Кейинги йилларда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўп миллатли катта ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қараш руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга йўналтирилган кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилди.
Президентимиз Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганидек, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қоидалари турмушга фаол татбиқ этилмоқда, бу қоидалар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари миллатидан қатъи назар Ўзбекистон халқини ташкил этишини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ўзининг ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг тили, урф-одати ва анъаналарига ҳурмат билан муносабатда бўлишини, уларни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратилишини эълон қилади ва кафолатлайди”[1].
Чиндан ҳам, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг Муқаддимасида Ўзбекистон халқи ушбу Конституцияни, жумладан, «фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида» қабул қилгани алоҳида таъкидланган. Шу маънода, Асосий Қонунимиз – биз учун нафақат муҳим ҳаётий қўлланма, балки ғурур-ифтихор, керак бўлса, ушбу заминда истиқомат қилаётган, жинси, ирқи, миллати, тили, динидан қатъи назар, барча инсонлар учун мустаҳкам бир ҳуқуқий ҳимоя ҳисобланади.
Конституциямизнинг 4-моддасида Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили экани мустаҳкамлангани баробарида, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиши қайд этилган. Шу асосда ҳозирги вақтда мамлакатимиз таълим муассасаларида ўқиш 7 тилда олиб борилаётгани, газета ва журналлар 10 дан ортиқ тилда чоп этилаётгани, теле-радио кўрсатувлари ва эшиттиришлари эса 12 тилда эфирга узатилаётгани жуда муҳимдир.
Бош Қомусимизнинг 8-моддасида «Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади» деган норма белгилаб қўйилган. Ана шу конституциявий талабдан келиб чиқиб, ўз тақдирини Ўзбекистон билан боғлаган, мамлакатимиз фаровонлиги йўлида ҳалол ва виждонан меҳнат қилаётган, ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра фуқаролиги бўлмаган шахсга айланиб қолган фуқароларнинг ҳаётий муҳим масалаларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимиз фуқаролигига қабул қилиш, чегара муносабатларини тартибга солиб, оға-ини, қардош-биродар бўлиб яшаган халқларнинг азалий муносабатларини қайта тиклаш, уйсизларга уй бериб, муҳтожларга мурувват кўрсатиш, давлат идораларини тўла-тўкис халқ учун хизмат қилдириш каби узоқ йиллар давомида ўз ечимини кутган бундай оғриқли муаммоларни ҳал этиш осон кечгани йўқ. Табиийки, буларнинг барчаси — юксак ақл-идрок, донишмандлик, оқилона сиёсат, фидойилик ва матонат маҳсули.
Конституциямизнинг 18-моддаси талабига кўра, «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар». Ҳозирги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила бўлиб яшамоқда. Улар барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилиб, ривожланган бозор иқтисодиётига асосланган демократик ҳуқуқий давлат қуришга ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга катта ҳисса қўшмоқдалар.
Чиндан ҳам, Ўзбекистоннинг бойликлари кўп, лекин энг катта бойлик, энг юксак қадрият – жамиятда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликдир. Зеро, бугунги даврда ҳаётнинг ўзи турли миллат, эътиқод ва дин вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ҳукм сурган шароитдагина умумий хонадонимиз бўлган Ватанимиз ва жамиятимиз, ҳар биримизнинг оила-рўзғоримиз, фарзандларимиз келажагини таъминлашга эришиш мумкинлигини кўрсатиб турибди.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган, кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилган ва 2017 йил 7 февралда тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Бу дастуриламал ҳужжатнинг бешинчи устувор йўналиши «Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш»[2] деб номлангани бежиз эмас.
Чунки давлатнинг мустақиллиги ва суверенитетини, минтақамизда хавфсизлик, барқарорлик ҳамда аҳил қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш, жаҳон ҳамжамиятида юртимизнинг нуфузини ошириш йўлида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни янада кучайтириш, мамлакат атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва яқин қўшничилик муҳитини яратишга қаратилган ўзаро манфаатли ва амалий сиёсат юритиш давр талабидир.
Буларнинг барчаси, ўз навбатида, аҳоли, айниқса, ёшлар онгида инсонпарварлик қадриятларини, турли миллат вакиллари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, бу борада амалга оширилаётган ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни тақозо этди. Шу сабабли давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 майда «Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги[3] фармони қабул қилинди.
Юртбошимиз ташаббуслари асосида кейинги даврда мамлакатимиз ҳаётининг турли соҳларида амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар суръати ва самараси, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий жиҳатдан эркинлаштириш ва жамият ҳаётининг бошқа жабҳаларида эришилган салмоқли муваффақиятлар таҳлили Ўзбекистон халқи ягона ғоя – Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича олижаноб мақсадлар ва ғоят муҳим вазифаларга эришишдан иборат ягона мақсад атрофида бирлашганлигини таъкидлаш учун барча асосларни беради.
Шу билан бирга, халқаро ва минтақавий муносабатларда давом этаётган глобаллашув ва трансформация, дунёда иқтисодий, сиёсий, миллий, диний ва бошқа зиддиятлар кучайиб, ахборот ва кибермаконларида қарама-қарши кураш ортиб бораётган бир шароитда миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш соҳасида ўз ечимини тақозо этаётган бир қатор долзарб масалалар сақланиб қолаётганини кўрсатди. Жумладан:
биринчидан, миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш соҳасида давлат органлари ва ташкилотларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик даражасини янада ошириш;
иккинчидан, жамиятда юзага келиши мумкин бўлган можароли вазиятлар ва ихтилофларнинг барвақт олдини олиш ва уларни профилактика қилиш бўйича фаолиятни ташкил этиш асоси сифатида жойларда миллатлараро муносабатлар ҳолатини мониторинг қилиш тизими ва механизмларини йўлга қўйиш;
учинчидан, миллатлараро муомала маданиятини тарбиялаш, Ўзбекистон халқининг тарихи ва анъаналарини ўрганиш бўйича таълим, ахборот ва маданий-маърифий чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш; миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш соҳасида давлат органлари мутахассисларини, шунингдек, бошқа ташкилотлар ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасидаги ишларни такомиллаштириш бугунги ислоҳотларнинг долзарб талабидир.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 15 ноябрда “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармон[4] қабул қилингани айни муддао бўлди.
Давлатимиз раҳбари айни соҳада имзолаган икки ҳужжат, яъни 2017 йил 19 майдаги ва 2019 йил 15 ноябрдаги фармонлари бир-бирини қайси жиҳатлар билан тўлдиради, деган савол туғилиши табиий.
Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 19 майдаги Фармони жамиятда барқарорлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш, фуқаролар онгида катта, кўп миллатли ягона оилага мансублик туйғусини мустаҳкамлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган таъсирчан ташкилий-институционал чора-тадбирларни ўзида қамраган.
Бу ҳақда фикр юритганда, авваламбор, шу пайтга қадар фаолият юритиб келган иккита йирик тузилма – Республика байналмилал маданият маркази ва Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилганини таъкидлаш лозим.
Бунинг натижасида Республика байналмилал маданият маркази, 138 миллий маданий марказ, Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши, шунингдек, 34 дўстлик жамияти ягона Қўмита негизида бирлашди. Эндиликда ушбу Қўмита жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, тинчликсевар сиёсатни, мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида эришилган ютуқ ва муваффақиятларни кенг тарғиб қилиш, халқаро ҳамжамият, шу жумладан, чет элдаги ҳамюртларимиз диаспораси билан дўстликни мустаҳкамлашга доир давлат сиёсатини изчил амалга оширмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосарлари тегишли ҳудудларда миллатлараро муносабатларни ривожлантириш ва хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқаларни йўлга қўйиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш билан шуғулланмоқда.
Ўз навбатида, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 15 ноябрдаги фармони асосида миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини изчил амалга ошириш ва янада такомиллаштиришга доир энг муҳим вазифалар белгилаб берилди. Бу истиқболли вазифалар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси талаблари доирасида амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Биринчидан, миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланди.
Иккинчидан, Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси тасдиқланди.
Учинчидан, 2019–2021 йилларда Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Бугунги кунда мазкур Концепция ва “Йўл харитаси”нинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини мувофиқлаштириш ҳамда мониторинг қилиш билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси изчил шуғулланмоқда. Бунда Президентимиз Фармони доирасида ушбу Қўмитанинг тузилмаси янада такомиллаштирилгани муҳим аҳамият касб этди.
Бу ўринда, аввало, Қўмита таркибида Миллатлараро муносабатлар бўйича илмий-амалий тадқиқотлар маркази ташкил этилгани ҳақида гап бормоқда. Бугунги кунда янги Марказ миллатлараро муносабатлар соҳасида тизимли асосда илмий, шу жумладан, ижтимоий тадқиқотлар, шунингдек, мазкур йўналишдаги жараёнлар ривожининг мониторингини олиб бормоқда.
Бундан ташқари, Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини амалга оширишни таъминлаш бўйича комиссия тузилди. Комиссиянинг асосий вазифаси жамиятда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини, уларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар қонун олдидаги тенглигини таъминлашга қаратилган миллатлараро муносабатларни такомиллаштириш ва тартибга солишдан иборат.
Айни пайтда Комиссия миллатлараро муносабатлар соҳасида ишлар ҳолатининг жойларга чиқиб тизимли ўрганилишини ташкиллаштирмоқда. Концепция ва “Йўл харитаси”ни амалга оширишда Қўмита, шунингдек вазирлик ва идоралар фаолиятини самарали мувофиқлаштириш, қилинган ишлар тўғрисида уларнинг раҳбарлари ҳисоботларини доимий равишда эшитиш ишлари тизимли асосда йўлга қўйилганида, шубҳасиз, соҳадаги ана шу туб янгиланишлар улкан ўрин тутади.
Яна бир муҳим жиҳат: Президентимиз 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини қайд этиб, БМТ Бош Aссамблеясининг резолюцияси билан ҳар йили 30 июль – Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланиши, шу боис мазкур санани Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилашни таклиф этгани юртимизда истиқомат қилувчи кўп миллатли фуқароларимизни бениҳоя қувонтирди.
Эндиликда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 10 февралдаги Қонунига асосан, мамлакатимизда 30 июль – Халқлар дўстлиги куни этиб белгиланган. Бу Қонун ҳудудида 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари ўзаро аҳилликда истиқомат қиладиган Ўзбекистон жамиятида халқлар ва давлатлар ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга қаратилгани билан жуда муҳимдир.
Президентимиз 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида жаҳон ҳамжамияти олдида турган долзарб масалаларга тўхталиб, “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш бўйича таклиф билдирганди. 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси 73-сессияси 51-йиғилишида “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси 193 та аъзо мамлакат томонидан якдиллик билан қабул қилинди.
“Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясининг айнан Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилишида ўзига хос рамзий маъно бор. Бугун миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш борасидаги Ўзбекистон намунаси жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Бинобарин, она заминимизда динлараро бағрикенглик ва миллатлараро ҳамжиҳатлик чуқур тарихий илдизларга эга.
Хулоса қилиб айтганда, жамиятимизда дўстлик ва аҳиллик, тинчлик ва барқарорлик муҳитини мустаҳкамлаш, ҳеч шубҳасиз, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, гуманитар ва маънавий соҳаларда шиддатли ислоҳотларни изчил амалга ошириш ҳамда халқаро майдонда мамлакатимиз нуфузини янада юксалтиришнинг муҳим омили ва зарур шарти ҳисобланади. Бу ҳаётий ҳақиқат амалда ўз тасдиғини топмоқда.
Энг муҳими, Президент Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан миллатлараро муносабатлар, мамлакатимизда яшаб келаётган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ва ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар самаралари халқаро ташкилотлар, қолаверса, кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда. Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари, бир томондан, Конституция ва Ҳаракатлар стратегияси, иккинчи томондан, мамлакатимиз қўшилган халқаро шартномалар, жумладан, БМТнинг Барқарор тараққиёт мақсадларига тўла ҳамоҳангдир.
Акмал САИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
[1] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 ноябрда қабул қилинган “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони//https://xs.uz/uzkr/post/millatlararo-munosabatlar-sohasida-ozbekiston-respublikasi-davlat-siyosati-kontseptsiyasini-tasdiqlash-togrisida
[2] Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 6-сон, 70-модда, 20-сон, 354-модда, 23-сон, 448-модда, 37-сон, 982-модда.
[3] Халқ сўзи, 2017 йил 23 май.
[4] https://xs.uz/uzkr/post/millatlararo-munosabatlar-sohasida-ozbekiston-respublikasi-davlat-siyosati-kontseptsiyasini-tasdiqlash-togrisida
- Қўшилди: 30.07.2021
- Кўришлар: 9841
- Чоп этиш