Қийноқларга қарши курашиш – давр талаби

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгач, жаҳон ҳамжамиятининг тўлақонли аъзоси сифатида ўзининг Конституциясида демократияга, инсон ҳуқуқларига содиқлигини эълон қилди ҳамда шахс манфаатларининг жамият ва давлат манфаатларидан устувор эканлигини тан олди. Мамлакатимиз нуфузли халқаро ташкилот – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича асосий ҳужжатларига қўшилди ва уларга риоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олди.

Конституциямизнинг 13-моддасида Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланиши, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши ҳамда демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши кафолатлаб қўйилган.

Шунингдек, Конституциянинг 26-моддаси талабига кўра, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.

Сўнги тўрт-беш йил давомида ушбу конституциявий нормалар давлатимиз раҳбарининг  бир қатор фармонларида ўз ифодасини топди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 ноябрда қабул қилинган “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони 2-бандида ноқонуний услублар билан, шу жумладан жиноят процесси иштирокчилари ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш, психологик ва жисмоний тазйиқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаган ҳолда олинган маълумотлардан жиноят ишлари бўйича далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмаслиги мустаҳкамланган.

Президентимизнинг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида бундан буён Ўзбекистонда ҳибсга олинган ва жиноий жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан қийноққа солиш, руҳий ҳамда жисмоний босим ўтказиш, бошқа ғайриинсоний зўравонликка мутлақо йўл қўйилмаслигини таъминлаш, бундай ҳаракатларни содир этган ходим ёки кимнингдир “буюртмаси”ни бажарган ҳар қандай шахсни, ким бўлишидан қатъи назар, муқаррар қонуний жазога тортиш бўйича вазифалар белгиланган.

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 14 майдаги қарори билан маъқулланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш концепциясининг 1,3,4-бандларида қийноққа солиш усулларидан фойдаланган ҳолда жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсларга нисбатан кескин жиноий-ҳуқуқий сиёсатни давом эттириш вазифаси назарда тутилган.

Президентимизнинг 2018 йил 7 ноябрдаги қарори билан маъқулланган 2019 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш концепциясида жиноий-ижроия тизимини умумэътироф этилган халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириш, илғор хорижий амалиётни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш, тизим фаолиятига замонавий шакл ва усулларни кенг жорий этиш, шаффофлик ва ошкораликни таъминлаш устидан назоратни такомиллаштириш, жазога ҳукм қилинган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини таъминлашнинг ишончли ва самарали механизмларини яратиш сингари устувор вазифалар белгиланган (1.1, 1.4, 3.1, 3.2, 4-бандлари).

Ўзбекистон Президенти 2020 йил 22 июнда қабул қилган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонда қийноқларнинг олдини олиш бўйича институционал механизмларни такомиллаштириш, шу жумладан Факультатив протоколига қўшилиш масаласини кўриб чиқиш (ушбу Фармон билан тасдиқланган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”нинг 58-бандида), инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини, қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни янада такомиллаштириш, озодликдан маҳрум қилиш жойларида ва бошқа ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқлари бузилишларининг олдини олиш (ушбу Фармон билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясининг 4.3-бандида) вазифалари белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясининг Юқори даражадаги сегментида сўзлаган нутқида қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни такомиллаштириш, одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган ҳар қандай қийноқ кўринишларининг олдини олиш тизимини ривожлантириш мамлакатимизда демократик ўзгаришларни янада чуқрлаштириш ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши доирасидаги фаолиятимизнинг устувор йўналишларидан бири эканлиги таъкидланди.

Шунингдек, Президентимизнинг 2021 йил 3 февралдаги Фармони билан тасдиқланган «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури” ҳамда 2020 йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг устав ва шартномавий органлари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни такомиллаштириш, одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган ҳар қандай қийноқ кўринишларининг олдини олиш тизимини ривожлантириш вазифаси белгиланган.

Шуни қайд этиш лозимки, Ўзбекистон БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясини 1995 йилда ратификация қилиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида, шу жумладан, қийноқларга йўл қўймаслик учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга доир халқаро мажбуриятларини бажариш йўлида тизимли, изчил ва босқичма-босқич чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

Жумладан, халқаро мажбуриятларини бажариш доирасида БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига Ўзбекистоннинг бешта маърузаси тақдим этилган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида қийноқларнинг олдини олиш соҳасида қонунчилик ижросини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Президенти БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида миллий превентив механизмни такомиллаштириш ҳамда БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси Факультатив протоколининг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинишини маълум қилгани, Ўзбекистонни қийноқларга йўл қўймаслик учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга доир халқаро мажбуриятларини ҳисобга олиб ҳамда Юртбошимиз томонидан бу йўналишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси  Миллий маркази Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) билан хамқорликда Президентимизнинг “Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқди.

Қарор лойиҳасида қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини қуйидаги йўналишларда такомиллаштириш назарда тутилади:

  1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари таркибини кенгайтириш, унга инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар экспертлари, тиббиёт ҳодимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларини жалб қилиш белгиланади. Шунингдек, Жамоатчилик гуруҳларига экспертларни жалб қилишда касбий малака, тажриба ҳамда гендер тенглиги бўйича мезонлар белгиланиши назарда тутилади.
  2. Жамоатчилик гуруҳларининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари сифатида:

- ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифларини амалга ошириш, у ердаги шарт-шароитларини ўрганиш;

- қийноқ ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларни қабул қилиш, тезкор ва холисона кўриб чиқиш ҳамда уни келтириб чиқарган сабабларни бартараф этиш бўйича тавсияларни тегишли муассасага (органга) тақдим қилиш;

- уларни мониторинг ташрифлари бўйича ҳисоботга киритиш ва Омбудсманга тақдим қилиш;

- қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларни тезкор бартараф этиш бўйича тавсияларни тегишли муассасага (органга) тақдим қилиш;

- тегишли муассасага (органга) қийноқдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилиши бўйича тақдимнома киритиш;

- қийноқлар хавфини камайтириш ва олдини олиш ҳамда бу соҳада илғор тажрибани жорий қилишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш белгиланади.

  1. Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари мониторинг ташрифлари давомида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар ёки уларнинг қонуний вакиллари билан шахсан ва холи учрашиши, қонунийлик, ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида, мустақил фаолият олиб бориши, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари жамоатчилик гуруҳлари қонуний фаолиятини амалга оширишига кўмаклашиши белгиланган.
  2. Қийноқнинг олдини олиш фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича 2021 йил 1 январдан эътиборан қатор янги таъсирчан механизмларни жорий этиш назарда тутилган. Жумладан, “Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларнинг ягона реестри” электрон тизимини юритиш йўлга қўйилади, шахснинг яқин қариндоши, қонуний вакили ва адвокати ушбу тизимга кириб, шахс сақлаб турилган жой ва вақт билан боғлиқ маълумотларни олади. Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар телефон орқали, шу жумладан видеоконференцалоқа режимидан фойдаланган ҳолда мурожаат қилиши мумкин бўлган Омбудсманнинг “call-маркази” (мурожаатларни телефон орқали қабул қилиш маркази) ҳамда веб-сайтида махсус рукн ташкил қилинади.
  3. Ўзбекистон Республикасининг БМТ Қийноқларга қарши конвенцияси Факультатив протоколига қўшилиши юзасидан таклифларни киритиш белгиланган.
  4. Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят процессуал ва Жиноят-ижроия кодексларининг янги таҳрирдаги лойиҳаларида қийноқнинг олдини олиш тартиби, қийноқдан жабрланган шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, қийноқ жиноятини содир этган шахсларга нисбатан шартли ҳукм қилиш, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш, жазони енгилроғи билан алмаштириш, жавобгарликка тортиш муддатининг ўтганлиги, амнистия институтларининг қўлланилмаслиги, бу борадаги нормаларни Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенция талабларига мувофиқлаштириш масалалари назарда тутилган.

Хулоса қилиб айтганда,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, энг аввало, уларни жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишнинг ишончли кафолатларини таъминлашга қаратилган. Шу билан бирга, бу қарор юртдошларимизнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилиши, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймаслик  учун  хизмат қилади.  

 

Камила Олимова,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази ходими

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech