Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш

Инсоният яралибдики, тинч, бахтли, саодатли яшашга интилади. Лекин бу интилиш очкўзлик, ҳасад, ҳудбинлик каби иллатлар туфайли баъзиларга орзулигича қолиб келмоқда. Турли уруш ва жанжаллар оқибатида эса инсон ана шундай бахтдан бебаҳра қолмоқда. Бўлиб ўтаётган тўқнашувларнинг асосий сабаби ҳудуд талашиш, бойлик орттириш учун бўлса, яна аксарининг сабаби диний келишмовчиликлардир. Ана шундай можароларнинг олдини олиш учун эса инсоният диний бағрикенглик ғояси остида бирлашиши зарур.

Ўзбекистон азалдан турли миллатга мансуб, турли динларга эътиқод қилувчи халқлар тинч-тотув яшаган ўлка бўлиб келган. Аждодларимиз бошқа дин вакилларига доимо ҳурмат билан муносабатда бўлгани, Ватан тараққиёти йўлида елкадош бўлиб меҳнат қилгани тарихий манбаларда кўп қайд этилган.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолисининг сони 33млн.дан ошган бўлиб, улар 130 дан зиёд миллатга мансуб ҳисобланади. Фуқароларнинг 94% дан зиёди ислом динига эътиқод қилади. 3,5% га яқин фуқаролар православ динига мансуб бўлиб, қолганларини бошқа конфессия вакилларини ташкил этади. Ҳеч шубҳасиз, юртимизда турли соҳаларда эришилаётган барча улкан ютуқларимизнинг замирида жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик ҳисобланади. Ушбу ҳолат давлатнинг катта ёки кичиклиги, дини ва миллатидан қатъий назар, тинчлик ва барқарорлик нақадар азиз неъмат эканини яна бир бор исботлаб бермоқда.

Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “ҳужралар” ташкил этиш, диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда. Айниқса, интернет тармоғида турли номлар билан чиқиб, фуқароларга таҳдид қилаётганлар ҳам йўқ эмас. Таъкидлаш зарур, диний эсктремизмга қарши курашиш ҳар бир инсоннинг ўзида бўлиши шарт. Турли интернет тармоғи орқали эълон қилинадиган ёт ғояларга қарши курашиш ҳамда эзгулик сари қадам ташлаб инсоннинг тафаккурини бойитишда хизмат қилади. Афсуски, баъзан инсонлар нотўғри тарғибот сабаб ўз ишини реал ҳаётга яқинлаштириб, ёт ғояларни тарқатувчи ташкилотларни исломий давлат барпо этган ҳолда дунёда адолат ўрнатишни мақсад қилган ташкилот деб ҳисоблайди. Бундай фикрловчилар Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам бор экани ҳеч кимга сир эмас. Бу каби ёшлар инсонларга қарши содир этилаётган жиноятларни гўёки халифалик қуриш учун жоиз амал ҳисоблаб қаттиқ адашмоқдалар. Аслида, мутаассиб оқим аъзоларининг мақсадлари ёшларимизни оиласи ва яқинларининг таъсиридан чиқариш, ўқиш ёки ишидан ажратиб олишдир.

Диний эстремизм нима ўзи? Диний экстремизм – баъзи диний ташкилотлар ёки айрим диндорларнинг жамият қонун-қоидаларига мос келмайдиган мафкураси ва фаолиятидир. Диний экстремизм кўпчилик динларда мавжуд бўлиб, унинг тарафдорлари ўз олдига сиёсий мақсадларни қўяди.

Мамлакат ва жамият хавфсизлиги азалдан давлатнинг асосий масалаларидан бўлиб келган. Айниқса, юртимиз мустақиллика эришгач, хавфсизликни таъминлаш вазифаси долзарб аҳамият касб этиб борди. Чунки дунё майдонида терроризм ва диний ақидапарастлик оқими, буюк давлат шовинизми каби ёвуз ниятни кўзловчи оқимлар ўзга давлатларнинг ривожланишига таҳдид солиш ва бу орқали дунёга ҳукмронликка эришишга интилмоқда. Жаҳон миқёсида инсон онги ва қалби учун кураш шиддат билан давом этмоқда. Таъкидлаб ўтиш лозим, бугун мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам хатарли. Чунки мафкура полигонлари бу инсон онгидир. Унда синаш учун қуйилган ғоя агар қалбдан жой олса, инсонни маълум мақсад йўлида ҳаракатга келтиради. Ўта глобаллашган фан-техника асрида инсон онги ва қалби синовдан ўтказилмоқда. Инсон онгига ақидапараст кучлар ёт ғояларни қуйишга ва бу билан маълум мамлакатларнинг ичида сиёсий тарқоқлик, бошбошдоқликни келтириб чиқаришга ва шу билан ҳокимият тепасига келишга интилмоқдалар. Худди шу каби бизнинг озод ва обод ватанимизнинг тинчлиги, осойишталигини кўролмаётган баъзи кучлар мамлакатимизнинг барқарорлигига рахна солишга интилаётирлар. Инсон доим тинчлик қадрига етиб, салбий кучларга қарши курашиши лозим.

Шундай экан, биз бундай ҳолга асло лоқайдлик билан муносабатда бўлмаслигимиз, чуқур билим ва малака билан вазиятни оқилона баҳолашимиз ва қарор қабул қилишимиз, хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирларини юқори даражада амалга ошириш даркор деб ўйлаймиз.

Биз дин бундан буён ҳам аҳолини энг олий руҳий, ахлоқий ва маънавий қадриятлардан, тарихий ва маданий меросдан баҳраманд қилиши тарафдоримиз. Лекин ҳеч қачон диний даъватлар ҳокимият учун курашга, сиёсат, иқтисодиёт ва қонуншуносликка аралашиш учун байроқ бўлишига йўл қўймаслигимиз шарт. Чунки бу ҳолни давлатимизнинг хавфсизлиги, барқарорлиги учун жиддий хавф-хатар деб ҳисоблаймиз.

Диний экстремизм – жамият учун анъанавий бўлган диний қадриятлар ва ақидаларни рад этиш, уларга зид бўлган ғояларни алдов ва зўрлик билан тарғиб қилишга асосланган назария ва амалиётни англатади.
Экстремизм ва терроризм бир-бири билан боғлиқ бўлган ягона жараённинг бирин-кетин ривожланадиган босқичларидир. Диний-экстремизм келиб чиқишининг биринчи ва асосий сабаби мутаассиб фикр ва қарашларнинг пайдо бўлишидир. Мутаассиблик муайян ғояларнинг тўғри эканига қаттиқ ишониш, уларга муккасидан кетиш, “ўзгалар” ва “ўзгача” қараш ва ғояларга муросасиз муносабатда бўлиш, бошқа фирқа ва мазҳабларни бутунлай рад этган ҳолда, уларни тан олмасликда намоён бўлади. Мутаассиблик барча даврларда турли дин ва йўналишлар орасида кескин низо ва тўқнашувлар келиб чиқишига сабаб бўлган. Айни пайтда, дунёвий ва диний билимларнинг саёзлиги, соф диний тушунчаларнинг асл мазмунини билмаслик ҳам диний экстремистик ғояларнинг тарқалишига сабаб бўлиши мумкин. Юқорида қайд этилганидек, диний экстремистик ташкилотларнинг аксарияти ўз номини муқаддас ислом дини билан боғлашга уринади. Улар ўзларини “нажот топган гуруҳ”, қолган мусулмонларни эса кофир деб ҳисоблайдилар.

Таъкидлаш лозим, “Ислом” сўзининг луғавий маъноларидан бири “тинчлик” бўлиб, у ҳеч қачон бузғунчиликка, қотилликка ундамаган ва ундамайди ҳам. Замонавий террорчилар эса бузғунчилик ва қотиллик, одамларни даҳшатга солишни ўзларининг маслакларига айлантириб олганлар. Охирги пайтларда дунёнинг кўплаб минтақаларини қамраб олган терроризм ва экстремизм билан боғлиқ муаммолар фаол муҳокама қилинмоқда. Терроризм ва диний-экстремизмга қарши кураш Марказий Осиё минтақаси, хусусан, Ўзбекистон учун ҳам долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда диний-экстремистик, террористик гуруҳлар фаолиятида муҳим ўзгаришлар кузатилмоқда. Ўзбекистон ва бошқа давлатларда диний-экстремистик, террористик ҳаракатларга нисбатан олиб борилаётган муросасиз ёндашув натижасида гуруҳ аъзолари ўз ҳаракатларини очиқ намоён этишни маъқул кўрмай, аксинча, хуфёна тарғибот-ташвиқот ишлари орқали, жумладан, интернет орқали ўз ғояларини тарқатиш билан фаолиятларини жадаллаштиришмоқдалар.

Ғоявий жиҳатдан миллий манфаатларга зид бўлган диний мазмундаги маҳсулотларни республика ҳудудига олиб кириш ва тарқатишга уриниш ҳолатлари Ўзбекистонда ҳам кузатилмоқда. Бу каби экстремистик руҳдаги маҳсулотларни интернет ва бошқа йўллар орқали тарқатилиши аҳоли томонидан диннинг нотўғри талқин этилишига, кам маълумотга эга ўқувчилар маънавий онгининг бузилишига, турли эътиқод ва қарашларга эга бўлган одамлар, хусусан ёшлар орасида адоват ва хусумат уйғонишига замин яратмоқда. Шундай экан, ҳар бир инсон бундай салбий иллатларга қарши курашиши шарт.

Тилимизда толерантлик атамасини ҳам ишлатамиз. Толерантлик нима? Толерантлик – лотинча сўздан олинган бўлиб, сабр-тоқат, бағрикенглик, ўзгаларнинг турмуш тарзи, фикр-мулоҳазалари, ғоя ва эътиқодларига нисбатан тоқатли бўлиш, деган маънони ифодалайди. Ҳозирги дунёда толерантлик оʻта муҳим аҳамият касб этади. Иқтисодиётнинг глобаллашуви ва янада мобиллашуви, коммуникацияларнинг тез ривожланиши, интеграция ва ўзаро бағрикенглик, кенг миқёсли миграция ва аҳолининг кўчиб юриши, бошқа жамиятда ушбу тамойилнинг аҳамиятини кучайтиради. Бағрикенглик тамойили ақидабозликдан, ҳақиқатни мутлақлаштиришдан воз кечишни англатади ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қоидаларни тасдиқлайди. Бу тамойилга кўра, ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркиндир ва ҳар ким бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканлигини тан олмоғи лозим. Бир кишининг қарашлари бошқаларга мажбуран сингдирилиши мумкин эмас. Толерантликни алоҳида шахслар, гуруҳлар ва давлатлар намоён қилиши лозим. Уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ЮНЕСКО 1995 йил "Бағрикенглик тамойиллари декларацияси"ни қабул қилган. Жамиятда турли халқлар, миллатлар ва динларнинг ўзига хос хусусиятларига нисбатан толерантлик муносабатини юртимиз мисолида коʻриш мумкин. Мамлакатимизда турли тоифадаги одамлар, сиёсий кучлар ва партиялар ўртасидаги ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик тамойили ижтимоий тараққиётнинг энг муҳим омилларидан биридир.

Хулоса сифатида айтиш лозимки, мамлакатимизнинг тинчлиги қадрига етиб, турли салбий иллатларга, хусусан, диний экстремизм, терроризмга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг инсоний бурчи ҳисобланади. Бунга эса фақат ўзида куч топа олиши, сабр ва тоқат билан енгиши мумкин.

Cевара Ишмуратова, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказ Умумий бўлим бошлиғи

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech