Жамиятда демократик тамойилларни кучайтириш, халқимиз розилигига эришишга замин яратади
Янги Ўзбекистон ҳақида гап кетганда, суд-ҳуқуқ соҳасидаги амалга оширилган катта ислоҳотларни таъкидлаш ўринли бўлади. Негаки, кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳаси тубдан ислоҳ қилиниб, тизимни халқ учун адолат қўрғонига айлантириш борасида ҳаётий чора-тадбирлар кўрилди.
Президентимиз “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида бу ҳақда аждодларимиз азалдан амал қилиб келган “Зулм қилма, инсофли бўл, халқ учун адолат қўрғонини бунёд эт”, деган ҳаётий тамойилни таъкидлар экан, жумладан, “Биз суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишда шундай талаблардан келиб чиқдик. Хусусан, “судьянинг онгида — адолат, тилида — ҳақиқат, дилида — поклик бўлиши керак”, деган ғояни илгари сурдик ва уни амалда қарор топтиришга интилмоқдамиз”, дейди.
Бу тамойил давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаат номасида ҳам ўз аксини топиб, одил судлов масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди ва суд тизимида амалга ошириладиган қатор ўзгаришлар юзасидан муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича кўп иш қилингани, шу билан бирга, ҳозир ҳам тергов сифати пастлиги, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижро этилмай қолаётгани билан боғлиқ ҳолатлар учрамоқда. Қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратилади. Энг аввало, одамларнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам берилади”.
Бугун шу саъй-ҳаракатларнинг ҳаётдаги ифодасига гувоҳ бўлиб турибмиз. Президентимиз жорий йил 16 январь куни “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги”ги фармонларни имзолади.
Таъкидлаш жоизки, Президентимиз Мурожаатномада одил судлов даражасини тубдан янгилашга қаратилган қатор таянч вазифаларни белгилаб берган эди, уларни самарали амалга ошириш механизми мазкур фармонлар билан ҳам кўзда тутилмоқда. Жумладан, эндиликда янги тизим доирасида:
— тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколати прокурордан судга ўтказилади. Мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали бўлади;
— Одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси шакллантирилади. Улар махсус ўқитилади, ишни судда кўришда холис, мустақил бўлиши қонун билан белгиланади;
— судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячи фикри билан бирга қабул қилинади;
— айбланувчининг ҳимоячидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим жорий қилинади.
Мазкур устувор вазифаларга алоҳида батафсил тўхталиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, бу масалалар ҳар бирининг амалиётга самарали жорий этилиши жиноят ишлари юритувини бевосита янги сифат даражасига олиб чиқишга хизмат қилади.
Хусусан, шахснинг конституциявий дахлсизлик ҳуқуқини чеклашга оид бўлган тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиб туриш ва мол-мулкни хатлаш каби тергов ҳаракатлари устидан суд назоратининг татбиқ этилиши жиноят процессида “Хабеас корпус” институтини янада кенгайтиришнинг кейинги мантиқий босқичи ҳисобланади.
Дарҳақиқат, ўтган йиллар мобайнида миллий қонунчилигимизни халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган стандартларига мувофиқлаштириш, демократик тамойиллар ва халқаро ҳуқуқий талабларга тўлиқ жавоб берадиган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Шу ўринда, “Хабеас корпус” институтининг миллий қонунчилигимизда ўз ифодасини топиши жиноий таъқиб жараёнида шахс ҳуқуқларининг суд томонидан кафолатланиши учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилди.
Шунингдек, Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган қатор халқаро ҳужжатларда шахснинг дахлсизлик ҳуқуқларига оид кафолатлар мустаҳкамланган. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларациясининг 12-моддасида “Ҳеч кимнинг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш, уй-жойи дахлсизлигига, унинг ёзишмаларидаги сирларга ёки унинг номус ва шаънига ўзбошимчалик билан тажовуз қилиниши мумкин эмаслиги, ҳар бир инсон худди шундай аралашув ёки тажовуздан қонун орқали ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эгалиги” эътироф этилган.
Шу билан бирга, Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро пактнинг 17-моддасида “Ҳеч ким ўзининг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик ёки ноқонуний тарзда аралашишга, ўзининг уй-жойи ёки ёзишмалари сири дахлсизлигига ўзбошимчалик ёки ноқонуний тарзда тажовуз қилинишига ёки унинг ор-номуси ва шаънига ноқонуний тажовуз қилинишига дучор этилиши мумкин эмаслиги ва ҳар бир инсон худди шундай аралашув ёки тажовузлардан қонун орқали ҳимоя этилиш ҳуқуқига эга” экани қайд этилган.
Айнан ана шу халқаро ҳужжатларда белгиланган кафолатларни таъминлаш мақсадида ҳам тинтув, телефон сўзлашувини эшитиб туриш ва мол-мулкни хатлаш каби тергов ҳаракатлари устидан суд назорати қатъий ўрнатилиши зарурдир. Чунки турар жой дахлсизлиги эгасининг розилигисиз унинг турар жойига киришга, унга ҳар қандай зарар етказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини англатади. Яъни мулкдорнинг розилигисиз уй-жойга кириш ва тинтув ўтказиш фақат суднинг қарори асосида амалга оширилиши керак.
Мол-мулкни хатлаш борасида сўз кетганда айтиш жоизки, эндиликда мулкдор фақат суднинг қонуний кучга кирган қарори асосидагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин. Бу билан шу вақтга қадар тергов доирасида мансабдор шахсларнинг фуқароларни мулк ҳуқуқидан маҳрум этишга доир ваколатлари бекор қилиниб, бу жараён суд орқали амалга оширилиши мустаҳкамланмоқда. Мазкур норма қабул қилиниши натижасида мулкдор ҳар қандай ҳолатда ўзининг мулк ҳуқуқи бузилмаслиги ва ундан асоссиз маҳрум этилмаслиги кафолатлари белгиланади.
Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “энди терговчи жиноятга алоқадор деб, ҳар қандай мулкни хатлаб қўя олмайди. Ахир биз хусусий мулк дахлсизлигини кучайтириш бўйича озмунча ҳаракат қиляпмизми? Бундан буён мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали бўлади”.
Жиноят ишлари юритувига оид яна бир оғриқли масала бу — терговнинг сифати масаласидир. Сўнгги йилларда тергов сифати даражасини кўтариш юзасидан қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Лекин, афсуски, тергов ходимлари тафаккурида ҳали-ҳануз шахсни айблаш, ҳар қандай ҳолатда уни жавобгарликка тортишга эришиш терговнинг асосий вазифаси, деган тушунча мавжуд. Ваҳоланки, давлатимиз раҳбари қатъий таъкидлаганидек, “Тергов шахсни айблаш учун эмас, жиноятни фош этиш орқали ҳақиқатни аниқлаш учун ишлаши керак”.
Дарҳақиқат, терговнинг асосий устувор вазифаси айбланувчи тариқасида жалб қилинган шахснинг айбини исботлаш эмас, ҳақиқий айбдор шахсларни фош этиш ва муҳими, айби бўлмаган шахснинг асоссиз жавобгарликка тортилишига йўл қўймасликдир. Давлат тергов органларига ваколат бериши билан бирга, улардан жиноят ҳодисаси аслида қандай бўлганини аниқлашни талаб қилади. Лекин айни пайтда уларнинг фаоллик чегараси ҳам қонунан аниқ белгиланиб, жиноят процесс иштирокчиларидан зўрлаш, қўрқитиш, ҳуқуқларини чеклаш ва қонунга хилоф бўлган ўзгача чоралар билан кўрсатувлар олишга уринишни тақиқлаган.
Жиноятни очиш, айбланувчиларни фош қилишда фақат ва фақат қонуний усуллардан фойдаланиш мумкин. Айнан шунинг учун тергов органлари идоравий ёки бошқа бир манфаатни кўзлаб ҳаракат қилмаслиги, айниқса, айблов позициясида турмаслиги, фақат айбловчи далилларни тўплаш билан чегараланмаслиги зарур.
Жиноят иши бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши зарур. Ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда шахсни ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар бирдек аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозим.
Афсуски, бугунги кунда айрим ҳолатларда терговнинг савияси етарли даражада эмаслиги оқибатида тергов давомида қатор жиддий процессуал бузилишларга йўл қўйиш кузатилмоқда. Бу эса бевосита самарали одил судловни таъминлаш даражасига ҳамда судлар томонидан қонуний ва адолатли суд қарорлари қабул қилиш жараёнига салбий таъсир кўрсатмоқда. Айнан шунинг учун ҳам Мурожаатномада давлат раҳбари тергов сифатини ошириш бўйича ҳам тизимли чоралар кўриш зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Президентимиз томонидан урғу берилган яна бир муҳим масала — суд муҳокамасида давлат айбловини қўллаб-қувватловчи прокурорлар тайёргарлиги масаласидир. Афсуски, бугунги кунда суд процессларида иштирок этаётган прокурорлар давлат айблови позициясига зарур даражада пухта тайёргарлик кўрмаслиги, иш материалларини синчковлик билан чуқур ўрганиб чиқмаслиги ва суд терговида ниҳоятда пассив бўлиши оқибатида суд айблов томонидан берилиши керак саволларни процесс иштирокчиларига бериши, иш ҳолатларини ойдинлаштириш учун ниҳоятда фаоллашиши ҳолатлари кузатилмоқда. Бунинг оқибатида эса процесс иштирокчиларида “суд айблов тарафида экан, барибир айблов ҳукми чиқаради”, деган янглиш хулоса юзага келади.
Ваҳоланки, жиноят ишлари юритувида айблаш, ҳимоя қилиш ва ишни ҳал қилиш вазифалари бир-биридан алоҳида бажарилиб, айнан бир орган ёки бир мансабдор шахс зиммасига юклатилиши мумкин эмаслиги муҳим жиноят-процессуал принцип сифатида қонунда мус таҳкамланган. Айнан шунинг учун ҳам Президентимиз мазкур масалага алоҳида эътибор қаратиб, “Судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантирилади. Улар махсус ўқитилади, ишни судда кўришда холис, мустақил бўлиши қонун билан белгиланади”, деб таъкидлади. Албатта, бугунги кунда ҳам прокурорларнинг судларда иштироки бўйича тайёрлов ва малака ошириш дастурлари амалда. Лекин жорий амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, бу тизим ташкилий-ҳуқуқий ва институционал жиҳатдан янада такомиллаштирилишига эҳтиёж бор.
Айнан мана шу тизим Президент фармонида акс этиб, эндиликда суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган янги механизмни жорий этиш мақсадида Одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси тузилмоқда.
Мазкур янги тизимнинг муҳим кафолати шундан иборатки, Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари ўз ваколатларини ҳар қандай орган ва мансабдор шахсдан мустақил равишда, фақат қонунга бўйсуниб амалга оширади ҳамда қонунчиликда назарда тутилган ҳоллардан ташқари уларнинг судда иштироки билан боғлиқ фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, Президентимиз ўз нутқида “Одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиши ва қўшимча ваколатлар берилиши”ни таъкидлаб, шундай деди: “Нима учун адвокатга жиноят иши қўзғатиш ва тугатиш ҳақидаги қарордан нусха берилмайди? Бундай ҳолатд́а тенглик ҳақида қандай гапириш мумкин? Энди судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячи фикри билан бирга қабул қилинади. Айбланувчининг ҳимоячидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим жорий қилинади”.
Дарҳақиқат, бугунги кунда суд-тергов амалиётида тарафларнинг реал тенглиги тўлиқ таъминланган дейиш мушкул. Шубҳасиз, айблов тарафининг ваколатлари ва процессуал имкониятлари ҳимоя тарафига нисбатан жиддий равишда кўпроқ. Айниқса, дастлабки тергов босқичида ҳимоячининг процессуал ваколатлари кам бўлиб, илтимосномалар киритиш, шикоят бериш, шахсларни уларнинг ихтиёрига, асосан, сўровдан ўтказиш ва турли ташкилотлардан маълумотларни адвокатлик сўрови орқали олиш каби ҳуқуқлар билангина чекланган. Айблов томон судга айблов хулосаси тақдим этгани ҳолда, ҳимоя томонда ўз позициясини билдириш имконияти бўлмаслиги тарафлар тенглигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Давлат раҳбари томонидан татбиқ этилиши таъкидланган ҳимоячи фикри эса, шубҳасиз, ҳимоя тарафининг процессуал позициясини мустаҳкамлайди. Ҳимоя фикри суд тергови бошланишидан аввал иккала тарафнинг дастлабки тергов материалларига нисбатан бўлган фикрларини аниқлашга хизмат қилади ва судьяда иш юзасидан ҳар томонлама, холис маълумотга эга бўлишга замин яратади.
Шунингдек, айблов хулосаси билан бирга ҳимоя тарафдан ҳам ўз ҳимоя позицияси қайд этилган процессуал ҳужжатнинг судга берилиши прокурорнинг масъулиятини кучайтириб, ишни синчиковлик билан кўриб чиқишига, процессуал хато ва камчиликларни аниқлашга, тергов сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, ишни қабул қилиб олган судьяда фақатгина айблов хулосасини ўқиши натижасида унда бир ёқлама ёндашув пайдо бўлиб, шахснинг айбли эканлигига деярли ишонч ҳосил қилади. Судьянинг айблов хулосаси билан бирга ҳимоя фикрини ҳам кўриб чиқиши унда суд терговида ҳақиқатни аниқлаш учун ҳаракат қилишга етаклайди.
Бу эса суд муҳокамасида тарафларнинг чинакам тенглигини таъминлаш учун айблов ва ҳимоя тарафлари процессуал имкониятларини мутаносиб равишда белгилашга имкон беради.
Хулоса сифатида айтиш керакки, Президентимиз мамлакат парламенти ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида одил судловни самарали таъминлашда суд назорати доирасини кенгайтириш, тергов сифатини тубдан яхшилаш, ҳимоячи ҳуқуқларини янада мустаҳкам кафолатлаш ҳамда прокурорларнинг судда иштирок этишдаги масъулиятини кучайтириш борасида илгари сурган асосий вазифаларининг ҳар бири мамлакатимизда суд ҳокимияти чинакам мустақиллигини таъминлашга, жамиятимизда ва халқаро майдонда миллий суд тизими нуфузининг ошишига, энг муҳими эса, халқимизнинг одил судловга бўлган ишончи мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Мирзаюсуф Рустамбоев,
юридик фанлар доктори, профессор
- Қўшилди: 19.01.2023
- Кўришлар: 4977
- Чоп этиш