Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг матбуот котиби, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзо жорий йилнинг 3 ноябрь куни Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида ташкил этилган “маърифат соати” меҳмони бўлди.
Университетнинг магистратура босқичи талабалари иштирок этган “маърифат соати”да таниқли журналист ва шоир Ғулом Мирзо Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолияти, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини, шу жумладан сўз эркинлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, бу борада Миллий марказ томонидан бажарилаётган ишлар, хусусан “Инсон ҳуқуқлари кутубхонаси” туркуми остида чоп этилган янги нашрлар тўғрисида маъруза қилди.
Маърузада таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда халқ билан мулоқот, одамларнинг орзу-интилишлари, дарду ташвишлари билан яшаш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолияти янада такомиллашди. Мамлакатимиз тарихида илк бор 2020 йил 22 июнда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси қабул қилинди. Унда 14 та асосий вазифа қайд этилган бўлиб, шундан иккитаси сўз эркинлигига тааллуқли. Яъни, саккизинчи ва ўн иккинчи вазифа “сўз ва фикр эркинлиги, маълумот олиш... соҳаларида ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш” ҳамда “инсон ҳуқуқлари соҳасида ахборот-маърифий фаолиятнинг сифати ҳамда манзиллилигини яхшилаш”дан иборат.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази мазкур вазифалар ижроси доирасида “Инсон ҳуқуқлари кутубхонаси” туркумида ҳуқуқий адабиётлар нашр этмоқда. Ушбу нашрлар аҳолининг барча қатламларини қамраб олиб, юртимизнинг энг чекка ҳудудларигача етиб боради ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга хизмат қилади.
“Маърифат соати” тингловчиларида Миллий марказ томонидан 2021 йилда нашр этилган “Сўз, фикр ва ахборот эркинлиги: халқаро-ҳуқуқий асослар” тўплами, айниқса, катта қизиқиш уйғотди. Ушбу тўпламда бир қатор халқаро ва минтқавий ташкилотлар доирасида қабул қилинган 48 та халқаро-ҳуқуқий ҳужжатнинг сўз, фикр ва ахборот эркинлигига доир қоидалари жамланган. Китобнинг ўзига хос хусусиятлари қуйидагилардан иборат.
Биринчидан, тўпламнинг биринчи бобида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ЮНЕСКО ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларидаги сўз, фикр ва ахборот эркинлигига доир нормалардан намуналар келтирилган.
Учта муҳим халқаро-ҳуқуқий ҳужжат – Рақамли технологиялар даврида фикрни ифода этиш ва сайловлар эркинлиги тўғрисидаги қўшма декларация, Халқаро раддия ҳуқуқи тўғрисидаги конвенция ҳамда Мустақил ва плюралистик Африка матбуотини қўллаб-қувватлаш тўғрисида Виндхук декларацияси эса тўлиқ ҳолда ва илк бор ўзбек тилида чоп этилган.
Иккинчидан, тўпламнинг иккинчи бобида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Кенгаши, Америка давлатлари ташкилоти, Африка давлатлари ташкилоти ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги минтақавий ҳужжатларининг сўз, фикр ва ахборот эркинлиги билан боғлиқ нормалари тақдим этилган.
Бунда Европа Кенгашининг Фикрни ифодалаш ва ахборот эркинлиги тўғрисидаги декларацияси, Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Америка конвенцияси, Инсон ва халқлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Африка хартияси, шунингдек МДҲнинг Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари тўғрисидаги конвенциясидаги сўз, фикр ва ахборот эркинлигига доир нормалар китобхон эътиборига ҳавола қилинган.
Учинчидан, тўпламнинг учинчи бобида ноҳукумат йўналишдаги халқаро анжуманлар ва нодавлат ташкилотлар қабул қилган сўз, фикр ва ахборот эркинлигига тааллуқли халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар жамланган.
Айниқса, Иоганнерсбург принциплари, София Декларацияси, Таллуар Декларацияси каби халқаро ҳужжатлар, бир томондан, фикрни ифодалаш ва ахборот эркинлиги борасидаги муҳим қоидалари билан машҳур бўлса, иккинчи томондан, ушбу ҳужжатларнинг матни биринчи марта ўзбек китобхонига давлат тилида тақдим этилаётгани аҳамиятлидир.
Икки томонлама мулоқот шаклида ўтган “маърифат соати”да Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг магистрлари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди. Университетнинг магистратура бўлимига, шунингдек тадбирда фаол қатнашган талабаларга Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан нашр этилган китоблар совға қилинди.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали масъул котиби
- Қўшилди: 04.11.2021
- Кўришлар: 3869
- Чоп этиш