай қилиб, маъмурий ислоҳотлар “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, “Раҳбарлар фақат давлатга эмас, аввало, инсон ва оилага, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши керак”, деган конституциявий принципларни ҳаётга изчил татбиқ этишга хизмат қилади. Буюк аждодларимиз айтганидек, раҳбар халққа юк бўлмаслиги, аксинча, халқнинг юкини елкасига олиши керак. Шунинг учун ҳам давлат хизматчиларини танлаш, кадрларни жой-жойига қўйиш масаласида, аввало, инсоф ва виждон, иймон ва эътиқод, диёнат ва меҳр-оқибат деган тушунчаларни ўзига бегона деб билмайдиган инсонларга алоҳида эътибор қаратиш, ходимларнинг ишга, ўз вазифасига нисбатан масъулиятини ошириш, нопок йўлда юрганларини юридик жавобгарликка тортишга эътибор қаратилмоқда.

“Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” конституциявий тамойили

Президентимиз таъбири билан айтганда, “ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш демакдир”. Бу, ўз навбатида, Конституциямизнинг янада ижтимоийлашувини ҳам англатади.

Мамлакатимизда адолатли ва манзилли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш борасидаги ишлар нафақат жадал суръатлар билан ривожланмоқда, балки сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган. Бу борада таълим-тарбия ва илм-фан, маданият ва спорт, адабиёт ва санъат соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ этиш ва такомиллаштириш, тиббиёт соҳасини чинакамига инсон дардига дармон бўладиган, юқори самара билан ишлайдиган тизимга айлантириш борасидаги ишларни нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамият ҳам эътироф этмоқда.

Хусусан, сўнгги олти йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 70 фоизга етди ҳамда бу кўрсаткич ва бу борадаги давлат сиёсати яқинда ЮНЕСКОнинг мактабгача таълим бўйича Тошкентда ўтказилган жаҳон анжуманида юксак эътироф этилди. Келгуси беш йилда бу қамровни 80 фоизга етказиш ва бунинг учун 600 минг янги боғча ўрни яратиш вазифаси белгиланди.

Шунингдек, олий ўқув юртлари сони 2,5 баробар кўпайиб, 198 тага етди, қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ошди. Бу кўрсаткичларни нафақат ошириб бориш, балки жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини юксалтириш, муаллимларнинг шароитини яхшилаш, мактабларда ва олийгоҳларда таълим сифатини ривожланган мамлакатлар даражасига олиб чиқиш мақсад қилинган. Шунингдек, “ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш” вазифаси қўйилди.

Мурожаатномада ушбу масалалар “депутат ва сенаторлар, сиёсий партиялар, маҳаллий кенгашлар, бутун давлат аппарати, кенг жамоатчиликнинг амалий ҳаракатига айланиши кераклиги” кўрсатиб ўтилди. Зеро, юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш вазифаларини самарали ҳал этишга қодир замонавий илмларга эга, бугунги ва эртанги кунимизни, ёшларимиз келажагини ҳал қиладиган юксак малакали муаллим ва мураббийлар, профессор-ўқитувчилар, ҳақиқий зиёлиларни етиштириш ва қўллаб-қувватлашни талаб этади. Шу маънода ҳам янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция таълимни ва тарбияни конституциявий қўллаб-қувватлашдир.

Ушбу йўналишда халқимизнинг малакали ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш, аҳолига бирламчи тиббий хизматларни янада яқинлаштириш, бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонун билан белгилаш, ажратилаётган маблағлар ҳар бир беморга етиб бориши учун давлат тиббий суғуртасига ўтишни тезлаштириш, соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик тамойилини кенг жорий этиш, жамиятда соғлом ҳаёт тарзи маданиятини шакллантириш каби долзарб вазифалар ҳам белгилаб берилди.

Шунингдек, Президентимиз жамиятимиздаги барча жараёнлар тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғони бўлган миллий демократик институт – маҳалла ҳаётида ўз ифодаси ва амалий ечимини топиши зарурлигини таъкидлаб, давлат инвестиция дастурлари маҳалла даражасига туширилишини кўрсатиб ўтди. Маҳалла ўзининг муаммосини мустақил ҳал этиши учун “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилиши, 2023 йил 1 январдан бошлаб мол-мулк ва ер солиқларининг бир қисми маҳалланинг ўзида қолиши борасида кўрсатмалар берди. Албатта, ушбу вазифалар Конституциямиз, Бюджет кодекси ва бошқа қонунларда ўз аксини топиши зарур ва бу борада депутатларимизга алоҳида масъулият юклатилади.

Шу билан бирга, Конституциямизга аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши ва уй-жойга эга бўлиши тўғрисидаги янги моддаларни киритиш, “Менинг биринчи уйим” ипотека дастурини йўлга қўйиш, унинг доирасида, биринчи навбатда, турар жойга эҳтиёжи бор ҳамда ёш оилалар учун энг қулай шартлар асосида уй-жойлар барпо этиш масалалари устувор вазифалар сифатида белгиланди.

Тилга эътибор – конституциявий мажбурият

Конституциямизнинг юртимиздаги демократик ўзгаришлар жараёнини мафкуравий, ғоявий жиҳатдан таъминлашдаги роли ва аҳамияти ошиб бормоқда.

Юртимизда Асосий қонунимизга таянган ҳолда “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” ва “Жаҳолатга қарши – маърифат” тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш борасидаги ишлар сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқилди. Миллий қадриятларимизни янада ривожлантириш, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини ошириш доимий кун тартибимизда турибди. Бунда, айниқса, қонунлар бевосита давлат тилида қабул қилиниши (Конституциянинг 87-моддаси) парламент олдида турган энг асосий вазифадир.

Шу ўринда таъкидлаш зарурки, бундан 100 йил муқаддам ҳам миллат, ватан, тил, адабиёт ҳаёт ва мамот масаласи сифатида кун тартибига чиққан эди. Зеро, азалдан маърифатпарвар боболаримиз фаолияти, жадидчилик ҳаракати марказида айнан миллий тараққиёт, миллий-замонавий маданият-маърифат ва таълим-тарбия, ундан кейингина иқтисод ва сиёсат масалалари турган. Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт ё мамот, ё нажот ё ҳалокат, ё саодат ё фалокат масаласидир”, деган жумлалари фикримиз исботидир.

Жадидлар миллатнинг миллатлиги унинг она тили, ушбу тилга бўлган муносабати ва унда яратилган адабиётида акс этишини эътироф этганлар, шунингдек, таълим тили – миллий ўзликни англаш, мафкура, тарбия ва умумтаълим тизимининг асоси, деб билган. Абдулла Қодирий чинакам замонавий роман жанрига, Маҳмудхўжа Беҳбудий театр драмасига асос солган бўлса, Абдулхамид Чўлпоннинг машҳур “Адабиёт яшаса – миллат яшар” шиори миллат қалбида акс садо берган.

Ушбу ғоялар Президентимизнинг Мурожаатномада айтган: “Болаларимиз мактабдан она тили ва чет тилларни пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқиши зарур. Фарзандларимизни касб-ҳунарларга, санъат ва маданиятга қизиқтиришимиз лозим”, деган кўрсатмаси ҳамда она тилимизнинг мақомини кўтариш ва мустаҳкамлаш борасидаги таклифларига уйғундир.

Шу муносабат билан депутатлар ва сенаторлар ўз фаолиятида она тилимизнинг роли ва аҳамиятини янада кучайтириш ва мустаҳкамлаш, унинг ва халқимизнинг руҳини янгиланаётган Конституциямизга, қонунларимизга ва ҳаётимизнинг барча жабҳаларига сингдириш ва акс эттириш, миллий ўзлигимизни аниқлаш каби масалаларга алоҳида эътибор беришини халқимиз ва ислоҳотларимиз талаб этмоқда.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш – давлатнинг конституциявий бурчи

Конституция ва қонун устуворлиги ҳамда адолат тамойилларини қарор топтириш ҳуқуқий, демократик ва халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарурий шартидир. Шу боис, суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Авваламбор, Конституциямиз принципларига таяниб, суд ҳокимияти мустақиллиги, суд жараёни ва жазонинг адолатлилиги ва инсонпарварлигини таъминлаш, адолатли суд қарорларини қабул қилиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Судга қадар бўлган иш юритиш босқичида суд назоратини мустаҳкамлаш, “Хабеас корпус” институтини қўллаш соҳаларини кенгайтириш, судлов очиқлигини таъминлаш, айрим ҳуқуқбузарликларни жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказиш йўли билан жиноят қонунчилигини демократлаштириш бўйича қатор чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Шу билан бирга, одил судловни таъминлаш, тергов сифатини ошириш, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижро этилмай қолишига чек қўйиш, каби ечимини кутаётган кўплаб масалалар бор. Шу мақсадда, Мурожаатномага кўра:

  • адолатли ҳукм ва қарор чиқариш бўйича вилоят судларининг ваколати ҳам масъулиятини янада ошириш;
  • тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкцияни прокурордан судга ўтказиш;
  • тергов сифатини ошириш ва тергов шахсни айблаш учун эмас, жиноятни фош этиш орқали ҳақиқатни аниқлаш учун ишлашини таъминлаш;
  • судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпусини шакллантириш, уларни махсус ўқитиш,
  • одил судловни таъминлашда ҳимоячининг ҳуқуқлари ва ваколатларини кенгайтириш, хусусан, адвокатга жиноят иши қўзғатиш ва тугатиш ҳақидаги қарордан нусха берилишини таъминлаш ва судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга қабул қилиниши тартибини белгилаш;
  • маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинган тақдирда, ишларни экстерриториал тартибда – бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиётини жорий қилиш каби ташаббусларни Конституциямизда тўғридан-тўғри муҳрлаб қўйиш лозим.

Энг муҳими, бундан буён “Ўзбекистонда мулк ва инвестициянинг ҳимоячиси қайсидир ҳоким ёки вазир эмас, фақат Конституция, қонун ва суд бўлади”, деган ғоя ҳаётга татбиқ этилишида барча депутатлар ва сенаторлар фаол бўлиши даркор.

Президентимиз тараққиётимиз кушандаси бўлмиш коррупцияга қарши кураш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилганини алоҳида таъкидлади. Ўтган икки йилнинг ўзида 5 мингга яқин мансабдор коррупцияга доир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортилган. Шу билан бирга, бу борада айбдорларни ҳуқуқий жавобгарликка тортиш билан чекланиб қолмасдан, тизимли превентив чораларни кўриш, шу асосда жиноятчиликнинг нафақат оқибатларини, балки сабабларини олдиндан бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмоқда.

Коррупцияга қарши кураш борасида ҳар бир вазир ва ташкилот раҳбарининг ўзи раҳбарлик қилаётган соҳага ажратилган маблағларни самарали ва мақсадли ишлатиш бўйича шахсий жавобгарлигини ошириш, сунъий монополияга, ёпиқ схемаларга, умуман, коррупцияга имкон яратадиган барча бўшлиқларга барҳам бериш кабилар навбатдаги долзарб масалалар сифатида қайд этилди.

Бу борада депутат ва сенаторлар, маҳаллий кенгашлар аниқ соҳаларни тизимли таҳлил қилиши, ўз округидаги бюджет ҳисобидан амалга оширилаётган қурилишлар, ижтимоий ва иқтисодий лойиҳалар бажарилиши мониторингини кучайтириши коррупцияни бартараф этишнинг муҳим омили бўлиши таъкидланди. Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш борасида алоҳида қонунлар қабул қилиниб, конституциявий-ҳуқуқий асослар яратилиши белгиланди.

Ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги конституциявий масъулият

Биз ҳар томонлама авж олаётган глобаллашув, шиддатли ўзгаришлар содир бўлаётган мураккаб замонда яшамоқдамиз. Бугун бундан юз йил олдин унчалик кўзга ташланмаган янгидан-янги – атроф-муҳит, иқлим ўзгаришлари, экологик муаммолар умумбашарий тус олмоқда. Уларга ечим топиш ниҳоятда долзарб бўлиб қолмоқда. Бу, ўз навбатида, жаҳон конституцияларининг глобаллашувига олиб келмоқда.

Масалан, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазият тобора кескинлашмоқда. Албатта, бундай глобал аҳамиятга эга муаммоларнинг ечими, авваламбор, Конституциямиз ва қонунчилигимизда ўз аксини топиши зарур.

Шунингдек, БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди сифатида эълон қилиш бўйича резолюциясини ҳаётга татбиқ этишга доир тизимли ва комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, БМТнинг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Жаҳон экология хартиясини ишлаб чиқиш борасидаги саъй-ҳаракатимизни кучайтирмоқдамиз. Зеро, экологик муаммоларни ҳал этишда дунё ҳамжамиятининг куч ва имкониятларни бирлаштириш, саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириш, глобал муаммоларнинг миллий ва минтақавий даражадаги ечимларини топиш зарур. Шу боис, Президентимиз:

  • жамиятимизда, айниқса маҳаллаларда табиатимизни асраб-авайлаш, сув, ҳаво ва атроф-муҳитни тоза тутиш маданиятини шакллантиришни умуммиллий амалий ҳаракатга айлантириш;
  • экология ва атроф-муҳитни асраш бўйича саъй-ҳаракатларни, хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларни кучайтириш;
  • Конституциямизда табиий ресурслар, жумладан, сув ҳавзалари ва ер ости захираларини муҳофаза қилиш бўйича талабларни мустаҳкамлаш;
  • сув солиғи бўйича тушумларнинг бир қисми туманларда суғориш хизматларини ривожлантириш, ариқ, зовур ва каналларни бетонлашга йўналтирилиши;
  • қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни қатъий давом эттириш, соҳага янги инновацион агротехнологияларни кенг жорий этиш, яратилаётган янги деҳқон хўжаликларини хақиқий ер эгасига айлантириш;
  • соҳанинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини янада ривожлантириш масалаларининг долзарблигига урғу берди.

Жамиятнинг иқтисодий негизлари ва конституциявий иқтисодиёт

Миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш, унинг рақобатбардошлиги ва юқори ўсиш суръатларини таъминлашга қаратилган иқтисодий сиёсатнинг халқимиз турмуш даражаси ва сифатини оширишга хизмат қилаётганини нафақат фуқаролар, балки халқаро ҳамжамият ҳам эътироф этмоқда.

Бунда “конституциявий иқтисодиёт”ни шакллантиришга алоҳида урғу берилмоқда. Зеро, иқтисодиёт инсон фаолиятининг асосий соҳаларидан бири сифатида жамиятда ўрнатилган қонунчиликдан ташқарида мавжуд бўлолмайди ва, ўз навбатида, иқтисодий тизимнинг ўзгариши шароитида шаклланган ҳуқуқий муносабатлар иқтисодий ислоҳотларнинг изчил ривожланишини таъминлайди. Шу маънода, янги Ўзбекистоннинг ривожланиши жараёнини конституциявий иқтисодиёт нуқтаи назаридан баҳолаш лозим.

Бугунги кунда “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, тамойили иқтисодий ислоҳотларнинг ўзагини ташкил этиб, тадбиркорликка тўсқинлик қилиш давлат сиёсатига, Президент сиёсатига тўсқинлик қилиш, деб баҳоланмоқда. Шу асосда қулай ишбилармонлик ва инвестицион муҳитни шакллантириш, хусусий мулк ҳимоясини ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни рағбатлантириш, ҳудудларни комплекс ва мутаносиб ривожлантириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка бундай муносабат нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳонда ҳам шаклланмоқда. Сабаб, БМТ маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё корхоналарининг қарийб 90 фоизи ва иш билан банд бўлганлар сонининг қарийб 70 фоизи айнан микро, кичик ва ўрта корхоналар улушига тўғри келади. Улар глобал Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, ҳаммани муносиб иш ўринлари билан таъминлаш, инновацияларни жорий этиш ва ижодкорлик муҳитини қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади.

Мамлакатимиздаги мавжуд ресурс ва имкониятларни сафарбар этган ҳолда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажмини янада оширишни мақсад қилганмиз. 2030 йилга бориб, жон бошига ҳисоблаганда, Ўзбекистон аҳоли даромадлари ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин эгаллаши учун тинмай меҳнат қилинмоқда. Бунга, аввало, хусусий секторни рағбатлантириш ва унинг улушини ошириш ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобидан эришиш кўзда тутилмоқда. Жумладан, “хомашёдан – тайёр маҳсулотгача” тамойили асосида драйвер соҳаларда кластер тизими ривожлантирилмоқда.

Янги Ўзбекистон – жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли фаол аъзоси

Мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўзига муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш борасида ҳам Конституциямизга таянган ҳолда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда Марказий Осиёдаги барча қўшни мамлакатлар ва дунёдаги стратегик шерикларимиз бўлган давлатлар, халқаро ташкилотлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришга асосий эътибор қаратилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги 40 йилда дунё конституциялари интернационаллашуви, радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби хатарлар, иқтисодий ва сиёсий инқирозлар кучайиши, давлатлар ташқи сиёсатга ўз таъсирини кўрсатаётгани ҳам айни ҳақиқатдир. Бу тенденциялар, афсуски, Ўзбекистонимизни ҳам четлаб ўтмаяпти.

Бу шароитда Мурожаатномада мамлакатимизнинг юритаётган ташқи сиёсати изчил давом эттирилиши ҳамда қуйидаги вазифаларга устуворлик берилиши белгиланди:

биринчидан, депутат ва сенаторлар, маҳалла, нуроний, хотин-қизлар ва ёшлар фаолларининг фаолиятини энг бебаҳо олий неъмат – тинчлик ва осойишталикни қадрлаш, оилалар, фарзандларимиз, келгуси авлодларнинг бахту камоли учун бу улуғ бойликни асраб-авайлайлашга қаратиш. Шу мақсадда, хусусан, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг она юртга меҳри ва садоқатини оширишга янада кўпроқ аҳамият бериш зарур;

иккинчидан, юртимизда миллатлараро дўстлик, динлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, ижтимоий бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш. Шу мақсадда жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймасликка қаратилган  миллий дастур қабул қилиш ва амалга ошириш керак.

Жамиятимизнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, маданият соҳасини ривожлантириш, илмий-ижодий ташкилотлар, зиёлиларимиз фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳам устувор йўналишлардан бўлиб қолиши таъкидланди.

Шу ўринда яна бир муҳим масалага тўхталмоқчиман. 2022 йил 14 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеяси Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисидаги резолюцияни бир овоздан маъқуллади.

Ушбу резолюцияни қабул қилиш таклифи Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган эди. Резолюция қисқа муддатда Президентимиз ташаббусига кўра ушбу нуфузли ташкилот томонидан қабул қилинган олтинчи ҳужжат ҳисобланади. Бу БМТ тажрибасида камдан-кам учрайдиган ҳол.

Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонгнинг таъкидлашича, “ушбу резолюция тарихда илк маротаба дунё парламентларининг Барқарор ривожланиш мақсадларини ҳаётга татбиқ этишдаги роли, аҳамияти ва вазифаларини аниқ белгилаб берган халқаро ҳужжатдир. У нафақат ижроия ҳокимияти, балки вакиллик ва суд хокимиятлари, фуқаролик жамияти институтлари ва бизнес ҳамжамиятининг БРМга эришишдаги ҳамкорлиги ва биргаликдаги ҳаракатига асос бўлиши билан ҳам аҳамиятлидир”.

Умуман, Мурожаатномадан келиб чиқиб, Президентимизнинг: “Қанчалик қийин бўлмасин, танлаган йўлимиздан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Кўзлаган марраларимизга, албатта, етамиз. Бу йўлда нияти улуғ, қалби пок, меҳнаткаш халқимизга таянамиз”, деган чақириғига муносиб жавоб беришимиз, унда белгиланган вазифаларни сидқидилдан ва фидокорона ҳаракат қилиб бажаришимиз зарур.

Аминмизки, халқимиз, кенг жамоатчилик, барча ҳокимият тармоқлари вакиллари давлатимиз раҳбари ғоялари атрофида жипслашиб, бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилади, ва, албатта, эл-юртимиз интилаётган янги Ўзбекистонни биргаликда бунёд этишга муносиб ҳиссасини қўшади.

Янгиланаётган Конституциямиз лойиҳаси эса ҳар томонлама ўйлаб, барча таклиф ва мулоҳазалар инобатга олиниб, шошилмасдан такомиллаштирилади ва умумхалқ референдумига олиб чиқилади.

Акмал САИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

 Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти

"Янги Ўзбекистон" газетаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech