Одил судлов, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар билан боғлиқ масалалар такомиллаштирилмоқда

2021 йил 24 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда Сенатнинг ўн олтинчи ялпи мажлисида муҳокама қилиниши назарда тутилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Хусусан, “Судлар тўғрисида”ги, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таркибига ўзгартиш киритиш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда қайд этилганидек, Давлатда кучли суд ҳокимиятининг мавжудлиги инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тўлиқ равишда таъминлашга қаратилган фуқаролик жамиятини ва демократияни барқарор ривожлантириш гаровидир. Бу эса мамлакатнинг барқарор иқтисодий тараққиётни ва инвестицияларни жалб этиш нуқтаи назаридан жозибадорлигини таъминлашдаги муҳим омилдир.

Сенаторлар таъкидлашича, 1993 йил қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги амалдаги Қонуни мустақилликнинг дастлабки йилларида ишлаб чиқилган бўлиб, унда суд тизимидаги ислохатлар тўлиқ акс эттирилмаган ва замонавий талабларга жавоб бермайди.

Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6034-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида юзасидан янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги Қонуни ишлаб чиқилган.

Янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги Қонун билан одил судловнинг асосий принциплари ва суд ҳужжатларини қайта кўриш тартиби такомиллаштирилмоқда, судьяларнинг мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатлари кучайтирилмоқда, судьялик лавозимига номзодлар ва сайланадиган шахсларга нисбатан қўйиладиган талаблар халқаро стандартларга мослаштирилмоқда, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги қайта кўриб чиқилмоқда, судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш, шунингдек, тугатиш асослари ва тартиби аниқлаштирилмоқда ҳамда судьяларни ижтимоий ҳимояси таъминланмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистонда суд тизимининг фаолият кўрсатиш тартибини ва судьялар мустақиллиги кафолатларини такомиллаштиришга, судьялик касбининг обрўсини кўтаришга ҳамда давлат раҳбари томонидан белгиланган вазифаларнинг ижроси таъминланади.

Қўмита мажлисда шунингдек, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Ушбу Қонуннинг ҳозирги кунда долзарблиги, ўтган давр мобайнида фуқароларнинг диний эътиқодини амалга оширишда дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш, диний таълим олишни ва диний ташкилотларнинг эркин фаолият юритишини таъминлаш, динлараро ва миллатлараро низоларни келиб чиқишини олдини олишга хизмат қилади.

Йиғилиш иштирокчилари таъкидлашича, мазкур Қонун билан инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар билан кафолатланган диний соҳада умумэътироф этилган ҳуқуқ ва эркинликларни ва бевосита Ўзбекистон шароитида динлараро муносабатларни шаклланишининг тарихий шароитларини ўз ичига олганлигини асосида мамлакатимизда яшовчи миллатлар ва элатлар ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларининг мувозанатини сақлаб қолиш, уларнинг турли диний эътиқодлари ва ҳис-туйғуларини ҳурмат қилишни таъминлашнинг имкони яратилади.

Қайд этилган қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди ва Сенатнинг ялпи мажлисига тавсия қилиш бўйича тегишли қўмитанинг қарорлари қабул қилинди.

Шунингдек, йиғилишда “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам муҳокама қилинди. Сенаторлар ушбу Қонун қонунчилик нормаларига ва айрим қоидаларига аниқ тушунтиришлар берилмаганлиги сабабли Қонун Қўмита томонидан уни рад этиш ҳақида хулосага келинди.

Қўмита мажлисида шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таркибига ўзгартиш киритиш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Манба: senat.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech