Миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли

21 февраль – Халқаро она тили куни

“Кўнгил қулфи махранинг қулфи тил ва гулфин калитин сўз бил”. Буюк Алишер Навоийнинг ушбу таърифи, яъни  сўз инсон қалби хазинасининг калити эканлиги тилнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ўзида мужассамлаштирган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир”.

Ҳар бир миллатнинг она тили халқаро миқёсда ҳам эътироф этилади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ихтисослаштирилган ташкилоти – ЮНЕСКО 1999 йил 17 ноябрда ўзининг Бош конференциясида  тил ва маданий турфалик ҳамда кўп тилликни қўллаб-қувватлаш мақсадида 21 февраль – Халқаро она тили куни деб белгиланди. Ушбу сана 1952 йилда Даккада талаба ёшларнинг ўз она бенгал тилини мамлакат давлат тилларидан бири сифатида тан олинишини талаб қилиб  намойишга чиққанларида полиция ўқларидан ҳалок бўлганликларнинг хотираси сифатида танланган эди.

2003 йилда нишонланган Халқаро она тили кунида ЮНЕСКОнинг Бош диретори К.Мацуура шундай деган эди: “Нега она тилга бу қадар катта эътибор берилади? Чунки тил инсон ижодиёти бутун турфалигининг бетакрор ифодасидир. Тил алоқа, англаш ва мулоҳаза юритишга хизмат қилиб, дунёни қандай тасаввур этишимизни ифода этибгина қолмасдан, ўтмиш, бугунги кун ва келажакни акс эттиради. Она тил эса ҳар бир инсоннинг туғилишидан бошлаб, у кейинчалик қанча кўп бошқа тилларни ўзлаштирмасин, атрофини ўраб турган воқеликни алоҳида кўз билан кўриш ва чуқур англай олишни бир умрга сақлаб қолади”.

Ҳақиқатан ҳам тил дунё халқларининг ўз миллий моддий ва маънавий меросини сақлаш ва ривожлантиришнинг қудратли воситасидир. Бевосита замон билан ҳамнафас бўла оладиган она тил туфайли миллатларнинг маданияти, урф-одатлари сақланиб қолинади, маданияти ҳурмат қилинади.

Аммо ЮНЕСКОнинг баҳолашича, ҳозир  жаҳонда  мавжуд  6000 дан кўпроқ тилнинг тенг ярми  яқин орада умрбод йўқотилади. Тадқиқотлар ҳар икки ҳафтада бир тил ўзи билан бетакрор маданий ва интеллектуал бой меросни ҳам олиб кетаётгани ҳолда  изсиз кетаётганидан далолат бермоқда. Инсониятнинг учдан икки қисми мазкур тиллардан фақат 14 тасида гаплашади, холос.  

Олимларнинг айтишича, тил яшаши ва ривожланиши учун у билан энг камида 100 минг одам гаплашиши керак экан. Аммо мавжуд тилларнинг 96 фоизида жаҳон аҳолисининг атиги 4 фоизигина сўзлашади. Африкадаги тилларнинг 80 фоизидан кўпроғи эса ўз она тилининг ёзувига эга эмас. Минглаб она тилларига эга миллатлар  таълим тизимида ундан  фойдалана олмайдилар. Ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланаётган бугунги кунда аксарият она тилларни Интернетда ишлатишнинг имконияти бўлмаяпти. Яъни миллатлар ўз она тили қолиб, бошқа устувор хорижий тиллардан фойдаланишга мажбур бўлмоқдалар.

Турли қатағонлар, мустамлака сиёсати ва бошқа чеклашларга уринишларга қарамасдан  миллатимизнинг  улуғ, ўзига бек, фидойи  ва матонатли вакиллари  она тилларини фақат  сақлаб қолибгина эмас, мумтоз бадиий асарлари, илм-фандаги оламшумул ихтиролари билан  уни муттасил ривожлантириб ва бойитиб бордилар,    бугунги авлодларга безавол етказиб бердилар. Ана шу мислсиз маънавий жасорат туфайли дунё миқёсида унда 50 миллионга яқин одам сўзлашади. Ушбу миқдор бўйича ўзбек тили юқорида қайд қилинган 14 тил қаторидан ўрин олган.

Она – ўзбек тилимизга 1989 йил 21 октябрда, ҳали Ўзбекистонда давлат мустақиллигига эришилмасдан аввалроқ,  давлат тили мақоми берилганлиги ҳеч шубҳасиз тарихий воқеа бўлди. Буюк алломаларимиз – Беруний, Ибн Сино, Ал Хоразмий, Ал Фарғоний, Алишер Навоий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо тили мустақил давлатимизда ўзининг қонуний ва  эъзозли ўрнини мустаҳкам эгаллади, унинг халқаро миқёсдаги обрўси ортди.  Натижада она тилимиз юртимизда эркин ва озод, фаровон ҳаёт қуришдек буюк марраларга сафарбар этадиган беқиёс куч сифатида майдонга чиқди.

Ўзбек тилининг бойлиги биринчи маротаба 80 мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, адабиёт ва маданият, фан ва техника ҳамда  бошқа соҳаларга оид атамаларни, шеваларда қўлланиладиган сўзларни қамраб олган беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ёрқин ифодасини топди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ва 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  фармонлари она тилимизни эъзозлашнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлади. Ушбу фармонлар билан ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун – 21 октябрь санаси «Ўзбек тили байрами куни» деб эълон қилинди. Махсус Давлат тилини ривожлантириш департаменти, илмий асосланган янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш бўйича Атамалар комиссияси ташкил этилди.  

2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланиб, давлат тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузини оширишнинг аниқ тадбирлари белгиланди ва уларни 2020-2022 йилларда амалга ошириш дастурини амалга оширишга киришилди. Жумладан, раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражасини ошириш,  масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этиш, узлуксиз таълимнинг барча турлари учун ўқув луғатлари яратиш чоралари кўрилмоқда.  Хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тили марказлари фаолияти йўлга қўйилмоқда, “Ўзбек тилининг дўстлари” клублари сони кўпайтириляпти.

Шу билан бирга, давлат бошқаруви, саноат, банк-молия тизими, ҳуқуқшунослик, дипломатия, ҳарбий иш, тиббиёт ва бошқа соҳаларда давлат тилининг имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланиш, унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш, она тилимизнинг софлигини сақлаш ва бойитиб бориш, ахборот ва коммуникация технологиялари, айниқса, Интернетда муносиб ўрнини эгаллашни таъминлашга эътибор кучайтирилди.

Жамиятимизда «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» бош тамойилига амал қилинган ҳолда она тилимизнинг ҳар бир миллатдошимизнинг ҳаётидаги ўрни ва нуфузи тобора ошиб бормоқда. Президентимиз таърифи билан айтганда, давлат тилимизга эҳтиром ва садоқат, она ватанга эҳтиром ва садоқатга айланмоқда.

Эркин ЭРНАЗАРОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech