ХМТнинг янги маърузаси 2023 йил тенденцияларига бағишланган

Дунё миқёсида иқтисодий ўсиш даражаси пасайгани туфайли инсонларнинг ноқулай шарт-шароитларда, кам ойлик маошига ҳам кўниб, ижтимоий ҳимояга эга бўлмасдан ишлашлари эҳтимоли ортмоқда.  Бундай ҳолат эса, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) янги маърузаси муаллифларининг фикрича, пандемия оқибатида кучайган тенгсизлик кўламини янада оширади.

ХМТнинг янги маърузаси 2023 йил тенденцияларига бағишланган. Маъруза муаллифларининг тахминича, жорий йилда бандликнинг ўсиши атиги бир фоизни ташкил этади ва бу ўтган йилги кўрсаткичнинг ярмидан ҳам оз, деганидир. Дунёда ишсизлар сони 3 миллион нафарга кўпайиб, жами 208 миллионга етади. Шу тариқа ишсизликнинг глобал даражаси 5,8 фоиз бўлиши кутилмоқда.

         ХМТ экспертлари талқинича, иқтисодий ўсиш даражасининг пасайгани, аввало, аҳолиси юқори даромад топадиган мамлакатларда ишчи кучи танқислиги юз бергани билан боғлиқ. Шу билан бирга, кейинги икки йил давомида кузатилган глобал ишсизликнинг қисқариши жараёнлари ҳам якунига етмоқда ва айни пайтда ишсизлар сони пандемияга қадар бўлган кўрсаткичдан 16 миллион нафарга кўпдир.

         Бундан ташқари, иш ўринларининг сифати масаласи ҳам ташвиш уйғотмасдан қолмайди. Зеро, ХМТ экспертлари уқтирганидек, муносиб иш ўрни – ижтимоий адолатнинг тамал тоши.

Маълумки, пандемия камбағалликни қисқартириш борасида кейинги ўн йилликлар асносида эришилган ютуқларни барбод қилди. Шундай мураккаб вазиятда ҳам 2021 йилда бандлик масаласида муҳим натижалар қўлга киритилганига қарамай, 2023 йилда муносиб иш ўринлари яратиш билан боғлиқ аҳволнинг ёмонлашиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Айни чоғда, иқтисодий ўсиш даражаси пасайгани оқибатида кўпчилик ноқулай шарт-шароитларда, кам ойлик маошига ҳам кўниб ишлашга мажбур бўлади. Бундай эҳтимолий оғир вазиятда яшаш шароитларининг тобора қимматлашиб бораётгани эса камбағаллар сонининг янада ортишига замин яратади.

Ўз навбатида, турмуш шароитларининг ёмонлашиши пандемия инқирозининг салбий таъсирини бошдан кечираётган инсоният ҳаётидаги тангликларни кучайтиради. Бинобарин, одамлар шусиз ҳам кўплаб муаммоларга зўрға бардош бериб яшамоқда, деб қайд этади ХМТ экспертлари.

Ишга жойлашиш масаласида хотин-қизлар ва ёшлар аҳолининг бошқа қатламларига нисбатан кўпроқ жабр кўрадилар. Ўтган йилги ишчи кучи таркибида аёллар – 47,4 фоизни, эркаклар эса 72,3 фоизни ташкил этган. Орадаги 24,9 фоиздан иборат фарқ иқтисодий нофаол эркакларга нисбатан шундай ижтимоий мавқедаги аёллар сони икки баробар кўп эканини англатади.

ХМТ экспертлари фикрича, ёшларнинг муносиб  иш топиши ва шу жойда муқим ишлаб қолиши ниҳоятда қийинлашиб бормоқда. Оқибатда бугунги кунда сайёрамиздаги ҳар беш нафар навқирон инсоннинг бир нафари ҳеч қаерда ишламайди ва ўқимайди.

ХМТ Бош директори Гилберт Хунбо таъбири билан айтганда, “Бизга зудлик билан кўп миқдорда муносиб ишчи ўринлари зарурлиги кундек равшан ва ижтимоий адолатнинг танқислиги ҳам яққол аёндир. Шу беҳисоб муаммоларни ҳал қилиш учун янги глобал ижтимоий шартномалар устида ҳамжиҳатликда иш олиб боришимиз лозим бўлади”.

Бу борада Ўзбекистонда аҳвол қандай, деган савол туғилиши табиий.

Авваламбор, пандемия, дунёдаги чуқур иқтисодий ва сиёсий инқирозлар, зиддиятларга қарамасдан, изчил амалга оширилаётган кенг кўламли ва самарали ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 80 миллиард доллардан ошди.

Ўтган 2022 йилда тарихимизда илк бор пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага кўтарилди. Мисол учун, 2017 йилда кам таъминланган 500 минг оила ижтимоий ёрдам олган бўлса, бугунга келиб 2 миллиондан ортиқ оилаларга кўмак берилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, “бугун замон ҳар қачонгидан ҳам тезлашди. Фаровонлик ошгани сайин аҳолимизнинг талаб ва эҳтиёжлари ҳам ортиб бормоқда”.

Аҳоли мактаб, боғча ва шифохоналарни кўпайтириш, таълим ва тиббиёт сифатини оширишни, маҳаллада йўл, сув, электр, транспорт муаммоларини ҳал қилишни, иш ўринларини ошириш, тадбиркорликка янги имкониятлар яратишни, адолатни таъминлаш, оворагарчилик, бюрократия ва коррупцияни йўқ қилишни кутмоқда. Қанчалик қийин бўлмасин, бу аниқ ва ўринли муаммоларни ечиш шарт.

Халқимизга қанча имконият яратсак, бунинг фойдаси жамиятимизга ўн карра, юз карра бўлиб қайтади. Шу маънода, 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном берилгани бежиз эмас.

Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида қуришни мақсад қиляпмиз. Ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, демакдир. Шунинг учун жорий йилда, биринчи навбатда, эътиборни Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилаётгани алоҳида диққатга сазовор.

Ғулом Мирзо

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech