ОРОЛБЎЙИ МИНТАҚАСИ ЭКОЛОГИК ИННОВАЦИЯЛАР ВА ТЕХНОЛОГИЯЛАР ҲУДУДИ

2021 йилнинг 18 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция қабул қилинди.

БМТ Бош Ассамблеяси бир овоздан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилувчи резолюцияни маъқуллади. Ушбу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида илгари сурилган.

БМТ янгиликлари сайти (https://news.un.org) маълумотларига кўра, мазкур резолюцияга Ўзбекистондан ташқари 50 дан ортиқ давлат ҳаммуаллифлик қилган. Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон шулар жумласидандир.

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзга чиқиб, Орол денгизининг қуриб бориши натижасида Оролбўйи ҳудуди “экологик офат эпицентри”га айланганини таъкидлаган эди. Юртбошимиз ўшанда ушбу муаммони биргаликда бартараф этиш бўйича “2 млн. гектар майдонда янги ландшафт, дарахтзорлар ва тупроқ қопламини яратиш”ни таклиф қилганди.

Бир пайтлар ҳажми бўйича тўртинчи йирик ёпиқ денгиз бўлган — Орол денгизи ҳозирда деярли қуруқ ва кичик сув ҳавзасига айланган. Балиқларнинг ноёб турлари, шунингдек турон йўлбарси, сиртлон, оққуш ва фламинго каби минтақада яшаган ёввойи ҳайвонлар йўқолиб кетган.

Орол денгизининг сувдан қуриган қисмида 5,5 млн гектардан ортиқ майдонга эга тузли чўллар пайдо бўлган. Бу ердан кўтариладиган чанг бўронлари неча минг километр узунликдаги атмосферага минглаб тонна чанг ва заҳарли тузларни тарқатмоқда ҳамда ўсимликларни нобуд қилмоқда.

Энг ёмони, экологик офат миллионлаб одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига салбий таъсир қилмоқда. Шифокорлар ҳиқилдоқ ва қизилўнгач саратони, шунингдек нафас йўллари, кўз ва инсоннинг бошқа аъзолари касалликлари кўпайиб бораётганини қайд этмоқда.

Орол денгизи энди ҳеч қачон илгариги ҳолига қайтмайди, лекин маҳаллий аҳоли ҳимоя ва ёрдамга муҳтож. Шу маънода, БМТ Бош Ассамблеяси қабул қилган резолюцияда Бош Ассамблея Оролбўйи минтақасидаги экологик, ижтимоий, иқтисодий ва демографик вазиятни яхшилашга қаратилган минтақавий тадбирлар ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаши қайд тилгани жуду муҳимдир.

БМТ Бош Ассамблеяси махсус резолюциясининг қабул қилиниши аввало юқори технологик инновациялар, энергия ва сувни тежовчи экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий қилишга инвестицияларни жалб этиш имконини беради.

Шу билан бирга, ушбу халқаро ҳужжат “яшил иқтисодиёт” тамойилларини мажмуавий қўллаш, чўллашув ва экологик миграция жараёнларининг олдини олиш, экотуризмни ривожлантириш ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни ва рағбатлантирувчи омилларни шакллантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга хизмат қилади.

 

Одилжон Сулаймонов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи, юридик фанлар доктори

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech