Қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари – олий қадрият

Мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мақсади ва вазифаси – инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашдир. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган тақдим этган Мурожаатномаси буни яна бир бор тасдиқлади.

Мурожаатномада 2023 йилдаги устувор йўналишлардан бири – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш экани алоҳида таъкидланди. Бу борадаги барча асосий вазифалар давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланди.

Албатта, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилишда давлат ҳокимиятининг барча тармоқлари иштирок этади. Аммо  бунда асосий  ўрин суд тизимига тегишли,  чунки адолатли ва мустақил суд тизими бўлмаган давлатда ривожланиш ва тараққиёт ҳам бўлмайди.

Шу сабабли Ўзбекистонда кейинги йилларда суд тизимининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, суд тизимини демократлаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди, мазкур соҳага оид қонунчилик ҳам йил сайин такомиллаштирилмоқда. Бундан мақсад, шубҳасиз, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган чинакам мустақил суд тизимини шакллантиришдир.

Айни чоғда, ушбу йўналишда кўплаб ижобий ўзгаришлар  амалга оширилаётганига қарамай, суднинг асосий вазифаси бўлган фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси  Конституцияси ва қонунлари, халқаро шартномаларида, шунингдек, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш  даражасини юқори деб бўлмайди. Буни фуқароларнинг суд фаолиятидан норозилигига оид мурожаатлар сони кўпайгани ҳам кўрсатиб турибди.

Тўғри, судьяларга ҳам осон эмас. Чунки улар қонунда белгиланган муддатда ниҳоятда катта ҳажмдаги ишларни кўриб, мазмунан ҳал этишлари лозим.

Айрим рақамларга мурожаат қиламиз. Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳар 23 минг кишига ўртача битта судья тўғри келади. Бу ҳолатни хорижий мамлакатлар мисолида кўрадиган бўлсак, хусусан,  АҚШда – 9 минг кишига, Германияда  – 4 минг кишига,  Францияда эса 11 минг кишига  битта  судья тўғри келар экан.

Яна бир муаммо судьяларнинг процессуал муддатларга риоя қилиш учун айрим ҳолларда шошма-шошарлик билан қарор қабул қилишларига тўғри келаётгани билан боғлиқдир.

Биргина фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолиятига назар солсак, охирги 2-3 йилда фуқаролардан давлат идораларига келиб тушаётган мурожаатлар ва ижтимоий тармоқлардаги муҳоқамалар фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан фуқароларга тегишли бўлган уй-жойларни ноқонуний бузиш ва мажбуран уйдан кўчириш, бузилишга тушган уйи эвазига мутаносиб компенсация тўламаслик тўғрисида ҳал қилув қарорлари чиқарилаётгани, янада ачинарлиси, бир хил мазмундаги фуқаролик ишлари бўйича турлича ҳал қилув қарорлари қабул қилинаётгани каби қонун бузилиши ҳолатлари мавжудлигини кўрсатмоқда.

Бу, ўз навбатида, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланишида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳалқаро нормаларга риоя этилмаётганидан далолат беради. Яъни, бундай ҳолатларда кўпинча фуқароларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқи таъминланмай қолмоқда.

Аслида эса, суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқи инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият бўлишини таъминлашда муҳим ва самарали восита ҳисобланади.

Шу сабабли Мурожаатномада белгиланганидек, келгусида мамлакатимизда одил судлов сифатини оширадиган тизимни яратиш, адолатли ҳукм ва қарор чиқариш бўйича вилоят судларининг ваколати ва масъулиятини ошириш, судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпусини шакллантириш, одил судловни таъминлашда ҳимоячи ҳуқуқларини қайта кўриб чиқиш жуда муҳимдир.

Буларнинг барчаси ҳар бир шахснинг одил судловга бўлган ҳуқуқи сўзсиз таъминланишига, фуқаролар ҳуқуқларини суд томонидан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатлари янада мустаҳкамланишига, бир сўз билан айтганда, “Инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликлари – олий қадрият” деган эзгу тамойилни амалиётга чуқур татбиқ этишга хизмат қилади.

 

Комила ОЛИМОВА,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг

Бўлим бошлиғи

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech