НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ШАХСЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ – УСТУВОР ВАЗИФА

Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида мамлакатимизда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва Кенгаш фаолияти доирасидаги устувор йўналишларга эътибор қаратди. Алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш шундай муҳим соҳалардандир.

“Яқинда Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги янги қонун кучга кирди. Ўзбекистон Парламенти Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиши кутилмоқда. Биз имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузишни таклиф этамиз”, деди давлатимиз раҳбари.

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, уларни меҳнат фаолиятига кенг жалб қилиш орқали ҳаёт сифати ва даражасини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, бозор иқтисодиёти шароитида ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаётган корхоналарнинг барқарор фаолият юритишини рағбатлантиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш талаб этилмоқда.

Юртбошимиз қайд этган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунни ҳақли равишда миллий қонунчиликнинг ютуғи деб ҳисоблаш мумкин. Чунки ушбу Қонунда илк бор ногиронлик ижтимоий ҳимоя ёки тиббиёт муаммоси эмас, балки, биринчи навбатда, инсон ҳуқуқлари муаммоси сифатида таърифланган.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ҳар бир инсон ирқи, жинси, тили, дини, сиёсий ёхуд бошқа эътиқодларидан, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ёхуд табақавий ёки бошқа шароитидан қатъи назар, барча ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши шарт экани белгилаб қўйилган. Бу ногиронлар учун ҳам бевосита тааллуқлидир.

Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини жамият ҳаётининг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларида ҳимоя қилиш асосида қандай вазият бўлишидан қатъи назар, шахсни ногиронлиги сабабли камситмаслик тамойили ётади.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, тенглик ва камситмаслик тамойиллари мустаҳкамланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида шундай дейилган: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”.

Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида имконияти чекланган шахсларнинг ижтимоий ҳимояси ва тенг ҳуқуқлилигини кафолатловчи бир қатор қонунлар қабул қилинди. 2020 йил 15 октябрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги  қонун бу борада алоҳида аҳамият касб этади.

Ўзбекистонда 45 мингдан ортиқ рўйхатга олинган кўзи ожиз ёки қисман ожиз фуқаро истиқомат қилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28 йиллиги арафасида илк бор Бош Қомусимиз ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисидаги янги қонун Брайл алифбосида китоб ҳолида нашр этилди.

Ушбу китоблар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси кўмагида нашр этилди. Янги нашрлар имконияти чекланган шахсларга жамиятимизнинг бошқа фуқаролари қатори мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида тенг равишда иштирок этиш имконини бериб, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга ёрдам беради, деб ишонамиз.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз Женевадаги чиқишида Ўзбекистон парламенти БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилишини алоҳида таъкидлади. Бу шундан далолат берадики, ногиронлиги бўлган шахсларнинг қадр-қимматини ҳурмат қилиш, уларни ногиронлик белгисига кўра камситишга йўл қўймаслик, ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишдаги имкониятлар тенглиги, таълим олишга бўлган ҳуқуқларининг амалга оширилишига хизмат қилади.

 

МУХЛИСА ҲАСАНОВА,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали таҳририятининг катта муҳаррири

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech