Рамсар Конвенцияси – 52 ёшда

2 февраль – Бутунжаҳон сувли-ботқоқ ерлар куни

 

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Муқаддимасида “халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлиги” тан олиниши белгиланган. Ҳозирги кунда изчил давом этаётган конституциявий ислоҳот доирасида ишлаб чиқилган ва Интернетда кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, айни вақтда референдумга қўйиш учун маромига етказилаётган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасида ушбу нормадаги халқаро ҳуқуқнинг эътироф этилишига оид тушунча янада аниқлаштирилди.

Шу маънода, Ўзбекистоннинг бошқа кўплаб соҳалар қатори атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам изчил иштирок этаётгани жуда муҳим. Бу ўринда БМТнинг:

  • Иқлим ўзгариши бўйича ҳадли конвенцияси;
  • Чўлланиш ва қурғоқчилик билан курашиш бўйича конвенцияси;
  • Биохилма-хилликни сақлаш бўйича конвенцияси;
  • Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси;
  • Хавфли чиқиндиларни трансчегаравий ташиш ва йўқ қилишни назорат қилиш тўғрисидаги Базель конвенцияси каби халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган мажбуриятлар асосида амалга оширилаётган ишлар алоҳида аҳамият касб этади.

БМТнинг Сувда сузувчи қушларнинг асосий яшаш манзили бўлган халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқ ерлар тўғрисидаги конвенцияси (Рамсар Конвенцияси) ҳам катта эътиборга лойиқ. Чунки мазкур халқаро-ҳуқуқий ҳужжат сайёрамизда биологик хилма-хилликни муҳофаза қилишда муҳим ўрин тутади.

Конвенция (инглизча номи: Convention on Wetlands) 1971 йил 2 февралда Эроннинг Рамсар шаҳрида қабул қилинган. Шунинг учун ҳам ҳар йили айни санада Бутунжаҳон сувли-ботқоқ ерлар куни дунё миқёсида нишонланади.

Бугун 1975 йилда кучга кирган ва сув-ботқоқ ҳудудларини ҳимоя қилиш мақсадларига йўналтирилган дастлабки глобал мазмундаги ҳужжат – Рамсар Конвенцияси қабул қилинганига роппа-роса 52 йил бўлди.

Афсуски, Рамсар Конвенциясининг амал қилишига қарамай, 1970-2015 йиллар оралиғида ер юзидаги сув-ботқоқ ҳудудларининг қарийб 35 фоизи бой берилди. Энг ёмони, 2000 йилдан буён бу номақбул жараён янада тезлашмоқда.

 Мамлакатимиз Рамсар Конвенциясига бундан 22 йил аввал қўшилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 30 августдаги қарори бунинг учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.

Таҳлилларга кўра, юртимиз ҳудудидан бугунги кунда йилига 4 млн.дан зиёд сувда сузувчи қушлар кўчиб ўтади. Мамлакатимизнинг очиқ сув ҳавзалари қушларнинг 100 дан ортиқ тури учун қиш мавсумида тўхташ жойлари ҳисобланади.

Юртимизда ўнга яқин сув ҳавзаси бор бўлиб, улар маҳаллий сув қушлари учун жуда катта аҳамиятга эга. Соҳа мутахассиси И.Нурметовнинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг 3 та йирик сув ҳудуди Рамсар рўйхатига киритилган. Булар:

  • Денгизкўл;
  • Айдар-Арнасой кўллар тизими;
  • Тўдакўл ва Қуйимозор сув омборларидир.

БМТнинг Сувда сузувчи қушларнинг асосий яшаш манзили бўлган халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқ ерлар тўғрисидаги конвенцияси, яъни Рамсар Конвенцияси нормалари халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқ ҳудудларни асраш ва улардан оқилона фойдаланишни талаб этади. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда сувда сузувчи маҳаллий ва ўтар, яъни кўчманчи қушларнинг яшаш муҳитини яхшилашга доимий эътибор қаратиб келинмоқда.

Бу йилги қиш мавсуми ниҳоятда совуқ ва қорли келди. Айниқса, Айдар-Арнасой кўлларининг суви шўр бўлса-да, кейинги 55 йил давомида тўртинчи бор музлади.

Жиззах ҳамда Навоий вилоятлари ҳудудида мавж уриб турган “Саҳро марвариди”, яъни Айдар-Арнасой кўллари тизими ўзига хос табиати, жонли флора ва фауна олами билан ажралиб туради. Ҳозирги пайтда унинг бир учи Жиззах вилоятининг Арнасой, Зафаробод, Мирзачўл ва Фориш туманлари чўл, дашт ҳамда қиру адирлари узра чўзилиб, Навоий вилоятининг Нурота тумани ва Қизилқум чўллари узра оппоқ қор ва муз қоплаб ястаниб ётибди.    

Қадимда Тузкон номи билан танилган Айдар ва Арнасой кўллари бирлашиб, Айдар-Арнасой кўллари тизими номи билан аталмоқда. Ушбу кўллар катталиги бўйича Марказий Осиёда тўртинчи ўринда туради.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур кўллар тизимида тўпланган сув юртимиздаги барча сув омборларидаги сув ҳажмидан икки ҳисса кўп экан. Айдар-Арнасой кўллар тизимининг умумий майдони 370 минг гектар, узунлиги 190 километр, ўртача кенглиги эса 21 километр. Энг чуқур қисми 30 метрни, ўртача чуқурлиги 7 метрни ташкил этади.    

Олимларнинг фикрига кўра, бундан 15-20 йиллар илгари кўл ҳудудида 37 турдаги 192 мингта қуш рўйхатга олинган. Бугунги кунда эса сув ўтлари ва балиқлар билан озиқланадиган 20 турдаги қушлар қолган. Уларнинг сони йилдан-йилга камайиб, айримлари йўқолиб кетиш арафасида турибди.

Ҳар йили декабрь, январь-март ойларида бу ерга 400 га яқин қуш турлари қишлаш учун учиб келади. Кўлнинг кичрайиб, минераллашиш ва тузланиш даражасининг ортиши 13 турдаги халқаро, 24 турдаги миллий “Қизил китоб”га киритилган қушларнинг йўқ бўлиб кетишига олиб келиши мумкин.    

Айдар-Арнасой кўллар тизими аномал совуқ натижасида оқим кириб турувчи жойларда 8-10, кўлнинг ўрта қисмида тахминан 20-25 сантиметргача музлаган. Кўлга элтувчи жангалзор ва қумликлар қалин қор ва музликлар билан қоплангани сабабли кўлнинг ўрта қисмига боришнинг имкони йўқ.    

Хўш, бу музлаш турли қуш, балиқ ва бошқа ҳайвон турларига қанчалик таъсир қилади? Ушбу жонли фаунани асраб қолиш учун қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?    

ЎзА мухбирининг қайд этишича, ҳаво ҳароратининг совуқлиги, қалин қор, музликларга қарамасдан, бу ерда зарур биотехник тадбирлар ўтказилмоқда. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, кўлдан йилига 4 минг тонна балиқ овланади. Яқин келажакда Айдар-Арнасой кўлларида тадбиркорларни жалб қилган ҳолда балиқ етиштириш ҳажмини янада кўпайтириш режалаштирилган.

Бу борада Айдар-Арнасой кўллар тизимининг экологик ҳолатини яхшилаш бўйича қабул қилинган дастур алоҳида аҳамият касб этади. Жумладан, кўллар тизими қирғоқлари бўйидаги 800 гектар ерда дарахт ва буталар экилмоқда. Ўтган  йилнинг куз фаслида бу ерда кўплаб дарахт ва бута кўчатлари экилди. Айдар-Арнасой кўллар тизими ўша ҳудуддаги табиат мувозанатини сақлаб туришда жуда қўл келади.

 Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, кейинги кунларда юртимизнинг айрим минтақаларида тунда ҳарорат –18, баъзи жойларда –20 даражагача совиб кетди. Бунинг оқибатида озуқа топа олмаган қушлар, ҳайвонларнинг очликдан совуқда музлаб қолиши ва нобуд бўлиши ҳоллари ҳам кузатилди.

Шунга қарамай, жониворларни, жумладан, юртимизга олис ўлкалардан паноҳ истаб келган ўтар қушларни асраб қолиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Зеро, жонли наботот ва ҳайвонот дунёси омон қолишига кўмаклашиш инсонга хос эзгу фазилатдир.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech