Барчамизга аёнки, кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг ташкилий-ҳуқуқий базасини мустахкамлаш, бу бўйича халкаро стандартларни миллий конунчиликка имплементация килиш, бу масалалар юзасидан халкаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш стратегик йўналишга айланди.
Буни юртимиз инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан зиёд халқаро ҳужжатлар, жумладан, БМТнинг 6 та асосий шартномаси, 4 та факультатив протоколига қўшилгани ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилингани ҳам тасдиқлайди.
Мазкур йўналишдаги мақсадларга эришишда таълим дастурлари муҳим аҳамиятга эга эканлиги ўз-ўзидан тушунарли. Негаки, ҳар бир ислоҳотнинг туб замирида сифатли таълим ётади. Президентимизнинг 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида “Нажот — таълимда, нажот — тарбияда, нажот — билимда. Чунки барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади” дея алоҳида таъкидланиши ҳам бежиз эмас.
Тан олиш керакки, шу кунга қадар инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбияни ривожлантириш борасида муайян муаммолар тўпланиб қолган эди. Буларга барча олий таълим муассасаларида инсон ҳуқуқларини ўргатиш бўйича махсус ўқув курслари йўлга кўйилмаганлиги, дарсликлар ва бошқа ўқув адабиётлари эскирганлиги, замон талабларига жавоб бермаслиги, ушбу соҳани молиялаштириш билан боғлиқ муаммоларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Давлатимиз раҳбари томонидан куни кеча қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан мазкур муаммоларнинг ижобий ечимлари белгилаб берилди.
Жумладан:
- 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” ўқув ва махсус курслари, шунингдек, раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида инсон ҳуқуқ,лари ва гендер тенглик бўйича ўқув курслари (соатлари) жорий этилади;
- “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари”, “Инсон ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари” сингари туркум қўлланма ва рисолалар тайёрланади;
- терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари доимий равишда йўлга қўйилади;
- ҳар йили “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар” миллий танлови ўтказиб борилади;
- ногиронлиги бўлган шахслар, аёллар, болалар ва мигрантлар ҳуқуқлари йўналишларида фаолияти мазкур шахслар билан бевосита боғлиқ бўлган ташкилотларда ўқув курслари ва семинар-тренинглар уюштирилади.
Шу ўринда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш амалиёти ривожланган, жумладан, Франция, Германия, Япония, ХХР ҳамда қўшни ва қардош мамлакатлар — Қозоғистон, Тожикистон, Туркия ва Озарбайжон тажрибасида ҳам мавжудлигини айтиш зарур.
Юртимизда инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий таълим дастурининг қабул қилиниши БМТнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон ҳамда Инсон ҳуқуқлари таълими ва тарбияси тўғрисидаги декларациялари, 1993 йилги Вена декларацияси ва Ҳаракат дастури ҳамда 2018 йил 27 сентябрда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш томонидан қабул қилинган “39/3. Инсон ҳуқуқлари бўйича жаҳон таълим дастури” талаб ва тавсияларига ҳам тўла мос келади.
Умуман олганда, ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар, юқорида номи келтириб ўтилган қарордан келиб чиқиб, янгича ёндашувлар асосида давом эттирилади. Бу жараённи назорат қилиб бориш биз, парламент вакилларидан катта масъулият талаб этади.
Арзиқул СОАТОВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси
- Қўшилди: 13.02.2023
- Кўришлар: 4474
- Чоп этиш