Янги Ўзбекистонни бунёд этиш, мамлакатимизда янги Ренессанс пойдеворини шакллантириш инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган кенг ва чуқур демократик ислоҳотларга асосланади. Бу Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида алоҳида қайд этилди.
Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини янада демократлаштириш, қонун олдида тенгликни таъминлаш, жамиятимизда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияси қабул қилинди ва амалга оширилмоқда.
Миллий стратегияда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар – қонун устуворлиги, норма ижодкорлиги сифати, ҳукумат фаолияти самарадорлиги, сўз ва ахборот эркинлиги, жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш, бизнесни олиб бориш шарт-шароитлари, глобал рақобатбардошлик, инновацион ривожланиш бўйича дунёдаги 50 та етакчи мамлакатлар қаторига киришини таъминлаш бўйича муҳим вазифа қўйилган.
Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида «Биз эришган натижаларимиз билан кифояланиб қолмасдан, Ўзбекистонда сўз эркинлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни қатъий мақсад қилганмиз”, деб қайд этди.
Айнан инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон 2020 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлди, АҚШ Давлат департаменти эса, республикамизни диний эркинликлар соҳасида «алоҳида кузатувдаги» мамлакатлар рўйхатидан чиқарди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Очиқ маълумотлар рейтингида 125 та позицияга кўтарилган ҳолда, 44-ўринни эгаллади. Ислоҳотларимизнинг яна бир халқаро эътирофи – Иқтисодий эркинлик индексида мамлакатимиз 26 та позиция юқорига кўтарилди.
Таниқли сиёсий арбоб, АҚШ асосчиларидан бири, Америка Мустақиллик декларациясининг ҳаммуаллифи Томас Жефферсон «Бизнинг эркинлигимиз матбуот эркинлигига боғлиқ, агарда матбуот эркинлиги чекланса, бу йўқотиш демакдир», деб қайд этган эди.
Президентимизнинг журналистларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши самарасида, оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда юз бераётган кенг кўламли ислоҳотларни холис ёритиш билан бир қаторда ҳукумат идоралари ва жамоатчилик эътиборини жойлардаги долзарб муаммоларга жалб қилмоқда ва барча даражадаги раҳбарларни ушбу муаммоларни ҳал қилишга ундашмоқда. Бугунги кунда улар тобора «тўртинчи ҳокимият»га айланмоқда.
Оммавий ахборот воситалари қабул қилинаётган ҳужжатлар ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда тобора фаол иштирок этишмоқда. Хусусан, бу жараёнга ОАВ ни жалб қилган ҳолда, жамоатчилик эшитувлари ва жамоатчилик мониторинги тизими жорий этилмоқда. Демократик ислоҳотлар самарасида, матбуот ва электрон оммавий ахборот воситалари мансабдор шахсларни ўз ишини қонун доирасида амалга оширишга ундамоқда.
Матбуот, телевидение, радио инсонларнинг юз бераётган воқеаларга нисбатан муносабатлари, ўз позициялари, фикрлари ва ғоялари эркин ифодалаш учун жамоатчилик минбарини шакллантиришмоқда. Ҳозирги кунда ҳар бир давлат органи ҳузурида жамоатчиликка тўла ва холис маълумотни етказиш мақсадида матбуот-хизмати ташкил этилган.
Интернетнинг кенг имкониятларга эга эканлигини ҳисобга олиб, медиа соҳада ахборот-коммуникация технологиялари, онлайн-журналистикани ривожлантиришга тобора катта аҳамият қаратилмоқда. Бу, айниқса, коронавирус пандемияси шароитида кўп сезилди. Онлайн-журналистика ўз позицияларини сифатли ва сон жиҳатдан салмоқли яхшиламоқда. Ахборот тақдим этишдаги тезкорлик – унинг муҳим афзаллиги саналади.
Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг ўзига хос жиҳати уларнинг ахборотларни мамлакатимизда истиқомат қиладиган миллатлар ва халқлар учун етти тилда ёритилиши ва чоп этилишидадир.
Холис журналистлар ва блогерларнинг одил танқиди «эскича» ишлаётган раҳбарларга иш услубларини ўзгартириш ва ўз масъулиятларини оширишга мажбур қилган ҳолда, уларнинг хато ва камчиликларини кўрсатиб бермоқда.
Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш сиёсатига қатъий содиқлигидан далолатдир. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умумэътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилади ва фаол илгари суради.
Эркин ЭРНАЗАРОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
журналист.
Манба: ЎзА
- Қўшилди: 24.02.2021
- Кўришлар: 5095
- Чоп этиш