Ўзбекистон-ЮНЕСКО: Хивада халқаро маданият форуми ўтказилади

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг "БМТ янгиликлари" сайтида Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидан бири бўлмиш Хивада ЮНЕСКО билан ҳамкорликда халқаро маданият форуми ўтказилиши ҳақида маълум қилинди.

ЮНЕСКО неча ўн йиллардан буён Марказий Осиё минтақасининг умумий тарихи ва бой маданий меросига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Ташкилот томонидан бу борада, хусусан, "Ипак йўли" лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида минтақада турли маданиятлар, шу жумладан, овқатланиш ва кийиниш маданияти юксалиши ҳамда ноёб тарзда ўзаро уйғунлик касб этишида қадимий савдо йўлларининг тутган ўрни ҳамда аҳамиятини ўрганиш кўзда тутилган. ЮНЕСКО экспертларининг фикрича, Хивада ташкил этиладиган халқаро маданият форуми Марказий Осиё минтақасининг ана шу бетакрор тарихи ва маданиятини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш учун яна бир қулай имкониятдир.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, "Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” деб номланган ушбу халқаро форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги Фармони билан тасдиқланган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига киритилган. Давлат дастурининг 219-бандидан жой олган мазкур тадбирни  2021 йил 20 августда ўтказиш белгиланган.

Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессияси юксак минбаридан илк бор ўзбек тилида янграган маърузасида нафақат халқимиз, балки минтақамиз, бутун дунё жамоатчилиги манфаатларига қаратилган бир қатор янги ва долзарб ташаббусларни илгари сурганини таъкидлаш лозим.

Давлат раҳбарининг ўша чиқишида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда 2021 йилда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” деган мавзуда халқаро форум ўтказиш ташаббуси ҳам кун тартибига қўйилган ва ЮНЕСКО раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланганди.

Бу ташаббуснинг аҳамияти шундаки, Ўзбекистон Президенти томонидан ушбу муҳим таклиф минтақамизнинг маданий-тарихий ва цивилизацияларга доир меросининг глобал аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда илгари сурилган. Ўзбекистон учун "Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида" халқаро форумини ўтказиш бир қатор омилларга кўра жуда муҳим ҳисобланади.  Жумладан:

биринчидан, мамлакатимиз янги ташқи сиёсий йўлини амалда татбиқ этишда "маданият дипломатияси" воситаларидан самаралари фойдаланиш имкони яратилади;

иккинчидан, минтақамиз мамлакатлари жамоатчилиги орасида биз барчамиз "Марказий Осиё" деб аталувчи ягона маконга мансуб эканимизни чуқур англаш туйғусини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, бинобарин, давлатларимиз ўртасидаги дўстлик ва  яхши қўшничилик алоқаларини ривожлантиришда бу ўта муҳим омил ҳисобланади;

учинчидан, Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатлар халқларининг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси яна бир бор, янгидан намоён этилади;

тўртинчидан, Марказий Осиё халқларининг илмий ва интеллектуал меросини ўрганишга нисбатан халқаро илмий ҳамжамият қизиқишини оширишга эътибор қаратилади;

бешинчидан, Марказий Осиёда маданий ва тарихий меросни тиклаш ва тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишларга жаҳон жамоатчилигининг диққати ва кўмаги жалб этилади;

олтинчидан, Хива шаҳри, умуман, Ўзбекистоннинг тарихий диёр мақомидаги сайёҳлик бренди тарғиб этилади;

еттинчидан, халқаро форумнинг ЮНЕСКО билан ҳамкорликда ўтказилиши мазкур нуфузли халқаро ташкилот билан ўзаро амалий муносабатларимизни янада мустаҳкамлайди.

Хулоса ўрнида шуни ҳам айтиш жоизки, "Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида" халқаро форумини ўтказиш учун айнан Хива шаҳри танлангани бежиз эмас. Чунки Хива – Буюк ипак йўлида жойлашган энг қадимий шаҳарлардан бири. Хива минг йиллар давомида таълим ва маърифат, илм-фан ва маданият маркази сифатида инсоният учун цивилизация бешиги бўлиб хизмат қилган. 

Хива шаҳри ичидаги «Ичан-Қаъла» номли ноёб тарихий шаҳарча 1990 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Бинобарин, «Ичан-Қаъла» Буюк ипак йўлининг муҳим манзилгоҳи –савдо карвонлари саҳро бўйлаб олис сафарга отланишдан олдин нафас ростлайдиган охирги обод қўнимгоҳ ҳисобланган.

Ғулом Мирзо

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech