Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги 80 дан зиёд асосий халқаро ҳужжатга қўшилган ва бу борадаги халқаро мажбуриятларини изчил бажариб келмоқда. Ушбу жараён қандай ташкил этилган ва айни соҳадаги фаолият самарадорлиги нималарга боғлиқ?
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан 2021 йил 19-21 ноябрь кунлари ташкил этилган тренинг айни мавзудаги масалалар таҳлилига бағишланган. Тренингда Миллий марказ, Бош прокуратура, Олий суд, Статистика давлат қўмитаси, юридик йўналишдаги олий ўқув юртлари мутахассислари иштирок этмоқда.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Инсон ҳуқуқлари ва шартномавий механизмлар фаолиятини таъминлаш бўйича департаменти раҳбари Маҳаман Сиссе-Гуро тадбир иштирокчиларига табрик йўллади. Унинг таъкидлашича, кейинги даврда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва айни соҳадаги халқаро мажбуриятларни бажариш борасида ижобий натижаларга эришилган.
М.Сиссе-Гуро, шунингдек, Миллий марказни 25 йиллик тўйи билан қутлади.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси кўмагида онлайн ва офлайн шаклда ташкил этилган мазкур тренингда халқаро спикерлар иштирок этмоқда. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси Наталья Олийник (Женева), БМТ Тараққиёт дастурининг Инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳимоя бўйича катта эксперти Салман Асиф (Покистон) шулар жумласидандир.
Тренинг машғулотларига халқаро эксперт Артур Яцевич модераторлик қилмоқда. У БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади.
Тадбирда дастлаб Миллий марказ вакилларининг тақдимотлари тингланди. Ушбу тақдимотларда Ўзбекистон ратификация қилган инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда белгиланган мажбуриятларни бажариш йўлида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар самараларини ҳисобга олган ҳолда, миллий маърузалар тайёрланаётгани таъкидланди. Бунда Миллий марказ асосий мувофиқлаштирувчи ташкилот эканига эътибор қаратилди.
Миллий маърузаларни тайёрлаш жараёнларига барча манфаатдор томонлар жалб этилмоқда. Бу ўринда, албатта, вазирликлар ва давлат ташкилотлари, илмий-тадқиқот муассасалари, хусусий сектор, фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг дахлдорлиги ҳақида сўз бормоқда.
Чунки миллий маърузаларни тайёрлашда қамровни шундай кенг олиш биринчи навбатда холисликни таъминлайди. Энг муҳими, бу билан Янги Ўзбекистонни демократик ривожлантириш жараёнларининг барча босқич ва соҳаларида инсон ҳуқуқларига амал қилиниши борасида тадрижий асосда амалий натижалар қўлга киритлаётгани яққол кўринади.
Уч кунлик тренингдан кўзланган мақсад мамлакатимиз ратификация қилган халқаро ҳужжатлар доирасидаги мажбуриятларни амалга ошириш борасида тегишли тузилмаларнинг салоҳиятини оширишдан иборатдир. Қолаверса, бу борадаги энг мақбул миллий амалиёт ва халқаро тажрибани атрофлича ўрганиш кўзда тутилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
матбуот хизмат
- Қўшилди: 22.11.2021
- Кўришлар: 3265
- Чоп этиш