Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари таъминланишининг муҳим омилларидан бири бўлиб, ушбу масала миллий қонунчилигимизда алоҳида мустаҳкамланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида белгилаб қўйилганидек, “Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир”.
Конституцияда мустаҳкамланган фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни орқали амалга оширилади. Мазкур қонунда фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқини амалга ошириш тартиби кўзда тутилган.
Ушбу қонуда, шунингдек, аҳолининг давлат органлари билан муносабатга киришининг ҳуқуқий тартиби белгиланган. Бу қоидалар барча давлат органлари, давлат иштирокидаги ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун бирдек амал қилади.
Қонун давлат органлари ва давлат муассасаларига, уларнинг мансабдор шахсларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрдаги қарори билан берилган ваколатлар доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида ҳам давлат органи сифатида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш йўлга қўйилган.
Миллий марказ томонидан 2022 йилда жами 1 минг 301 та мурожаат кўриб чиқилган. Бу кўрсаткич 2021 йилдаги мурожаатларга қараганда 6,5% кам, яъни 2021 йилда 1 минг 386 та мурожаат келиб тушган.
Бундан ташқари, 2022 йил давомида Миллий марказ томонидан телефон орқали мурожаат қилган 2 минг 500 нафардан ортиқ фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Шуни ҳам қайд этиш керакки, оғзаки ҳуқуқий маслаҳат сўраб мурожаат қилувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Миллий марказда ташкил этилган “Фуқаролар қабулхонаси”да ўтган даврда мурожаат қилган 500 нафардан ортиқ фуқаро қабул қилинган бўлиб, шундан 307 нафарининг ёзма мурожаатлари иш юритишга қабул қилинган. Қолган фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилган.
Мурожаатларнинг 307 таси (24,2%) фуқаролардан тўғридан-тўғри қабул жараёнида, 959 таси (75,8%) алоқа воситалари, асосан почта тармоғи орқали қабул қилинган. Шунингдек, 32 та мурожаат Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали, 65 та мурожаат Миллий марказнинг Виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган.
2022 йилдаги мурожаатлар 2021 йилда келиб тушган мурожаатлар билан ҳудудлар кесимида таққосланганда, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида мурожаатларнинг камайиши кузатилди. Шу билан бирга, ўтган йилда Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳри аҳолисидан мурожаатлар кўпайган.
Таҳлилларга қараганда, энг кўп мурожаатлар келиб тушиши бўйича аввалги ҳолат сақланиб қолмоқда. Яъни, 2022 йилда Тошкент шаҳри – 356 та (27,4%); Қашқадарё вилояти – 189 та (14,5%); Тошкент вилояти – 181 та (13,9%); Сурхондарё вилояти – 94 (7,2%) ва Самарқанд вилоятидан – 89 та (6,8%) мурожаат келиб тушган.
Бундан ташқари, 2022 йилда келиб тушган мурожаатларнинг аксариятини одил судловни амалга ошириш, суд қарорларидан, дастлабки тергов ҳаракатлари ҳамда уларни олиб борган масъул шахсларнинг қарорларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарорларидан норозилик, ер ажратиш, шахсий мулкка ва уй-жойга бўлган ҳуқуқларга доир мурожаатлар ташкил қилади. Бу ўтган йиллардаги айни ҳолатларга ўхшашдир.
Тегишли қонун ҳужжатларига кўра, Миллий марказ давлат органларига фуқароларнинг шикоятларини кўриб чиқиш ва таҳлил қилиш, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини мониторинг қилиш жараёнида аниқланган қонун бузилишини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг бузилишига олиб келадиган ҳолатларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш тўғрисида тавсияларни кўриб чиқиш учун киритади.
Миллий марказ томонидан турли давлат идоралари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига 2022 йил давомида киритилган 350 дан ортиқ тавсия кўриб чиқилган. Натижада 29 та мурожаат юзасидан фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди, 69 та ҳолатда фуқароларга ҳуқуқлари рўёбга чиқарилишида ва қонуний манфаатларини амалга оширишда амалий кўмак берилди.
Эътиборли томони шундаки, бир инсоннинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун бир неча йиллар талаб этилмоқда. Яъни, Миллий марказ томонидан кўриб чиқилган айрим мурожаатлар бўйича унда кўтарилган масалани қонуний ҳал қилиш ваколатига эга бўлган давлат органига киритилган тавсия ва хулосалар юзасидан бир неча йиллардан сўнг ижобий қарорлар қабул қилинмоқда.
Хусусан, Наманган вилояти, Чуст туманида яшовчи “Чуст Фароғатхон” хусусий корхонаси раҳбари Наимджон Халиловга нисбатан ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари томонидан содир этилган адолатсизликлар ҳақида тўхталмоқчиман.
Н.Халиловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги СВОЖЖДЛКҚ Департаменти (ҳозирги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти) Чуст тумани бўлими томонидан 2017 йил 4 февралда Жиноят кодексининг 189-моддаси билан асоссиз жиноят иши қўзғатилиши билан “қора кунлар” бошланади. Суриштирув органининг хусусий корхонада ўтказилган текшириш натижалари чуқур ўрганилмасдан, аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари тадбиркор томонидан қонунда белгиланган муддат ичида бартараф этилганига, етказилган зарар қопланганига эътибор қаратилмасдан, шошма-шошарлик билан жиноят иши қўзғатилганлиги тадбиркорнинг 5 йилдан ортиқ овораю-сарсон бўлишига олиб келади.
Жиноят ишлари бўйича Чуст туман судининг ҳукми билан Н.Халилов жиноят содир этганликда айбли деб топилади.
Бу ҳам етмаганидай, тадбиркор ўз ҳуқуқларини талаб қилиши оқибатида таъқиб остига олинади.
Миллий марказ томонидан тадбиркор Н.Халиловнинг мурожаати асосида суд ҳукмининг қонунийлиги ўрганиб чиқилади. Шу асосда жиноят-процессуал қонунчилиги талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги ҳолатлари яъни, Н.Халиловнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги кўрсатилган ҳолда 2017 йил 14 сентябрда хулоса тузилиб, ишни кассация босқичида қўшиб кўриш тўғрисида Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди кассация босқичига тавсия киритилади.
Аммо, кассация босқич суди биринчи босқич судининг ҳукми билан келишади ва уни ўзгартирмасдан қолдиради.
Миллий марказнинг Олий суд ва Бош прокуратурага киритган тавсиялари ҳам оқибатсиз қолдирилади. Н.Халилов 2022 йил 19 август кунига қадар адолат излаб турли давлат идораларига тўхтовсиз мурожаатлар қилиб келади.
Ваҳоланки, масъул идора вакиллари Жиноят кодекси 189-моддаси 2-қисмида: “Биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидалари бузилишининг оқибатларини бартараф этган ва етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади” деб кўрсатилган қоидага ўз вақтида амал қилганида, шунингдек, буни тасдиқловчи асосли далилларга эътибор қаратганида қонун устуворлиги ўз вақтида таъминланган бўлар эди.
Н.Халиловнинг тўхтовсиз мурожаатлари туфайли 2022 йил 19 августда Олий суд томонидан оқлов қарори қабул қилинди.
Худди шунга ўхшаш яна бир мисол:
2019 йил сентябрь ойида Миллий марказнинг фуқаролар қабулхонасига мурожаат қилган Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳрида яшовчи фуқаро Т.Тиловов ўзига оид жиноят иши бўйича чиқарилган суд қарорларидан норозилигини баён қилади ва ҳуқуқлари ҳимоя қилинишида амалий ёрдам сўрайди.
Суд қарорлари асослилиги ва қонунийлиги ўрганилган ҳолда, Жиноят-процессуал кодексининг бир қатор талаблари бузилганлиги юзасидан Олий судга 2019 йил 24 сентябрь ва 2021 йил 4 май кунлари тавсия хатлари киритилди.
Шундан сўнг Т.Тилововга оид жиноят иши Олий судда кўрилиб, жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди апелляция инстанциясининг ажрими бекор қилинган. Иш янгидан апелляция тартибида кўриб чиқиш учун Қашқадарё вилоят судига юборилган.
Иш Қашқадарё вилоят суди апелляция инстанциясида мазмунан кўрилшан. 2022 йил 13 январь куни Т.Тиловов айбсиз деб топилган ва оқланган.
“Инсон қадри учун” тамойилига асосан ишлаб чиқилган еттита устувор йўналишдан иборат Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да ҳам мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш белгилаб қўйилган. Шу нуқтаи назардан:
- ушбу йўналиш бўйича мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувни чеклаш;
- қонун устуворлиги ва конституциявий қонунийликни таъминлаш ҳамда инсон қадрини ушбу жараённинг бош мезони сифатида белгилаш;
- давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш;
- жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратиш;
- ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янги қиёфасини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини халқ манфаатлари, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилишга йўналтириш;
- суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминлаш;
- адвокатура институтининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги салоҳиятини тубдан ошириш;
- аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг малакали ҳуқуқий хизматларга бўлган талабини тўлиқ қондириш;
- фаол фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳамда фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат ва итоат қилиш ҳиссини шакллантириш каби бажарилиши зарур бўлган устувор вазифалар белгилаб берилган.
Ҳар бир вазифа халқимизни бугунги кунда қийнаб келаётган масалалар:
- қонунларнинг амалиётда қўлланиши;
- Конституция ва қонунларнинг устунлиги принципи;
- коррупцияга қарши кураш;
- жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш;
- барча давлат органлари каби ҳуқуқни мухофаза қилиш органларининг асосий фаолиятини халқ манфаатини ҳимоя қилишга қаратиш;
- бажарилиши мажбурий бўлган суд ҳужжатлари ижросини тўлиқ таъминлаш;
- инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлашда суд ва адвокатура институтининг ролини янада кучайтириш;
- қонун устуворлигига эришиш учун ҳамда мамлакатимизни адолатли, демократик давлатга айлантиришда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш;
- фуқароларнинг қонунларни ҳурмат қилишлари ва оғишмай амал қилишларини таъминлаш ҳамда ҳар бир қабул қилинаётган ва кундалик ҳаётда қўлланилиши мумкин бўлган қонун ҳужжатларини оддий тилда етказиш бўйича ишлар етарли даражада эмаслигидан келиб чиққан ҳолда белгилаб берилаётганлиги бежиз эмас.
Биргина мисол: судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, адвокатура институтининг ҳуқуқни қўлловчи бошқа органлар билан тенглигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш ва бошқа бир қатор масалаларда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам вазифалар қўйилган эди.
Айни муҳим вазифалар Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида ҳам белгилаб қўйилиши ушбу масалаларнинг ҳали ҳам ўз долзарблигини йўқотмаганлигини ва бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўлами кенг эканлигини англатади.
Тараққиёт стратегиясида юртимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга жиноят ишлари билан бир қаторда фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ҳам давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш тартиби жорий этилиши белгиланди. Бу каби имтиёзлар амалдаги қонунчилигимизда мавжуд эмас эди. Мазкур имтиёз ҳам мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий адолат сиёсатининг бир кўринишидир.
Миллий марказ томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган қатламидан хисобланган етим болаларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ўтган 2022 йилда Тошкент вилоятида жойлашган Меҳрибонлик уйи собиқ тарбияланувчилари Ю.Шевлякова ва Д.Ивановнинг фойдаланилмаган коммунал хизматлар учун асоссиз қарздорлик хисобланганидан норозилиги ҳақидаги мурожаатлари ўрганиб чиқилди.
Ушбу фуқароларга нисбатан қонун устуворлигини таъминлаш юзасидан Тошкент вилоят прокурори номига киритилган тавсия хатлари асосида прокуратура идоралари томонидан олиб борилган прокурорлик назорати натижасида, фуқаро Ю.Шевлякованинг фойдаланилмаган электр таъминоти учун 18,7 млн сўм қарздорлик бошқа жавобгар шахсдан ундирилиши белгиланди. Бундан ташқари, Ю.Шевлякованинг уй-жойга эгалик ҳуқуқи тикланди ва янги электр энергияси хисоблагич ўрнатиб берилиши таъминланди.
Шунингдек, фуқаро Д.Ивановга ажратилган хонадонда “Сариштали хонадон” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан кўрсатилмаган хизматлар учун тегишли тўлов талаб қилинаётгани аниқланиб, вилоят прокуратурасининг аралашуви билан ширкатдан бўлган қарздорлик бартараф этилди.
Мурожаатга эътибор инсонга, унинг дарду ташвишига бўлган эътибордир. Бу масала мамлакатимизда алоҳида эътиборда экани давлат сиёсатининг инсонпарварлиги, халқчиллиги намунасидир.
Мурожаат қилиш – фуқароларнинг муҳим сиёсий ҳуқуқларидан бири. Мурожаатлар орқали халқимизнинг кайфияти, шарт-шароити, ислоҳотларга муносабатини билиш мумкин. Давлат органлари ва мансабдор шахслар ҳар бир мурожаатга жиддий муносабатда бўлишлари лозим. Улар фуқаролар ва жамият олдида масъул эканлигини доим ҳис қилишлари, халқ манфаати устуворлигини таъминлашлари зарур.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқдан ҳар бир шахснинг тенг фойдаланиш имконияти мавжуд. Бугунги кунда “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил давлат ва жамият ҳаётига чуқур татбиқ этилди.
Ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларни кучли фуқаролик жамиятига эришиш йўлидаги улкан қадам сифатида тушунишимиз даркор. Зеро, инсонларни мурожаат қилишга бўлган конституциявий ҳуқуқ билан таъминлаш демократик жамиятда олий қадрият сифатида эътироф этилади.
Отабек Норбоев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бўлим бошлиғи
- Қўшилди: 13.01.2023
- Кўришлар: 5636
- Чоп этиш