Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида сўзлаган тарихий нутқи мамлакатимиз ва жаҳон жамоатчилиги томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Юртимизнинг муассасалари ҳамда илмий-маърифий доиралариа бу борада турли анжуманлар бўлиб ўтмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан яқинда Президентимизнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашидаги нутқида юридик фан ва амалиёт учун белгиланган вазифаларга бағишланган давра суҳбати ўтазилди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Янги ташаббуслар ва ҳуқуқшунослик соҳаси истиқболлари
Акмал САИДОВ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори:
– Ўзбекистон илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг аъзоси сифатида 2021 йил 1 январдан ўз вазифаларини бажаришга киришди. Анъанага кўра, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг баҳорги сессияси доирасида 22-24 февраль кунлари Женева шаҳрида бўлиб ўтган Юқори даражадаги сегмент ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Кенгашга аъзо давлат раҳбари сифатида биринчи марта иштирок этди ва сўзга чиқди.
Ўзбекистон Президенти ўз чиқишида мамлакатимизда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши доирасидаги фаолиятимизнинг устувор йўналишлари ҳақида атрофлича тўхталди. Нутқда парламент, ҳуқумат, суд ҳокимияти, фуқаролик жамияти институтлари билан бир қаторда юридик соҳа вакиллари олдида турган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муҳим вазифалар, жумладан таълим, одил судлов, қийноқлар билан боғлиқ масалалар яна бир бор аниқлаштирилди.
Юртимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунга БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида амалга оширилаётган қамровдор ишлар самаралари яққол мисол бўла олади.
Миллий стратегия мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришда катта аҳамият касб этмоқда. Ушбу ҳужжатда инсон ҳуқуқлари масаласига тизимли ёндашиш ва мавжуд бўшлиқларни, камчиликларни бартараф этиш йўллари очиқ-ойдин кўрсатилган.
Президентимиз таъкидлаганидек, «Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умум эътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилади ва фаол илгари суради».
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида халқаро, минтақавий ва миллий доираларда Ўзбекистоннинг истиқболдаги мажбуриятлари ва режалари ҳақида батафсил тўхталди. Ушбу мажбуриятларни 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартиби доирасида амалга оширишимиз ҳамда инсон ҳуқуқлари борасида ҳали улкан йўлнинг бошида турганимиз алоҳида таъкидланди.
Жорий йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қабул қилинганлигининг 10 йиллиги кенг нишонланади. Бугунги кунда БМТга аъзо 20 дан ортиқ давлатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бўйича миллий ҳаракатлар дастурлари қабул қилинган бўлиб, давлатлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим масаласига эътиборини кучайтирмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг БМТ Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури парламент томонидан тасдиқланган. Ушбу Ҳаракатлар дастури бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган тадбирлар изчил бажарилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида таълим муассасаларида «Инсон ҳуқуқлари», «Аёллар ҳуқуқлари» ва «Бола ҳуқуқлари» бўйича ўқув курсларини, шунингдек “Инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқ» мутахассислиги бўйича қўшма магистратура йўналишини (консорциум) жорий қилиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузурида «Инсон ҳуқуқлари» ихтисослиги бўйича фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини олиш учун илмий кенгаш иш бошлади. Марказда, шунингдек Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ҳузурида Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди. Мувофиқлаштирувчи кенгаш – доимий равишда фаолият юритадиган, муҳокама қилувчи, маслаҳат берувчи ва мувофиқлаштирувчи органдир.
Давлат ва ҳуқуқ институти ҳузуридаги Мувофиқлаштирувчи кенгаш илмий тадқиқотларни ўтказиш, илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлашни такомиллаштириш, илмий тадқиқотларнинг асосий йўналишларини шакллантириш ва амалга оширишнинг долзарб муаммолари бўйича тавсиялар бериш ҳамда тадқиқот мавзуларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига бундан кейин ҳам содиқ қолади. Шу билан бирга, Юртбошимиз таъкидлаганидек, «биз инсон ҳуқуқлари борасида ҳали улкан йўлнинг бошида турганимизни яхши тушунамиз ва халқаро ҳамкорларимизнинг қўллаб-қувватлашига умид қиламиз».
Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва ҳуқуқий таълим сифати ўзаро боғлиқ:
Мурод ТУРҒУНОВ, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти директори:
– Юртбошимизнинг нутқида йигирмага яқин глобал, минтақавий ва миллий даражада бажарилиши лозим бўлган, тўғридан-тўғри инсон ҳуқуқларига оид, ўта долзарб масалалар белгиланган. Ушбу нутқ, авваламбор, Ўзбекистоннинг мамлакатимизда халқ фаровонлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш борасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқлади.
Айни чоғда, мазкур нутқ мамлакатимизнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умум эътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилиши ва фаол илгари суришидан далолат беради.
Давлатимиз раҳбари парламент, ҳуқумат, суд ҳокимияти, фуқаролик жамияти институтлари билан бир қаторда юридик соҳа вакиллари олдида турган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги, жумладан таълим, одил судлов, қийноқлар бўйича муҳим вазифаларга ҳам эътиборни қаратди. Мамлакатимизда ҳуқуқшунослик фани ва амалиёти олдида турган қатор вазифаларни белгилаб берди.
Миллий ва хорижий тажриба шуни кўрсатадики, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, авваламбор, жамиятда ҳуқуқий билим, ҳуқуқий маданият ва ҳуқуқий тафаккур шакллантирилганлиги ҳамда мамлакатдаги ҳуқуқий таълим сифатига боғлиқ. Шу маънода, бир қатор муҳим омилларга эътибор қаратиш лозим.
Биринчидан, бу йил БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қабул қилинганлиги 10 йиллиги кенг нишонланади. Ҳозирда 20 дан ортиқ давлатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бўйича миллий ҳаракатлар дастурлари қабул қилинган бўлиб, давлатлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим масаласига эътиборини кучайтирмоқда.
Иккинчидан, Ўзбекистонда парламент томонидан тасдиқланган Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури амалга оширилмоқда.
Учинчидан, 2020 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Тўртинчидан, кейинги йилларда юртимизда ҳуқуқий соҳани, юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш борасида Президентимизнинг 20 дан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинди. Шу асосда, хусусан, Тошкент давлат юридик университети «юриспруденция» мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш бўйича базавий олий таълим ва илмий-методик муассасаси этиб белгиланди. Самарқанд, Наманган ва Термиз давлат университетларида юридик факультетлар ташкил этилди.
Давлат, ҳуқуқ ва сиёсий-ҳуқуқий таълимот соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга оширадиган Ўзбекистон Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти ташкил этилди. Унинг ҳузурида Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолият бошлади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузурида «Инсон ҳуқуқлари» ихтисослиги бўйича Илмий кенгаш ҳамда Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилди. «Инсон ҳуқуқлари» ихтисослиги бўйича илмий даражалар берадиган бундай Кенгаш МДҲ доирасидаги бирон-бир мамлакатда ҳали мавжуд эмас.
Ҳуқуқни қўллаш амалиёти олдидаги муҳим вазифалар белгилаб берилди
Музаффар МАМАСИДДИҚОВ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси бошлиғи ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор:
– Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланиши – бу мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш борасида эришилган ютуқларимизнинг халқаро ҳамжамият томонидан эътирофи ҳисобланади.
Президентимизнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашидаги нутқи том маънода тарихий воқеа бўлди. Ушбу нутқдан келиб чиқиб, биринчидан, юридик фан йўналишида долзарб бўлган мавзуларни қайта шакллантириш, иккинчидан, ҳозирги кундаги муҳим мавзулар бўйича тадқиқотларни кучайтириш талаб этилади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда суд ҳокимияти борасида тадқиқот ишлари етарли эмас. Масалан, қарийб 30 йил давомида «12.00.07 – Суд ҳокимияти. Прокурор назорати. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини ташкил этиш ва адвокатура» ихтисослиги бўйича атиги 2 нафар фан доктори ва 1 нафар фалсафа доктори диссертация ҳимоя қилган.
Янги ихтисослик шифрларини ишлаб чиқиш масаласи ҳам долзарб. Президентимизнинг нутқида Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги кодексларни қабул қилиш таклифи илгари сурилганини назарда тутсак, бугун ахборот ҳуқуқи ихтисослигини ташкил этиш зарурати юзага келмоқда.
Бундан ташқари, олий таълимдан кейинги таълим институтларини ташкил этиш тартибини соддалаштириш, диссертация ишларини амалга оширувчи талабгорларни олий таълимдан кейинги таълим институтларига бириктириш тартибидаги айрим сунъий тўсиқларни олиб ташлаш лозим. Докторант ва мустақил изланувчилар сони кўпайиб бораётган бир пайтда илмий раҳбарлар учун жорий қилинган чекловлардан воз кечиш каби муҳим вазифалар ҳам ечимини кутиб турибди.
Шу ўринда юридик фан соҳасида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан танловсиз молиялаштиришга тавсия этиладиган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар тайёрлаш ишларини жадаллаштиришни, вазирлик ҳузурида лойиҳаларни илмий экспертизадан ўтказадиган юридик фанлар бўйича алоҳида Илмий-техник кенгаш ташкил этишни таклиф қиламиз.
Бундан кўзланган мақсад давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббусларни, шунингдек Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида назарда тутилган вазифаларни самарали амалга ошириш, уларнинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш ва такомиллаштиришдан иборатдир.
“Ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили – амалда
Жуманазар ХОЛМЎМИНОВ, Термиз давлат университети Юридик факультети декани, юридик фанлар доктори, профессор:
– Юртбошимиз нутқида Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва БМТ Кенгаши доирасидаги фаолиятнинг устувор йўналишлари кўрсатиб ўтилгани ғоят аҳамиятлидир.
Биринчидан, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туришига алоҳида эътибор қаратилди. Бунда 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили асосида амалга оширилиши ўта муҳим ҳисобланди.
Иккинчидан, гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга оид ишлар халқаро андозаларга мос экани таъкидланиб, бу борадаги ишлар қатъий давом эттирилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Учинчидан, юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги янги қонун кучга кирганлиги ва Ўзбекистон парламенти бу соҳада Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиши кутилаётгани қайд этилди.
Тўртинчидан, аҳолимизнинг ярмидан кўпини ташкил этадиган ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доимо эътибор марказида бўлиб келаётганига урғу берилди. Бу борада 2021 йил Ўзбекистонда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилингани диққатга моликдир.
Бешинчидан, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича катта ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Бу йил, яъни Болалар меҳнатига барҳам бериш халқаро йилида Ўзбекистонда “Болалар Омбудсмани тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Олтинчидан, давлатимиз раҳбари томонидан Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб Олий комиссар Бошқармаси билан бирга глобал форум ўтказиш таклиф этилгани халқаро аҳамиятга эга ташаббусдир.
Еттинчидан, Юртбошимиз БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича қатъий чоралар кўриш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлашини билдирди. Ўтган йилнинг ўзида 50 минг нафар ватандошимиз Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинганлиги, бу йил яна 20 мингдан зиёд киши фуқароликка эга бўлиши мумкинлиги эътироф этилди.
Ички ишлар органлари – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гарови
Олимжон МАТЧАНОВ, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси Инсон ҳуқуқлари назарияси ва амалиёти кафедраси профессори:
– БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши минбарида Президентимиз илгари сурган янги ташабусларнинг барчаси мамлакатимиз ҳаётининг ҳар бир соҳасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш борасида улкан ишлар амалга оширилаётганини ва бу эзгу фаолиятнинг бардавомлигини яққол намоён этди.
Мазкур нутқдан келиб чиққан ҳолда, ички ишлар ва бошқа давлат органлари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолати йўлида ўз касбий фаолиятига оид янада муҳим мақсад-вазифаларни белгилаб олди.
Бугунги кунда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси бўйича республикада яхлит ҳуқуқий тизим яратилган.
Бу тизимда ички ишлар органлари муҳим ўрин эгаллаши бизга катта масъулият юклайди.
Инсон ҳуқуқлари – халқаро, минтақавий ва миллий қадриятлар уйғунлиги тимсоли
Ҳайдарали ЮНУСОВ, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ЮНЕСКОнинг “Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари” кафедраси мудири, юридик фанлар номзоди:
– Ўзбекистон Президентининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги нутқида инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва миллий механизмлар уйғунлигига катта эътибор қаратилган.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг қисқа ва лўнда чиқишида инсон ҳуқуқлари соҳасига оид бир қатор халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар қайд этилгани бежиз эмас. Мазкур ҳужжатлар инсон ҳуқуқларининг аллақачон миллий ҳуқуқ чегарасидан чиқиб, халқаро ҳуқуқ қадриятига айланганини тасдиқлайди.
Юртбошимизнинг Осиё қитъасининг инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий механизмини мунтазам фаолият кўрсатадиган платформа – Самарқанд форуми негизида яратиш борасидаги ташаббуси инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ тизимида улкан инқилобий ўзгариш ясайди, деган фикрдамиз. Чунки, ижтимоий-маданий соҳада чуқур хилма-хилликни ўзида мужассам этган Осиё қитъасида инсон ҳуқуқлари бўйича самарали фаолият кўрсатувчи минтақавий механизм шу кунга қадар яратилмаган.
Марказий Осиё, айниқса, Ўзбекистон тарихан минг йилликлар давомида мана шундай ранг-баранглик ва маданий хилма-хилликлар учун бетакрор маскан бўлиб келмоқда. Шу боис юртимиз маданий ранг-баранглигини тараннум этувчи Самарқанд форуми Осиё минтақавий механизми учун негиз бўлиб хизмат қилиши аниқ.
Юридик фанлар олдида турган инсон ҳуқуқлари таълими билан боғлиқ масалага тўхталсак, инсон ҳуқуқларини маданий хилма-хиллик нуқтаи назаридан ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Жамиятдаги инсон ҳуқуқларига оид қарашлар ва ёндашувлар ҳамда уларга мос келувчи юридик механизмлар маданият, урф-одатлар ва кўп йиллик анъаналар билан чамбарчас боғлиқ.
Ғарбий ярим шардан фарқли ўлароқ, Осиё ва Африка минтақаларида маданий урф-одат ва анъаналарнинг таъсири баланд. Шу маънода, инсон ҳуқуқлари таълими қиёсий-маданий ёндашувлар негизида ўқитилганда унинг моҳияти янада яққол намоён бўлади.
Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш – бош мақсадимиз
Раҳматулла МИРЗАЕВ, Самарқанд давлат университети Юридик факультети декани, доцент:
– Яқин тарихимизда жаҳон ҳамжамияти томонидан, Инсон ҳуқуқлари борасида Ўзбекистонга кескин эътироз ва ишончсизлик мавжуд эди. Лекин ўтган тўрт йил давомида мамлакатимиз инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш борасида тарихий йўлни босиб ўтди.
Ўзбекистон босқичма-босқич гендер сиёсатида мувозанатни сақлаш, алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш, сўз эркинлигини таъминлаш, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш, қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этишгача бўлган машаққатли ва оғир йўлни босиб ўтди.
Президентимиз ўз нутқида таъкидлаганидек, бугун Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари борасида барча учун очиқ. Чунки инсон ҳуқуқлари мамлакатда бош мақсадга айланди. Инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳар қандай ҳодиса бутун жамиятда акс-садо бера бошлади. Бефарқлик, лоқайдлик барҳам топди.
Жамоатчилик назорати институти шаклланди. ОАВ ўрни ва мавқеи кун сайин ортиб бормоқда. Натижада бирор бир воқеа-ҳодиса халқимизнинг эътиборидан четда қолмаяпти.
Ушбу тарихий нутқ энг аввало биз, ҳуқуқшунослар зиммасига катта масъулият юклайди. Шунинг учун жуда қисқа даврда инсон ҳуқуқлари борасида қўлга киритган ютуқларимизни кенг халқ оммасига етказиш мақсадида тарғиботчилар гуруҳини шакллантирамиз.
Нутқда белгиланган вазифаларнинг ижроси борасида амалий таклиф ва тавсиялар тайёрламоқдамиз. Ёшлар ҳуқуқи масаласига бағишлаб хорижлик ҳамкорларимиз билан халқаро анжуман ўтказишга ҳозирлик кўраяпмиз.
Барча ислоҳотлар тақдирини белгиловчи ҳуқуқшунос мутахассислар тайёрлашнинг сифат ва самарадорлигига алоҳида аҳамият қаратиш ниҳоятда муҳимдир. Шу билан бирга, аҳолининг ҳуқуқий билимларини ошириш борасида замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда махсус дастур ишлаб чиқмоқдамиз.
Инсонлар тенг бўлиб туғиладилар
Баҳриддин ТАЛАПОВ, Наманган давлат университети Юридик факультети декани:
– Жаҳон миқиёсида гендер тенгликни таъминлаш борасида кенг кўламли ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, уларни амалга ошириш бўйича эътиборли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ, бугунги кунда ҳам дунё бўйича гендер тенгликни таъминлаш масаласи долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистон биринчилардан бўлиб аёлларга эркаклар билан тенг имкониятлар бериш борасидаги халқаро ҳужжатларни имзолаган. Жумладан, мамлакатимиз парламенти 1995 йили Аёлларга нисбатан барча турдаги тазйиқларни тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенцияни ратификация қилди. Ушбу халқаро ҳужжатнинг мазмун-моҳияти кўплаб миллий қонунчилик ҳужжатларида ўз аксини топди.
Айниқса, сўнгги йилларда Президентимиз томонидан хотин-қизларнинг ҳаётини яхшилаш, муаммоларини ҳал қилиш, иқтидори ва имкониятларини кўрсатишлари учун қулай шароитлар яратилмоқда. Оилада, жамиятда, айниқса, хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида ижтимоий муносабатларда ҳам, қонунчиликда ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан бугунги кунда турли таълим дастурларига гендер мавзусини жорий этиш орқали фуқароларнинг гендер хабардорлигини оширишга кўмаклашиш, жинслардан бирининг устунлиги ғоясига асосланган нотўғри тасаввурлардан холи ўқув адабиётларини тайёрлаш ва чоп этиш, гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлаш масалалари бўйича аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ахборот-маърифий тадбирларни ташкил этиш каби фаолият йўналишларида кўплаб ишлар олдимизда турибди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим – инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим таркибий қисми
Гавҳар ЮЛДАШЕВА, Тошкент давлат юридик университети профессори:
– Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб Олий комиссар Бошқармаси билан биргаликда глобал форум ўтказишни таклиф қилгани ҳақида фикр юритганда, мазкур Декларация инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқни ривожлантириш соҳасида муҳим воқеа бўлганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Ушбу халқаро ҳужжатда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон олдида бир қатор вазифалар турибди.
Бугунги кунда аввало инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштиришга эътибор қаратишимиз керак. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни тизимли ва узвий равишда амалга ошириш тақозо этилади.
Қолаверса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш билан бевосита шуғулланадиган мансабдор шахслар, яъни судьялар, ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари учун инсон ҳуқуқлари бўйича таълим жуда муҳим.
Ушбу муассасаларнинг барчасида инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни амалга ошириш учун ўқитувчилар, олий таълим муассасалари ўқитувчилари ва таълим соҳасидаги бошқа мутахассислар, уларни тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланувчи шахслар инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни билиши ва унга содиқ бўлиши керак.
Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим дастурлари асосий манфаатдор томонлар, жумладан, фуқаролик жамияти институтлари билан келишилган ҳолда ва ёшларнинг бевосита ва билвосита иштирокида ишлаб чиқилиши зарур.
Инсон ҳуқуқлари бўйича таълимнинг узвий мониторингини жорий этиш жуда зарур. Мамлакатимиз вилоятларида социологик сўров ўтказиш, анкета сўровномалари орқали маълумот тўплаш, шу билан бирга, Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасаларида халқаро гуманитар ҳуқуқни ўқитишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Шу билан бирга, таълим ресурслари – ўқитувчилар учун қўлланмалар, дарсликлар, ўқув-услубий қўлланмалар, видеофильмлар, шунингдек аудиовизуал, бадиий ва бошқа қўллаб-қувватловчи материалларга эътиборни кучайтириш даркор.
Давра суҳбатини Ғулом Мирзо ёзиб олди
- Қўшилди: 11.03.2021
- Кўришлар: 4582
- Чоп этиш