НАВҚИРОН АВЛОД – ЮРТИМИЗ ИСТИҚБОЛИ, ЁРУҒ КЕЛАЖАГИМИЗ БУНЁДКОРИ

30 июнь – Ёшлар куни. Бу навқиронлик айёми Янги Ўзбекистонда келажагимиз бунёдкорлари бўлмиш ёш авлодни қўллаб-қувватлаш мақсадида бундан роппа-роса тўрт йил аввал эълон қилинган. Шундан буён ушбу сана юртимизда катта байрам сифатида нишонлаб келинмоқда.

Ёшлар куни, айниқса, Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафаси ҳамда 2021 йил – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида янада кўркли ва файзли ўтди. Шу муносабат билан Тошкент Ботаника боғида «Учинчи Ренессанс бунёдкорлари» шиори остида Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форуми ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев форум ишида қатнашиш учун 30 июнь куни Ботаника боғига ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимда маъруза қилди.

 

“Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!”

Давлатимиз раҳбари даставвал юртимиз бўйлаб 6 миллионга яқин ғайрати баланд, интилувчан ўғил-қизларимиз иштирокида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ўтказилган фестиваллар, барча ёшларимиз учун етуклик ва ҳақиқий ватанпарварлик кўриги бўлиб ўтганига эътиборни қаратди. Ушбу фестиваллар бундан буён нафақат вилоят марказларида, балки ҳар бир туман ва шаҳарда ўтказиб борилишини ва уларда кўтарилган масалалар ечими бўйича ҳар йили Ҳукумат алоҳида дастурлар қабул қилишини қайд этди.

Маъхлумки, 2020 йил декабрь ойида мамлакатимизда биринчи марта ўтказилган Ёшлар форуми ҳам миллионлаб ўғил-қизларимиз ҳаётида ёрқин из қолдирганди. Юртимизнинг барча шаҳар ва туманларида ташкил этилган бундай анжуманларда ёшлар томонидан илгари сурилган ташаббус ва таклифларнинг аксарияти “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастуридан жой олди ҳамда изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда.

“Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган умумхалқ ҳаракати сафларида сиз, азиз ёшларимизнинг қудратли тўлқин бўлиб майдонга чиқаётганингиз юксак таҳсинга сазовордир”, деди Президент.

 

 

Бизга янги авлод берунийлари, ибн сино ва улуғбеклари керак

Ёшликка хос шижоат, жўшқинлик ва мардликни, эзгу орзу-интилишларни амалий ҳаракатга айлантириб, салмоқли натижаларга эришиш учун инсон ўз олдига аниқ мақсад қўйиб яшаши керак.

Мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, буюк аждодларимиз эришган оламшумул ютуқлар замирида аввало  она Ватанга, халққа хизмат қилишдек олижаноб мақсад мужассам эканини кўрамиз. Масалан, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек сингари улуғ алломалар, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби шоир ва мутафаккирлар, Абдулла Авлоний, Фитрат, Абдулла Қодирийдек маърифатпарвар адиб ва олимлар машҳур илмий кашфиётларини, ўлмас бадиий асарларини айнан сизларнинг ёшингизда яратганларини ҳаммамиз яхши биламиз ва бу билан фахрланамиз”.

Томирларимизда ана шундай улуғ боболаримизнинг қони оқар экан, уларнинг муносиб ворислари бўлиш, улар каби юксак мақсадлар сари интилиб яшаш барчамизнинг эзгу бурчимиздир. Бинобарин, бугун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этган ҳолда, мамлакатимизда Учинчи Ренассанс пойдеворини яратиш йўлида катта қадамлар қўяётгани бежиз эмас.

Бу шиддатли саъй-ҳаракатлар натижасида юртимизда мутлақо янгича шакл ва мазмундаги Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган мактаблар тизими яратилди. Ушбу мактабларда таълим олаётган кўплаб ўқувчилар нуфузли халқаро танловларда юқори натижаларни қўлга киритмоқда.

Эндиги муҳим вазифа, давлат раҳбари уқтирганидек, “янги авлод берунийларини, ибн сино ва улуғбекларини, хоразмий ва фарғонийларини тарбиялаб, вояга етказишдан иборат”.

 

“Биз парламентда ёшларни қўллаб-қувватлаймиз!”

Сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган инсонлар ташкил этса-да, бутун дунё бўйича ёш депутатларнинг улуши 2,6 фоизга ҳам етмас экан. Яқинда расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлган Парламентлараро иттифоқнинг Бош котиби Мартин Чунгонг Ўзбекистонда бу кўрсаткич 6 фоиздан ошганини юқори баҳолади.

“Биз бу ғоят муҳим йўналишдаги ишларимизни давом эттирган ҳолда, Парламентлараро иттифоқ кўмагида “Биз парламентда ёшларни қўллаб-қувватлаймиз!” деган эзгу ташаббусни амалга оширамиз”, - деди Президент Шавкат Мирзиёев. - Ушбу тизим асосида сиёсий етук ва фаол ёш йигит-қизларимизни миллий парламентимиз ва маҳаллий кенгашлар фаолиятига янада кенгроқ жалб этамиз”.

Бу борада, биринчидан, халқ депутатлари Кенгашлари тавсияси асосида ёш, ғайратли, фидойи ўғил-қизларимиз бундан буён Олий Мажлис депутати ва сенаторларига бириктирилади.

Иккинчидан, маҳаллий Кенгашларда ҳам, худди Сенат ва Қонунчилик палатасидаги каби, ёшлар парламенти вакиллари мактаби ташкил этилади.

Учинчидан, иқтидорли ёшлар орасидан янги авлод захира кадрлари – “Келажак лидерлари” шакллантирилади.

 

Ёш мутахассисларга – кенг йўл

Сўнгги йилларда мамлакат ҳаётининг барча соҳа ва тармоқларида ёшларга эътибор ва ғамхўрлик асосий ўринга кўтарилмоқда. Навқирон авлод вакилларига яратиб берилаётган зарур шароит ва имкониятлар туфайли ўтган 4 йилда 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар сони 5 баробар кўпайиб, улар 500 мингдан ошгани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди.

Давлат раҳбари мамлакатимизда ёш кадрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва тарбиялашга қаратилган сиёсат қатъий давом эттирилишини қайд этди. Шу мақсадда:

  • вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ҳар йили ҳоким, вазир, идора ва банк раҳбарлигига камида 2 нафардан ёш номзодлар захирасини тасдиқлайди;
  • жорий йилдан бошлаб, бундай иқтидорли ёшлар “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари ҳисобидан чет элларда стажировка ўтайди;
  • республикамизда ишлаётган, халқаро нуфузли рейтингларда мингталикка кирган олийгоҳни тугатган ва чет элда илмий иш қилган ёш мутахассисларга қўшимча ҳақ тўланади;
  • ҳар бир вилоят ҳокими ва вазир йил бошида ўз ҳудуди ва тизимига ана шундай ёш мутахассисларни ишга олиб келиш режасини тасдиқлайди;
  • ёш мутахассисларга бериладиган иш ҳақи, уй-жой ва рағбатлантириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилади.

 

Ёшларнинг бандлигини таъминлаш ечимлари

Ислоҳотлар таълим-тарбиядан бошланишининг мазмун-моҳияти – айнан ёшларга ажратилган сармоядир. Оддий мисол: ўзимизнинг оиладан келиб чиқадиган бўлсак, фарзандимизнинг ўқиши учун қанча шароит яратиб, ўқитсак келажакда шу фарзандимиздан кўнглимиз тўқ бўлади.

Янги Ўзбекистон таълим тизимидаги янгиланишлар кўнгилга сурур бағишлайди. Шу билан бирга, ҳозирги мураккаб замонда ёшларни жисмоний ва маънавий баркамол инсонлар этиб тарбиялаш биз учун ғоят муҳим вазифа эканини унутишга асло ҳаққимиз йўқ.

Яъни, бу йил мамлакатимизда мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларини қарийб 560 минг нафар ёшлар тамомлаб, мустақил ҳаётга қадам қўяди. Шу боис Президентимиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолиши таъкидлаган ҳолда, бу борада қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилишини белгилаб берди.

Биринчидан, ҳар ўқув йили якуни билан туман, шаҳар, вилоят ва республика даражасида битирувчилар бандлигини таъминлашга оид дастурлар қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилади.

Иккинчидан, жорий йилда олий маълумот талаб этадиган касб ва лавозимлар қайта кўриб чиқилади ҳамда уларнинг камида 150 таси бўйича бундай талаб бекор қилинади. Бундай енгиллик туфайли 10 мингдан ортиқ ёшлар ишга жойлашади.

Учинчидан, мактабларнинг 10-11-синф ўқувчиларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб ва ҳунарларга ўқитиш тизими йўлга қўйилади.

Тўртинчидан, қишлоқларда яшаётган 230 мингдан ортиқ ишсиз ёшларга деҳқончилик билан шуғулланиш учун жорий йилда 61 минг гектар ер майдонлари ажратилди. Шунингдек, ғалладан бўшаган ерлардан яна 75 минг гектари 170 минг нафар ёшларга такрорий экин экиш учун берилди.

Бешинчидан, ёшларга бериладиган имтиёзли кредитлар ва лизинг асосида 50 мингдан зиёд енгил конструкцияли замонавий автосервис, маиший хизмат, чакана савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари барпо этилади.

Олтинчидан, ахборот технологияларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилади. Шу мақсадда жорий йил якунига қадар Қорақалпоғистон, Андижон, Самарқанд, Сирдарё ва Навоий вилоятларида ёшлар технопарклари фойдаланишга топширилади.

Еттинчидан, ёшларни тадбиркорликка жалб этиш ва уларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш Миллий банк раиси ва банкнинг барча филиаллари раҳбарларининг асосий вазифаси этиб белгиланади.

 

“Илмни қадрланг, илмга интилинг!”

Бугунги кунда дунёда ўқиган, замонавий илм ва ҳунарларни пухта эгаллаган, ёш авлодини айни шу руҳда тарбиялаган халқлар, давлатлар жадал ривожланмоқда. Шунинг учун Ўзбекистон ёшлари ҳам ана шундай юксак даражаларга кўтарилиши учун барча имкониятларни ишга соламиз, деди Ўзбекистон Президенти.

Бу борада, айниқса, қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилади:

  • иқтидорли, лекин олийгоҳда контракт асосида ўқиш имконияти бўлмаган ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим яратилади;
  • янги ўқув йилидан бошлаб барча учун таълим кредити имтиёзли шартларда 7 йил муддатга, Марказий банкнинг асосий ставкасида, яъни жорий йилда 14 фоиз ставкада ажратилади;
  • бунга қўшимча равишда, таълим кредитларини қоплаш учун йўналтирилган маблағлар даромад солиғидан ҳам озод қилинади;
  • “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг фарзандларига, олийгоҳдаги ўқишнинг биринчи йили учун контрактни бюджетдан тўлаб бериш тартиби жорий этилади;
  • мактабларда ўқувчиларни компьютердан шунчаки фойдаланувчи эмас, балки ундан даромад топадиган мутахассислар қилиб тайёрлаш мақсадида жорий йил якунига қадар умумтаълим мактабларини юқори тезликдаги Интернетга улаш ишлари якунланади;
  • Республикамиз бўйича қўшимча 5 мингта компьютер синфлари ташкил этилади;
  • Мактабларда ахборот технологиялари дарслари замонавий “Кэмбриж” дастурлари асосида йўлга қўйилади ва ўқит́увчилар ҳам, ушбу дастурлар асосида қайта тайёрланади. Худди шундай тизим барча олийгоҳларда ҳам жорий қилинади;
  • ёш оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.

 

Янги Ўзбекистон ёшлари – юксак маънавият соҳиблари

Президентимиз алоҳида тўхталган мавзулардан яна бири  маънавият мавзусидир. Бу ҳақда сўз юритар экан, “Мени доимо ўйлантирадиган, ташвишга соладиган яна бир долзарб масала бу – ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, маданий савияси, бир сўз билан айтганда, тарбияси билан боғлиқ”, деди давлатимиз раҳбари.

Шу муносабат билан ушбу йўналишда амалга оширилаётган катта ишлар эътироф этилган ҳолда, уларнинг самарадорлигини янада кучайтириш учун бир қатор масалаларга жиддий эътибор бери зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Биринчидан, ёшлар ўртасида китобхонликни, мутолаа маданиятини ривожлантириш доимий эътиборимиз марказида бўлади.

Иккинчидан, ёшлар ўртасида жиноятчилик, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, оилавий ажралишлар, бузғунчи ва радикал оқимлар таъсирига тушиш ҳолатлари давом этаётгани, ўтган 5 ойда 7 мингдан зиёд ёшлар жиноят содир этгани, ҳозирги вақтда қарийб 40 минг нафар ёшлар профилактик ҳисобда тургани жамоатчиликни ҳақли равишда безовта қилмай қўймайди.

Ватанимиз ёшларига мутлақо ярашмайдиган, барчамизга иснод келтирадиган бундай салбий кўринишларга жамиятимизда мутлақо ўрин бўлмаслиги зарур. Зеро, ёш авлоднинг онгини салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш, адашганларни тўғри йўлга қайтариш ўзини ватанпарвар деб ҳисоблайдиган ҳар бир Ўзбекистон фуқароси, айниқса ёшларнинг асосий бурчи бўлиб қолиши даркор.

Учинчидан, маданият, санъат, илм-фан, таълим соҳасида ўз иқтидорини намоён этаётган ёшлар учун зарур шароитларни яратиш ҳудудлар ҳамда вазирлик ва идоралар раҳбарларининг асосий вазифаларидан бири бўлиши шарт.

Тўртинчидан, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш керак. Бу ҳақда гап кетганида, Президентимиз бир– ҳудудлардаги кўплаб спорт иншоотлари асосан туман ва шаҳар марказларида жойлашгани боис чекка қишлоқларда яшайдиган ёшлар бу имкониятлардан фойдалана олмаётгани билан боғлиқ муаммога алоҳида эътиборни қаратди.

Бешинчидан, юртимиз тарихий ёдгорликлар, муқаддас қадамжоларга жуда бойлигини инобатга олиб, ички туризмни ривожлантириш дастурлари доирасида ёшларнинг таътил пайтида республикамиз бўйлаб саёҳатларини ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ёшларининг интеллектуал, маънавий ва жисмоний салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган бу каби қамровдор ва улкан вазифалар, ўз навбатида, яна янги дастур ва режалар қабул қилишни талаб этади. Энг асосийси, давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, “Бугунги кунда кўпмиллатли халқимиз, Ватанимиз тараққиёти учун, Ўзбекистоннинг янги Уйғониш даврини яратиш йўлида белини маҳкам боғлаб, фидокорона меҳнат қилмоқда. Бу йўлда улкан орзу-умидлар, катта режалар билан сафимизга қўшилаётган ёшларимиз – асосий таянчимиз ва суянчимиздир”.

Ғулом Мирзо,

Бобомурод Райимов

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech