Ўзбекистон Республикаси Президенти Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида иштирок этиши муносабати билан ташкил этилган Халқаро пресс-клубнинг махсус сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий ваколатхонаси раҳбари Ҳелена Фрейзер, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси элчи Жон МакГрегор, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси раҳбари Ришар Коменда ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ушбу тадбирда Тошкент-Женева телекўприги орқали БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессияси бўлиб ўтаётган шаҳар – Швейцария пойтахтидан онлайн тарзда қатнашди ва сўзга чиқди.
Акмал Саидов Юқори даражадаги сегмент ишида Ўзбекистон Рреспубликаси Президенти ушбу Кенгашга аъзо давлат раҳбари сифатида биринчи марта иштирок этгани ва сўзга чиққанига алоҳида эътибор қаратди. Ушбу нутқда мамлакатимизда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши доирасидаги фаолиятимизнинг устувор йўналишлари ҳақида атрофлича сўз борди.
Аввало, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, "инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туради". Шу маънода, БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда "Ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик" тамойили асосида амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Президенти БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги чиқишида мамлакатимизда гендер сиёсати қатъий давом эттирилишини таъкидлагани бежиз эмас. Бу йил юртимизда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқотини ташкил этиш, шунингдек хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказиш режалаштирилгани ҳам шундан далолат беради.
Мамлакатимизда алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлашга жиддий эътибор қаратилиши ҳақида сўз борганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида айтилганидек, Ўзбекистонда ногиронликни белгилашнинг жаҳон андозаларига мос «ижтимоий модели»га босқичма-босқич ўтилаётганини қайд этиш лозим.
Юртбошимизнинг бу борадаги янги ташаббуси – имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузиш таклифи ҳам шу каби эзгу мақсадларга қаратилган.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари Женевадаги нутқида Ўзбекистонда жорий йилнинг "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" деб эълон қилинганини маълум қилар экан, биринчидан, БМТ шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш; иккинчидан, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш; учинчидан, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси институтини таъсис этиш ташаббусларини илгари сурди.
"Болалар меҳнатига барҳам бериш халқаро йили" деб эълон қилинган жорий йилда Ўзбекистонда Болалар Омбудсмани тўғрисидаги қонун қабул қилинишига жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратди. Бу, ўз навбатида, мамлакатда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишларнинг янги қонун асосида изчил давом эттирилишини англатади.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича таълимни ривожлантириш йўлида яқин истиқболда қандай амалий қадамлар қўймоқчи? Президентимиз бу борада, биринчидан, Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси билан ҳамкорликда глобал форум ўтказиш; иккинчидан, ўқитиш тизимини ривожлантириш мақсадида БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ихтиёрий бадаллар жамғармасига Ўзбекистон ўз ҳиссасини қўшиши таклифларини билдирди.
Мамлакатимизда фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича ҳам фикр юритилди. Давлат раҳбари Юқори даражадаги сегментда сўзлаган нутқида: "бу йил яна 20 мингдан зиёд киши фуқроликка эга бўлади", деб қайд этди. Бундай муҳим қадамлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига муносиб жавобдир.
Энг асосийси, биз инсон ҳуқуқларини кафолатлаш, ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш борасида эришган натижаларимиз билан кифояланиб қолмаймиз. Президентимиз халқаро форум иштирокчилари эътиборини мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги кодекслар ишлаб чиқилаётганига қаратди.
Бундан ташқари Ўзбекистон Президенти БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига, биринчидан, Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқиш; иккинчидан, Қийноқларга қарши конвенциянинг Факультатив протколини Ўзбекистон томонидан ратификация қилиш; учинчидан, мазкур масалалар юзасидан ҳамкорликда ишлаш мақсадида БМТнинг Қийноқлар масаласи бўйича махсус маърузачисини мамлакатимизга таклиф этиш таклифлари билан чиқди.
Давлатимиз раҳбари, шунингдек БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелетнинг юртимизга ташрифини кутиб қолишимизни қайд этди. "Бу борада мандатга эга бўлган барча вакилларнинг Ўзбекистонга ташриф буюришлари учун доимий таклифнома юбориш ҳақида қарор қабул қиламиз", деди Юртбошимиз.
Ўзбекистон Президенти нутқида кўтарилган янги ғоя ва ташаббусларнинг моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида батафсил сўз юритилди.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессияси Юқори даражадаги сегментида сўзлаган нутқи мисолида мамлакатимиз ушбу Кенгашнинг фаол ва ташаббускор аъзоси эканини яққол кўрсатди, – деди А.Саидов пировардида. – Янада муҳими, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига содиқлигини яна бир бор намоён этди.
Халқаро пресс-клубнинг ушбу сессиясида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари офлайн ва онлайн тарзда қатнашди. Анжуман "Ўзбекистон 24", "UzReport" "Дунё бўйлаб", "Тошкент" телеканаллари ҳамда Facebook ижтимоий тармоғи орқали жонли эфирда намойиш этилди.
Ғулом Мирзо
- Қўшилди: 22.02.2021
- Кўришлар: 7034
- Чоп этиш