Ахборот кодекси лойиҳаси жамоатчилик таклифлари асосида такомиллаштирилмоқда

Бугунги кунда Конституциямиз ва қонунларимиз талабига кўра сўз, ахборот, эътиқод, фикр ва ғоялар эркинлиги ҳамма фуқароларга тегишли ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, «фуқароларнинг фикр, сўз ва эътиқод эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш – ривожланган демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шартидир».

Сўнгги йилларда оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда қандай янгилик пайдо бўлмасин, турли мунозарали баҳслар, фикрлар, тортишувлар кўринишида ушбу ахборотга муносабатлар билдирилмоқда. Бу ҳам юртимиз оммавий ахборот воситалари ва фуқароларимизнинг фаоллашиб бораётганини кўрсатади.

Ўз навбатида, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг 33-мақсадида фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга оид:

  • ахборот соҳасини тартибга солувчи ягона тизимлаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш;
  • фуқароларнинг ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш маданиятини ошириш;
  • шахсий ва сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни Интернет тармоғида ошкор қилиш билан боғлиқ дахлсизлик ҳуқуқи бузилишининг олдини олиш;
  • кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизимини яратиш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Айни вақтда бу чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Хусусан, ахборот соҳасини тартибга солувчи ягона тизимлаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат – Ахборот кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва 2022 йил 14-29 декабрь кунлари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Бинобарин, Ўзбекистон Президенти бунга қадар ахборот соҳасини тартибга солишга қаратилган мавжуд қонунларни айни шундай Кодекс шаклида уйғунлаштириш ташаббусини илгари сурганди.

Ахборот кодекси лойиҳаси 131 моддадан иборат бўлиб, соҳага доир 8 та қонунни ўзида бирлаштиради. Ҳужжат Ўзбекистонда ахборотдан фойдаланиш, уни эркин ва монеликсиз излаш, олиш ҳамда тарқатишга доир жараёнларни тартибга солишга қаратилган.

Ахборот кодекси лойиҳаси юзасидан журналист ва блогерлар, фаоллар томонидан бир қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Хусусан,  Масс-медиа фонди директори Нозима Давлетованинг эътироф этишича, бундай Кодексни яратиш ғоясининг ўзи – жуда ажойиб. Ушбу ҳужжат ОAВ фаолиятини бошқариши, медиа тўғрисидаги қонунларни тартибга солиши, жамоатчилик муносабатларининг барча иштирокчиларида сўз эркинлиги чегаралари ҳақида аниқ тушунчаларни шакллантириши керак.

Лойиҳа 50 та манфаатдор вазирлик ва идора билан келишилган. Лекин Н.Давлетова мазкур қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилишидан олдин, якуний ҳужжатнинг айрим бандлари Масс-медиа фондига тақдим этилмаганидан ташвишда эканини билдирди.

Яъни, Масс-медиа фонди директорининг таъкидлашига қараганда, “Жамият, давлат ва давлат рамзларига нисбатан таҳқирловчи характерга эга ёки ҳурматсизлик (шунингдек, беҳаё сўзларни ишлатган ҳолда) ифодаланган ахборотни чеклаш тўғрисида»ги 45-модда хавфлидир. Биз, ҳар қандай фуқарони жиноятчига айлантира оладиган бундай мавҳум таърифлар билан сўз эркинлигини ҳимоя ҳам қила олмаймиз ва албатта, мустаҳкамлай ҳам олмаймиз. Шундоқ ҳам журналист ва блогерларнинг ўз кучли цензураси қобиғига ўралиб қолиши ва улардаги мавжуд қўрқув ҳақиқий сўз эркинлиги ривожланишига фақатгина тўсиқ бўлиши мумкин, холос” (қаранг: «Aхборот кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасидаги «хавфли модда»/https://kun.uz/news/2022/12/29/).

Шунингдек, “Kun.uz” сайти мухбири Фаррух Абсаттаровнинг фикрича, лойиҳада ҳар ким ахборотни монеликсиз излаш, олиш ва фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги таъкидланган бўлса-да, уни чекловчи сабаблар ҳам йўқ эмас. Масалан, Кодекснинг 4-моддасида ахборот олишни фақат қонунга мувофиқ ҳамда инсон ҳуқуқ-эркинликлари, конституциявий тузум асослари, жамиятнинг ахлоқий қадриятлари, мамлакатнинг маънавий, маданий ва илмий салоҳиятини муҳофаза қилиш мақсадида чеклаш мумкинлиги айтилган.

“Бизнингча, лойиҳадан чиқариб ташлаш керак бўлган жумла: «мамлакатнинг маънавий ва маданий салоҳиятини муҳофаза қилиш мақсадида ахборот олишни чеклаш». Чунки «маънавий салоҳият» ва «маданий салоҳият» тушунчаларига ҳеч қаерда, Кодекснинг ўзида ҳам аниқлик киритилмаган. Амалдорлар бу нормани цензура учун қурол сифатида ишлатиши мумкин”, деб ёзади Ф.Абсаттаров (қаранг: Ҳуқуқ-эркинликлар, тақиқ ва истиснолар – Ахборот кодекси лойиҳасида нималар ёзилган?/ https://kun.uz/news/2022/12/21/).

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган маълумотида билдирилишича,  Ахборот кодекси лойиҳасининг тегишли нормалари, жамоатчиликдан келиб тушган 100 га яқин таклиф ва эътирозларнинг ҳар бири ўрганилган ҳолда, қайта ишланади. Жамоатчилик фикрлари ҳисобига такомиллаштирилган лойиҳа Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун яна киритилади.

Қолаверса, 2023 йил март-апрель ойларига қадар Адлия вазирлигидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган ҳамда келишилган лойиҳа матни ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда ОАВ масалалари бўйича вакили каби халқаро экспертларга ўрганиш учун етказилади.

Жорий йил май-июнь ойларида халқаро ташкилотларнинг таклифлари асосида тайёрланган Кодекс лойиҳаси муҳокамаси юзасидан ОАВ вакиллари ва журналистлар иштирокида давра суҳбати ўтказилади.

Шундай қилиб, Ахборот кодекси лойиҳаси Олий Мажлисга киритилади. Бунда лойиҳа Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинса, унинг матни қуйи палата расмий сайтида эълон қилиниши керак. Айни тартиб амалдаги қонунчиликда мустаҳкамланган.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech