Ялпи мажлис олдидан қўмита йиғилиши бўлиб ўтди

2021 йил 16 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенат аъзолари, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мажлисда Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши кўзда тутилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди. Жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директорининг Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларининг бажарилиши ҳолати ҳақидаги ахбороти кўриб чиқилди.

Мажлисда ўтган икки йил мобайнида Ўзбекистон инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш борасида салмоқли ютуқларга эришгани таъкидланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилиги ва ҳуқуқий амалиётни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга мослаштириш мақсадида халқаро меҳнат ташкилотининг “Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашувчи асослар тўғрисида”ги конвенцияси ва БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияси ратификация қилинди.

Бундан ташқари, сенаторлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажаришда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинганини таъкидладилар.

Ушбу ҳужжатда қийноқларни аниқлаш ва олдини олиш юзасидан жамоат гуруҳларини ташкил этиш бўйича бир қатор нормалар белгиланган, жумладан уларнинг жавобгарлиги, қийноқдан жабр кўрганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш аниқ белгилаб қўйилган.

Ўз навбатида, Олий Мажлис Сенати томонидан “Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегияси” ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари Кенгашига аъзо бўлиши мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ишларда алоҳида масъулият юклайди. Бу эса, ўз навбатида, ушбу муҳим жараёнга жалб қилинган республиканинг барча давлат ҳокимияти органларининг юқори даражадаги жавобгарлигини белгилайди.

Сенаторлар инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро стандартларни қўллаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш борасида ҳали ҳал этилмаган масалалар мавжудлигини таъкидладилар. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни кечиктириб бажариш ёки нотўғри ижро этиш ҳолатлари алоҳида тилга олинди. Мисол учун, 46 та банднинг 11 та банд бўйича тадбирлар амалга оширилмаган.

“Йўл харитаси”ни амалга ошириш, мамлакат қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги БМТ тавсияларини жорий этиш бўйича аниқ тавсиялар берилди.

Мажлис якунлари бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Манба: ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech