Минтақавий конференция: пандемия ва инсон ҳуқуқлари

29 октябрь куни Қозоғистон пойтахти – Нур-Султон шаҳрида “Марказий Осиёда Covid-19 пандемияси даврида инсон ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши” мавзуида минтақавий конференция бўлиб ўтди. Онлайн ва офлайн шаклдаги ушбу тадбир ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ҳамда ЕХҲТ Дастурларининг Бишкек, Душанбе ва Нур-Султон шаҳарларидаги  офислари томонидан ташкил этилди.

Минтақавий анжуман инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳасида ишлайдиган шахслар пандемия даврида дуч келаётган муаммолар таҳлилига бағишланди. Унда Марказий Осиё мамлакатларининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари, давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти, шунингдек, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, “БМТ-Аёллар” тузилмаси, Европа Иттифоқи каби халқаро ташкилотларнинг минтақадаги ваколатхоналари вакиллари қатнашди.

 Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламентлараро Иттифоқ Вице-президенти, Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этди ва сўзга чиқди.

А.Саидов ўз сўзининг бошида ушбу минтақавий анжуман айнан 30 октябрь – Бутунжаҳон ҳаёт куни ўтказилишида рамзий маъно борлигини қайд этди. Бинобарин, пандемия барчамизга ҳаёт ва соғлиқ деган неъматлар нақадар бебаҳо эканини теран англатди.

Covid-19 пандемияси оқибатлари ер юзидаги барча инсонлар ва жамоатлар, айниқса, карантин шароитида кўплаб муаммолар гирдобига тушиб қолган аҳолининг заиф қатламлари ҳаётини фавқулодда даражада оғир салбий оқибатларга дучор этди ва бундай мураккаб аҳвол ҳануз давом этмоқда. Шу маънода, ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар, уларнинг бутун жаҳон бўйлаб фаолият олиб бораётган тузилмалари дунё миқёсида инсонларнинг ҳаётини яхшилаш учун минтақавий ҳамкорликнинг муҳимлигига эътибор қаратаётгани ниҳоятда аҳамиятлидир.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ўзининг “Пандемия ва инсон ҳуқуқлари” номли маърузасида таъкидлаганидек, “Бугунги кунда ҳукуматларнинг ҳаракатлари, аввалги вақтлардан фарқли равишда, ўта шаффоф, мослашувчан ва назорат остида бўлиши лозим. Фуқаролик жамияти саъй-ҳаракатлари учун қулай майдон ва матбуот эркинлиги ғоят муҳим аҳамиятга эга. Бу жараёнда жамоат ташкилотлари ва хусусий сектор алоҳида ўрин тутади”.

Пандемия деган офат билан ҳеч қайси давлат якка ўзи самарали кураша олмаслигини ҳаммамиз яхши тушунамиз. БМТ Бош Ассамблеясининг 2020 йил 2 апрелда қабул қилинган “2019 йилги коронавирус касаллигига (Covid-19) қарши курашда глобал бирдамлик” номли махсус резолюциясида ана шу ҳақиқат алоҳида уқтирилган.

Ўзбекистонда эпидемиологик вазиятни самарали назорат қилиб туришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада халқаро амалиёт асосида барча зарур чоралар кўрилмоқда.

Биринчидан, мамлакат миқёсида карантин тизими жорий этилди. Ушбу масалада аҳоли масъулиятини ошириш учун қисқа фурсатларда миллий қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилди. Шунингдек, ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Иккинчидан, коронавирусга қарши кураш самарадорлигини таъминлаш учун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ихтисослашган тиббиёт муассасалари ва карантин зоналари ташкил этилди.

Учинчидан, аҳолини касаллик тарқалишидан барвақт огоҳлантириш    мақсадида кенг кўламдаги тушунтириш ишлари, шу жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали ҳам изчил олиб борилмоқда.

Тўртинчидан, таълим тизимида узлуксизликни таъминлаш учун ушбу тизимдаги барча муассасалар тўлиқ равишда онлайн шаклда масофадан фаолият олиб боришга ўтказилганди. Ҳозирги вақтда аста-секин таълимнинг анъанавий шаклига қайтиш жараёнлари бормоқда.

Бешинчидан, аҳоли озиқ-овқат, дори-дармон ва зарур тиббий воситалар, ҳаёт учун зарур бошқа товарлар билан узлуксиз равишда таъминланмоқда. Имкониятлари чекланган инсонларга, аҳолининг кам таъминланган ва заиф қатламларига беғараз асосда манзилли ёрдам кўрсатиш тизими шакллантирилди. Бу жараёнда нодавлат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари, кенг жамоатчилик ҳам фаол иштирок этмоқда.

Олтинчидан, иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ механизмлар ишлаб чиқилди ва амалда кенг татбиқ этилмоқда. Инқирозга қарши жамғарма ҳам айни шу мақсад йўлида тузилган. Бунда тадбиркорларга солиқлар борасида муайян енгилликлар берилиб, импорт қилинадиган товарлар учун божхона тўловлари анча камайтирилгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Еттинчидан, ҳужжатларни алмаштириш, суғурта полислари ва бошқа шу каби ҳужжатлар муддатларини ўтказиб юборганлик билан боғлиқ қоидабузарликлар учун жазодан озод этиш чоралари кўрилди. Мамлакатимизда бўлиб туриш муддатларини бузган чет эллик фуқароларга нисбатан жарима қўлламаган ҳолда, ушбу муддатларни узайтириш тартиби йўлга қўйилди.

Саккизинчидан, хорижда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини қайтариб олиб келиш ишлари амалга оширилди. Ўтган даврда 11 минг нафардан зиёд фуқаромиз турли мамлакатлардан юртимизга олиб келинди.

Тўққизинчидан, гуманитар ҳамкорлик изчил амалга оширилмоқда. Ўзбекистон пандемия билан курашиш борасида бир қатор мамлакатларга инсонпарврлик ёрдами кўрсатди.

Ўнинчидан, ушбу йўналишлардаги барча чора-тадбирлар миллий қонунчилик асосида амалга оширилмоқда. Биргина кейинги ойнинг ўзида 30 тадан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган бўлиб, жумладан, уларда инсон ҳуқуқларини чеклашнинг аниқ чегаралари белгилаб берилди.

Бош вазир раҳбарлигидаги Махсус комиссиянинг қарорига мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази пандемия шароитларида инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича БМТ ва бошқа тузилмалар билан ҳамкорлик учун масъул ҳисобланади.

Миллий марказ БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ва шартнома қўмиталари, Соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО каби халқаро тузилмаларнинг пандемия шароитида инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги тавсияларини синчиклаб ўрганади. Шу асосда халқаро ташкилотлар томонидан кўтарилган муайян муаммоларга давлат ташкилотлари эътиборини қаратади. Хусусан, ўтган даврда маҳбусларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат стандартларига риоя этиш, адвокатлар ҳуқуқларини рўёбга чиқариш юзасидан мурожаатлар юборилган.

Шунингдек, “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг “Пандемия ва инсон ҳуқуқлари” мавзуига бағишланган сони нашр этилди. Ушбу махсус сон  саҳифаларида, жумладан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, Соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Халқаро меҳнат ташкилоти раҳбарларининг мақолалари эълон қилинган.

Бундан ташқари, Марказ томонидан “Covid-19 ва инсон ҳуқуқлари” номли тўплам тайёрланди ва чоп этилди. Тўпламга киритилган мақолаларда пандемия шароитларида инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги тажриба атрофлича таҳлил этилган.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, 2020 йил июлида БМТнинг Мамлакатимиздаги жамоаси ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги офиси  билан ҳамкорликда Covid-19 муносабати билан жорий этилган чекловлар шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Миллий мулоқот ўтказилди.

Мулоқот БМТнинг Доимий мувофиқлаштирувчиси, ЕХҲТнинг Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ва Соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва мустақил блогерлар мамлакатимиздаги энг йирик карантин зонасини бориб кўрганларидан кейиноқ ташкил этилгани муҳим аҳамиятга эга бўлди. Мазкур карантин зонаси фаолияти учун масъул ҳисобланган мамлакат Бош вазири ўринбосари билан ўша жойнинг ўзида учрашув ташкил этилди.

Миллий мулоқотда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, БМТнинг Қийноқларга қарши кичик қўмитаси, Соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти ЕХҲТнинг Демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Мулоқот якунлари бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Унда карантин зоналаридаги ҳолатни халқаро тиббий-санитария нормалари ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлар нуқтаи назаридан яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Марказий Осиё – дунёдаги аҳолиси энг ёш минтақадир. Бу ерда аҳолининг ўртача ёши 28,6 ёшни ташкил этади. Ўзбекистонда минтақа аҳолисининг қарийб 50 фоизи яшайди ва аҳолимизнинг 60 фоизи 30 ёшгача бўлган навқирон инсонлардир. Шу боис мавжуд вазиятда пандемияга қарши курашни фаоллаштириш доирасида ёшларнинг салоҳиятини ошириш чораларини кўриш ниҳоятда муҳим ва долзарб аҳамият касб этмоқда.

Бунда 2021 йил 8 октябрь куни Женева шаҳрида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 48-сессияси доирасида Ўзбекистон ташаббуси асосида Ёшларнинг инсон ҳуқуқларига COVID-19 пандемияси таъсирининг оқибатлари тўғрисидаги резолюция қабул қилингани алоҳида ўрин тутади. Резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббусини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурган.

Давлатимиз раҳбари ўша нутқида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро механизмларини мустаҳкамлаш зарурлигини алоҳида таъкидлагани бежиз эмас. Зеро, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 48-сессиясида Ўзбекистон киритган Резолюция матни БМТ Кенгашига аъзо 47 та давлат томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Маълумки, бугун ёшларни равнақ топтиришга йўналтирилган муайян маблағлар ажратиш, давлатнинг ёшлар сиёсатини амалда самарали татбиқ этиш учун замонавий инфратузилма барпо этиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳаларида кўплаб муаммолар амалий ечимини кутмоқда. Шу жиҳатдан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг пандемия даврида ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги резолюцияси халқаро ҳамжамиятни бундай муаммоларни биргаликда ҳал этишга чақиради.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech