Ўзбекистонда Дурбан декларацияси ва Ҳаракатлар дастурини амалга ошириш

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳамкорлигида «Ўзбекистон Республикасида Дурбан декларацияси ва Ҳаракатлар дастурини амалга ошириш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Миллий университет ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ масъуллари, профессор-ўқитувчилар ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, мамлакатимиздаги турли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари иштирок этди.

Ушбу давра суҳбати Ўзбекистонда биринчи марта ўтказилиб, ундан мақсад ирқчилик, ирқий дискриминация, ксенофобия ва улар билан боғлиқ тоқатсизлик билан курашиш бўйича аниқ чора-тадбирларга бағишланган Дурбан декларацияси ва Ҳаракатлар дастури тавсияларини Ўзбекистонда амалга оширилиши ҳамда миллатлараро муносабатлар масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Давра суҳбатида бугунги кунда мамлакатимизда турли миллат ва элат вакилларига давлатимиз томонидан берилган кенг имкониятлар, яратилган шароитлар ва ғамхўрлик ҳамда эътибор кўрсатилаётгани таъкидланди. Тадбир давомида Дурбан декларацияси ва Ҳаракатлар дастури халқаро ҳамжамиятни миллий, минтақавий ва халқаро миқёсда ирқчиликка қарши курашишга чақирадиган халқаро ҳужжатлардан бири эканлиги ва уни ўрганиш, жамиятга татбиқ этиш “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг мақсад ва вазифаларига ҳам тўла мос келиши қайд этилди.

Мазкур декларация ва Ҳаракатлар дастури Қўмита томонидан батафсил ўрганилиб, бу бўйича халқаро ва миллий тажриба соҳа экспертлари билан биргаликда кўриб чиқилаётганлиги маълум қилинди.

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, жаноб Пьер Фон Аркс Ўзбекистон тарихан турли хил конфессиялар ва этник гуруҳлар биргаликда тинч-тотув фаолият олиб бораётган дунёдаги саноқли мамлакатлардан бири эканлигини ва мамлакатнинг ҳозирги раҳбарияти буни янада юқори даражада таъминлаш учун бор куч ва имкониятларни сафарбар этаётганлигидан мамнунлигини билдирди.

– Дурбан декларацияси бу умумжаҳон ҳужжатларидан бири ҳисобланади ва бу ҳужжат айнан миллатлараро дўстона муносабатларни ривожлантиришга олиб келади, – деди Пьер Фон Аркс. – Декларацияда қатнашаётган ҳар бир мамлакат, айниқса Марказий Осиёдаги мамлакатлар ўзига хос маданият, тарихга эга. Масалан, Ўзбекистонда ҳам бир неча миллат ва элатлар яшайди. Уларнинг тили ва маданияти ҳар хил бўлгани учун бу давлатлар ўзаро билими ва тажрибаси билан алмашишда айнан Дурбан декларацияси орқали бу алоқаларни йўлга қўйиш мумкин. Бу муносабатлар ҳар бир мамлакатда тинчлик-тотувликка хизмат қилади. Бундан ташқари, ҳар бир мамлакатнинг фуқаролари ўзларининг миллати, дини ва ирқидан қатъий назар барчани бирдек ҳурмат қилишга олиб келади.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ходими О.Бобаматов “Ўзбекистонда ирқий камситишга йўл қўймаслик масалалари” мавзуидаги маърузасида прокуратура органларининг ўрни ва иштироки бўйича маълумот берди.

БМТнинг Ирқий камситишни тугатиш бўйича қўмитаси унга аъзо давлатларни Дурбан декларацияси ва ирқчиликка, ирқий камситиш, ксенофобия ва у билан боғлиқ тоқатсизликларга қарши кураш бўйича Бутунжаҳон конференциясида қабул қилинган Ҳаракатлар дастури Ўзбекистонда ҳуқуқ органлари томонидан ҳам амалда ижроси таъминланиб келинаётганлиги эътироф этилди.

Давра суҳбати дўстона руҳда ўтиб, иштирокчилар келгусида ҳам бундай учрашувларни мунтазам ўтказиш таклифини берди.

– Бугунги глобаллашув жараёнида бутун дунёда миллатлараро муносабатлар, ўзаро дўстлик ришталарини боғлаш, давлатларда тинчлик ва тотувликни таъминлаш куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда, – деди Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси бош мутахассиси Отабек

Алимардонов.- Ўзбекистонда тарихан миллатлар ва динлар ўртасида бағрикенглик сиёсати ўзининг ҳақиқий маънодаги аксини топгани эътиборга моликдир.

Н.Усмонова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech