Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий тизим халқаро стандартларга мувофиқлаштирилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги мустаҳкамлаб қўйилган.  Бу борадаги ислоҳотлар натижасини охирги тўрт йилда судлар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқларини тиклаш борасида 2 минг 770 нафар шахс оқлангани мисолида ҳам кўриш мумкин. Қолаверса, сўнгги уч йилда ички ишлар органларининг 460 нафар ходими жиноятга қўл урган бўлса, шундан 16 нафари қийноқ билан боғлиқ жиноят содир этган.  

30 март куни қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ўтказилган давра суҳбатида шу ҳақда сўз борди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳамда Парламентнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамкорлигида ташкил этилди.

Маълумки, қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилиб, халқимиз муҳокамасидан ўтказилмоқда.  Давра суҳбатида мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти муҳокама қилинди.

Лойиҳага кўра, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари таркиби кенгайтирилмоқда. Жамоатчилик гуруҳларига экспертлар жалб қилинади, касбий малака, тажриба ҳамда гендер тенглиги бўйича мезонлар белгиланади.  

Бундан ташқари, қийноқнинг олдини олиш фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича “Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларнинг ягона реестри” электрон тизимини юритиш йўлга қўйилади. Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар телефон орқали, шу жумладан, мурожаат қилиши мумкин бўлган Омбудсманнинг “call-маркази”, яъни мурожаатларни телефон орқали қабул қилиш маркази ҳамда веб-сайтида махсус рукн ташкил қилинади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят процессуал ва Жиноят-ижроия кодексларининг янги таҳрирдаги лойиҳалари ишлаб чиқилади. Бу ҳужжатларда қийноқнинг олдини олиш тартиби, қийноқдан жабрланган шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, қийноқ жиноятини содир этган шахсларга нисбатан шартли ҳукм қилиш, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш, жазони енгилроғи билан алмаштириш, жавобгарликка тортиш муддатининг ўтганлиги, амнистия институтларининг қўлланилмаслиги назарда тутилади.

Пировардида давра суҳбати иштирокчилари жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси қийноқнинг олдини олиш бўйича миллий тизимни умумэътироф этилган халқаро-ҳуқуқий стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилади, деган фикрга келдилар.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech