Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш – давлатнинг конституциявий бурчи

Президентимизнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида, биринчидан, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ва шиддатли демократик ислоҳотларнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, бу борадаги ютуқлар қаторида йўл қўйилган камчиликлар ва муаммолар чуқур таҳлил этилди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш учун бошқарув ҳам, қонунчилик ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгариши керак. Агар шундай қилмасак, муаммоларни кўриб, кўрмасликка олсак, замондан орқада қоламиз. Халқимиз, ёш авлодимиз биздан рози бўлмайди”.

Конституция ва қонун устуворлиги ҳамда адолат тамойилларини қарор топтириш ҳуқуқий, демократик ва халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарурий шартидир. Шу боис суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Авваламбор, Конституциямиз принципларига таяниб, суд ҳокимияти мустақиллиги, суд жараёни ва жазонинг адолатлилиги ва инсонпарварлигини таъминлаш, адолатли суд қарорларини қабул қилиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Судга қадар бўлган иш юритиш босқичида суд назоратини мустаҳкамлаш, “Хабеас корпус” институтини қўллаш соҳаларини кенгайтириш, судлов очиқлигини таъминлаш, айрим ҳуқуқбузарликларни жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказиш йўли билан жиноят қонунчилигини демократлаштириш бўйича қатор чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Шу билан бирга, одил судловни таъминлаш, тергов сифатини ошириш, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижро этилмай қолишига чек қўйиш, каби ечимини кутаётган кўплаб масалалар бор. Шу мақсадда Мурожаатномага кўра:

  • адолатли ҳукм ва қарор чиқариш бўйича вилоят судларининг ваколати ҳамда масъулиятини янада ошириш;
  • тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкцияни прокурордан судга ўтказиш;
  • тергов сифатини ошириш ва тергов шахсни айблаш учун эмас, жиноятни фош этиш орқали ҳақиқатни аниқлаш учун ишлашини таъминлаш;
  • судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпусини шакллантириш, уларни махсус ўқитиш;
  • одил судловни таъминлашда ҳимоячининг ҳуқуқлари ва ваколатларини кенгайтириш, хусусан, адвокатга жиноят иши қўзғатиш ва тугатиш ҳақидаги қарордан нусха берилишини таъминлаш ва судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга қабул қилиниши тартибини белгилаш;
  • маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинган тақдирда, ишларни экстерриториал тартибда – бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиётини жорий қилиш каби ташаббусларни Конституциямизда тўғридан-тўғри муҳрлаб қўйиш лозим.

Энг муҳими, бундан буён “Ўзбекистонда мулк ва инвестициянинг ҳимоячиси қайсидир ҳоким ёки вазир эмас, фақат Конституция, қонун ва суд бўлади”, деган ғоя ҳаётга татбиқ этилишида кенг жамоатчилик, айниқса, барча депутатлар ва сенаторлар фаол бўлиши даркор.

Президентимиз тараққиётимиз кушандаси бўлмиш коррупцияга қарши кураш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилганини алоҳида таъкидлади. Ўтган икки йилнинг ўзида 5 мингга яқин мансабдор коррупцияга доир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортилган.

Шу билан бирга, бу борада айбдорларни ҳуқуқий жавобгарликка тортиш билангина чекланиб қолинмаяпти. Яъни, тизимли превентив чораларни кўриш, шу асосда жиноятчиликнинг нафақат оқибатларини, балки сабабларини олдиндан бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмоқда.

Коррупцияга қарши кураш борасида ҳар бир вазир ва ташкилот раҳбарининг ўзи раҳбарлик қилаётган соҳага ажратилган маблағларни самарали ва мақсадли ишлатиш бўйича шахсий жавобгарлигини ошириш зарур. Мурожаатномада сунъий монополияга, ёпиқ схемаларга, умуман, коррупцияга имкон яратадиган барча бўшлиқларга барҳам бериш каби амалий таъсирчан чоралар бу борадаги истиқболли долзарб масалалар сифатида қайд этилди.

Айниқса, депутат ва сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар аниқ соҳаларни тизимли таҳлил қилиши, ўз округидаги бюджет ҳисобидан амалга оширилаётган қурилишлар, ижтимоий ва иқтисодий лойиҳалар бажарилиши мониторингини кучайтириши коррупцияни бартараф этишнинг муҳим омилидир. Шу нуқтаи назардан, коррупцияга қарши курашиш борасида алоҳида қонунлар қабул қилиниб, конституциявий-ҳуқуқий асослар яратилиши белгилангани катта аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтганда, халқимиз, кенг жамоатчилик, барча ҳокимият тармоқлари вакиллари Мурожжатномада баён этилган давлатимиз раҳбари ғоялари атрофида жипслашиб, бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилади. Ва, албатта, эл-юртимиз интилаётган янги Ўзбекистонни биргаликда бунёд этишга муносиб ҳиссасини қўшади.

Бинобарин, Президентимиз таъбири билан айтганда: “Қанчалик қийин бўлмасин, танлаган йўлимиздан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Кўзлаган марраларимизга, албатта, етамиз. Бу йўлда нияти улуғ, қалби пок, меҳнаткаш халқимизга таянамиз”.

Акмал САИДОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази директори

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech