26 март куни Халқаро пресс-клубнинг "Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва оммавий ахборот воситалари: очиқлик, шаффофлик, ҳамкорлик" мавзуидаги сессияси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этди ва "Янги Ўзбекистон – янги сайловлар" шиори остида сайланган парламент билан олдинги парламент ўртасидаги фарқ ҳақида ўз фикрларини билдирди.
А.Саидов таъкидлаганидек, 2017 йилда тасдиқланган Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида Ўзбекистон парламентини ҳар томонлама ривожлантириш чоралари кўрилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йилдан буён ўтган қисқа даврда Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари билан йигирма мартадан кўпроқ учрашганининг ўзиёқ давлат раҳбари томонидан миллий парламент тараққиётига юксак эътибор қаратилаётганининг ифодасидир.
Бундай доимий юксак муносабат натижасида кейинги йилларда парламентимизнинг жамият ҳаётидаги роли ва аҳамияти тубдан кучайди. Илгари депутатларни кўпчилик танимаган бўлса, эндиликда парламент аъзолари ижтимоий тармоқларда ҳам ўз сўзи ва мавқеига эга бўлиб бормоқда.
Сиёсий партиялар ва уларнинг қуйи палатадаги фракциялари фаоллиги ошди. Ўз навбатида, очиқлик ва ошкоралик, партиявий рақобат ва соғлом танқид руҳида ўтаётган мажлислар парламентнинг том маънодаги "Халқ уйи"га айланишида муҳим омил бўлмоқда.
Мисол учун, "Ҳукумат соати" тадбирини олайлик. Олдин фаолиятимизда бундай тажриба кузатилмаган. Энди эса навбати билан фракциялар томонидан тайёрланадиган ана шу тадбирларда ҳукумат аъзолари билан жонли ва тортишувларга бой мунозаралар ўтказиш одат тусига кирди. Афсуски, парламент ҳаётининг ана шу қизиқарли жараёнларини тўғридан-тўғри ёритишда ОАВ, хусусан, телевидениенинг фаоллиги ҳозирча унчалик сезилмаяпти.
Парламент таркибидаги ўзгаришлар ҳам алоҳида диққатга лойиқдир. Хусусан, бундан 30 йиллар аввал Олий Мажлис депутатлари таркибида хотин-қизлар сони атиги 8 фоизни ташкил этган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич 32 фоизга етди. Бу борада Ўзбекистон дунёнинг 190 та парламенти орасида 32-ўринни эгаллаб, аёлларга кенг ўрин берилган 50 та парламент сафидан жой олди.
Миллий парламентда ёшлар сони 6 фоиз бўлиб, бу жаҳон миқёсидаги кўрсаткичдан (2 фоиз) 3 баробар кўпдир. Олий Мажлис палаталари таркибидаги бундай муҳим сифат ўзгаришлари, хусусан, гендер тенглик таъминланиши ва ёшларга имкон қадар кенг йўл очилиши, албатта, парламент салоҳияти юксалишига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Парламентимизнинг қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳасидаги фаолиятида суръат ҳамда самара тобора ошмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат. Илгари Олий Мажлис халқаро ва минтақавий парламент ташкилотларининг аксариятига аъзоликдан чиқиб кетган бўлса, айримларига аъзо ҳам бўлиб кирмаганди. Содда қилиб айтганда, миллий парламентимизнинг парламентлараро алоқалари узилиб қолганди.
Бугунги кунда Ўзбекистон парламентининг овози жаҳон бўйлаб янграмоқда. Бу ҳақда фикр юритганда, давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Нега деганда, миллий парламентлар халқаро мажбуриятларни миллий стратегиялар ва қонунларга уйғунлаштириш жараёнида жуда катта роль ўйнайди. Парламентлар давлатларнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ва инсон ҳуқуқлари доирасида зиммасига олган мажбуриятлари бажарилишида шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлайди.
Мухтасар айтганда, бугун парламент аъзолари ўзларининг депутатлик кабинетларида ўтириб эмас, балки ўз сайлов округларида ва мурожаатчилар яшайдиган жойларда, бевосита халқ орасида иш олиб бормоқда. Зеро, депутатга халқ овоз беради ва депутат шу овозга муносиб бўлиши керак.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 26.03.2021
- Кўришлар: 4669
- Чоп этиш