Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқига халқаро жамоатчилик ва мамлакатимиз фуқаролари томонидан кенг ижобий муносабатлар билдирилмоқда.
Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида ушбу учрашувда биринчи марта иштирок этаётган бўлса-да, давлатимиз раҳбарига биринчи бўлиб нутқ сўзлаш имконияти берилди ва ушбу нутқнинг мамлакатимизнинг давлат тили - ўзбек тилида янграгани миллионлаб юртдошларимиз қалбини ғурурга тўлдирди. Бу юртимиз обрў-эътибори халқаро миқиёсда тобора ортиб бораётганидан ҳам далолатдир.
Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга сайланиши мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида жиддий ўзгаришлар рўй берганидан далолатдир. Президентимиз нутқида ана шу асосий демократик ўзгаришларнинг айримларига алоҳида эътибор қаратилди.
Авваламбор, 2020 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишлари белгиланди. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқиш жараёнида халқаро мутахассислар, хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси экспертлари иштирок этган.
Мамлакатимизнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳаётида аёлларнинг ролини оширишга катта аҳамият берилмоқда. Ушбу мақсад йўлида янада муҳим натижаларга эришиш учун келгусида 2 та минтақавий анжуман, яъни Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари билан мулоқот ҳамда минтақавий аёллар бизнес форумини ўтказиш режалаштирилган.
Ўзбекистон парламенти томонидан БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ратификация қилинади. Президентимиз Женевадаги чиқишида бу ҳақда алоҳида тўхталди.
Республикамиз аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этишини ҳисобга олиб, навқирон йигит-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу маънода, давлатимиз раҳбари илгари сурган БМТ ҳомийлигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Бутунжаҳон конференциясини ўтказиш, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида бу борада тегишли Конвенция лойиҳасини тақдим этиш ва Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини ташкил этиш ташаббуслари жуда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Президенти БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия декларацияси 10 йиллигига бағишланган Глобал форум ўтказиш ташаббуси билан ҳам чиқди.
Маълумки, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш таклифи доирасида фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини қисқартириш мақсадида ўтган йил давомида мамлакатимизда 50 минг киши Ўзбекистон фуқаролигини олган. Жорий йилда эса яна 20 мингдан ортиқ юртдошимиз фуқаролик паспортини олади.
Яна бир муҳим жиҳат: яқин-яқингача мажбурий меҳнат, болалар меҳнати масаласида кўп жиҳатдан жиддий танқид эшитишимизга тўғри келган. Лекин охирги 4-5 йил ичида юртимизда болалар ва мажбурий меҳнатга батамом чек қўйилди. Масалан, биргина 2020 йилнинг ўзида мамлакатимизда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш йўналишидаги вазифаларни тартибга солиш мақсадида 19 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.
Содда қилиб айтганда, кейинги йилларда Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатини бартараф этиш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Жорий йилда Болалар омбудсмани тўғрисидаги қонун қабул қилиниши бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаради.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига учта таклиф билан мурожаат қилди:
Биринчидан – суд кенгашлари фаолиятининг универсал тамойилларини ишлаб чиқиш;
Иккинчидан – Қийноқларга қарши конвенциянинг Факультатив протоколини Ўзбекистон томонидан ратификация қилиш;
Учинчидан – БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачисини ушбу масалаларда биргаликда ишлаш учун Ўзбекистонга таклиф қилиш.
Давлатимиз раҳбари БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишел Бачелетнинг мамлакатимизга ташрифини кутаётганимизни алоҳида таъкидлади.
Президентимиз таъбири билан айтганда, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини тўлиқ амалга оширишда давом этади. Бинобарин, Юртбошиимиз нутқининг туб моҳияти Ўзбекистоннинг демократия, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тарғиб қилиш ҳамда ҳимоя қилиш йўлидан боришга қаратилган қатъий ва жиддий қарорини яна бир бор тасдиқлайди.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, демократик ислоҳотларимиз жиддий бўлиб, янги Ўзбекистонни шакллантиришга қаратилган. Президентимизнинг ушбу тарихий нутқи эса инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари билан боғлиқ барча жабҳаларни қамраб олгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Айниқса, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, сўз эркинлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қийноқларнинг олдини олиш, Қийноқларга қарши конвенциянинг Факультатив протоколини ратификация қилиш масалаларига қатъият билан ёндашилаётгани юртимизда инсон қадр-қиммати энг олий қадрият эканидан яна бир бор далолат беради.
Мадина Нуруллоева,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
Умумий бўлимининг етакчи мутахассиси
- Қўшилди: 26.02.2021
- Кўришлар: 4508
- Чоп этиш