Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Қонунчилик палатаси депутатлари бошқараётган хорижий давлатлар парламентлари билан тузилган дўстлик гуруҳлари раҳбарлари билан ишчи йиғилиши ўтказди. Унда 2020 йилда гуруҳларнинг амалга оширган фаолияти тўғрисида ҳисоботлар эшитилди.
Йиғилишда дўстлик гуруҳлари раҳбарлари жорий йилда амалга оширилиши мўлжалланаётган режаларга тўхталдилар, дейилади parliament.gov.uz сайти хабарида. Депутатлар парламент дипломатияси ролини оширишга қаратилган фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Хусусан, ҳамкорлик жараёнида қонун ижодкорлиги фаолияти билан бир қаторда, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда парламентларнинг имкониятларидан кенг фойдаланишга келишиб олинди.
Сўнгги йилларда қонун ижодкорлиги фаолияти жараёнларига янгича ёндашувлар кириб келмоқда. Қонунчилик палатаси фаолиятининг кўлами ҳам, иш ҳажми ҳам мамлакатимизда кечаётган кенг кўламли ўзгаришларга ҳамоҳанг бўлмоқда.
Энг муҳими, жамият ҳаётида парламентнинг роли тубдан ўзгармоқда. Хусусан, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги фаоллиги ва масъулияти ошиб бормоқда.
Қонун лойиҳаларининг халқаро шартномаларга, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича тавсияларга мослигини ўрганиш амалиёти йўлга қўйилмоқда. Тўғридан-тўғри амал қиладиган, бошқача айтганда, ижро этилиши учун қонуности ҳужжати ишлаб чиқилишини талаб этмайдиган қонунларни қабул қилишга эътибор кучайтирилмоқда.
Депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти ҳам мазмунан ўзгарди. Халқ вакилларининг ҳар бири мунтазам равишда ўз округида бўлиб, ҳудуднинг ҳаётидан доимий хабардор бўлиб турибди. Жамоатчилик билан мулоқотлар асносида кўтарилаётган муаммолар ва амалий таклифлар Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган масалаларда ўз аксини топмоқда.
Қонунчилик палатасининг халқаро ҳамкорлик бўйича фаолияти ҳақида сўз борганда, депутатлар охирги йилларда парламент дипломатияси йўналишида ҳам фаоллик кўрсата бошлаганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бугунги кунгача Қонунчилик палатасида 18 та ва Сенат билан ҳамкорликда 32 та дўстлик гуруҳлари шакллантирилгани буни тасдиқлайди.
Шунингдек, “Ўзбекистон-Европа иттифоқи” парламент ҳамкорлиги қўмитаси ҳузурида Олий Мажлис делегацияси ташкил этилди. Шундай қилиб, хорижий давлатлар парламентлари билан ҳамкорлик гуруҳларининг умумий сони 50 тага етди.
Пандемия шароитига қарамай, 2020 йилда хорижий давлатлар парламентлари билан ҳамкорлик гуруҳлари доирасида турли мавзуларда 34 та онлайн видеомулоқот ўтказилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 15.02.2021
- Кўришлар: 5354
- Чоп этиш