Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида: устувор йўналишлар ва ҳамкорликнинг истиқболли соҳалари

28 апрель куни Тошкентда “Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида: устувор йўналишлар ва ҳамкорликнинг истиқболли соҳалари” мавзуида видеоконференция бўлиб ўтди. Анжуман Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги Элчихонаси ҳамда Фридрих Эберт номидаги жамғарма билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов конференцияда асосий  маърузачи сифатида иштирок этди ва “Янги Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги янги ташаббуслари” мавзуида нутқ сўзлади.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида 2021 йил 1 январдан ўз вазифаларини бажаришга киришди. Анъанага кўра, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг баҳорги сессияси доирасида шу йил 22-24 февраль кунлари Женева шаҳрида бўлиб ўтган Юқори даражадаги сегмент ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Кенгашга аъзо давлат раҳбари сифатида биринчи марта иштирок этди ва сўзга чиқди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида халқаро, минтақавий ва миллий доираларда Ўзбекистоннинг истиқболдаги мажбуриятлари ва режалари ҳақида батафсил тўхталди. Ушбу мажбуриятларни 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартиби доирасида амалга оширишимиз ҳамда инсон ҳуқуқлари борасида ҳали улкан йўлнинг бошида турганимиз алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги янги ташаббуслари ҳақида сўз борганда, хусусан:

  • мамлакатимизда гендер сиёсатини қатъий давом эттириш;
  • бу йил юртимизда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқотини ташкил этиш, шунингдек хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказиш;
  • БМТ шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ташкил этиш;
  • БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш;
  • БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси институтини таъсис этиш;
  • Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси билан ҳамкорликда глобал форум ўтказиш;
  • ўқитиш тизимини ривожлантириш мақсадида БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ихтиёрий бадаллар жамғармасига Ўзбекистон ўз ҳиссасини қўшиши;
  • мамлакатимизда фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш чораларини кўриш ташаббуслари илгари сурилганини қайд этиш зарур.

Президентимиз халқаро форум иштирокчилари эътиборини мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги кодекслар ишлаб чиқилаётганига қаратди. Бу кодекслардан бири – Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантиришга, иккинчиси эса сўз эркинлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши лозим.

Ўзбекистон Президенти БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 3 та таклиф билан чиқди. Биринчи таклиф: Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқиш; иккинчи таклиф: Қийноқларга қарши конвенциянинг Факультатив протколини Ўзбекистон томонидан ратификация қилиш; учинчи таклиф: мазкур масалалар юзасидан ҳамкорликда ишлаш мақсадида БМТнинг Қийноқлар масаласи бўйича махсус маърузачисини мамлакатимизга таклиф этиш.

Давлатимиз раҳбари ўз чиқишида мамлакатимизда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши доирасидаги фаолиятимизнинг устувор йўналишлари ҳақида атрофлича сўз юритди. Президентимиз таъбири билан айтганда, «Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умум эътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилади ва фаол илгари суради”.

Анжуманда Германия тарафидан – Германия Федерал ҳукуматининг Россия, Марказий Осиё ва “Шаркий шериклик” мамлакатлари билан хамкорлик масалалари бўйича мувофиқлаштирувчиси Йоханн Заатхофф, Ф.Эберт жамғармаси бошқаруви аъзоси, Германия Федератив Республикасининг собиқ федерал адлия вазири Херта Дойблер-Гмелин сўзга чиқди.

Тадбир давомида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзолик доирасида Ўзбекистоннинг устувор мақсадлари ва ташаббусларини амалга оширишда Германия билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича иштирокчилар ўртасида фикр алмашинувлари бўлиб ўтди.

Видеоконференция ишида германиялик экспертлар, давлат идоралари вакиллари, ҳамда Ф. Эберт жамғармаси вакиллари фаол қатнашдилар.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, давлат идоралари, нодавлат ташкилотлар, жамоат ташкилотлари, ОАВ вакиллари ҳам иштирок этди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech