Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021 йил 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида сўзлаган нутқида қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни такомиллаштириш, инсонийликка зид бўлган ҳар қандай қийноқ кўринишларининг олдини олиш тизимини ривожлантириш Ўзбекистон учун устувор йўналишлардан бири эканлигини таъкидлади.
2021 йил – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили давлат дастурида ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг устав ва шартномавий органлари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни такомиллаштириш вазифаси белгиланган.
Ушбу вазифа ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Қарор лойиҳасини қабул қилиш зарурати қуйидаги талаблар билан изоҳланади:
биринчидан, қийноқ ҳолатларининг олдини олишга доир амалга оширилаётган ишларнинг ҳозирги ҳолати талабга тўлиқ жавоб бермайди;
иккинчидан, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни (гауптвахта, махсус қабулхона, вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, тергов ҳибсхонаси, жазони ижро этиш колонияси, интизомий қисм, мажбурий даволаш муассасасида) ушлаб туриш қоидаларини бузиш ҳолатларининг олдини олиш тизимини такомиллаштириш зарур;
учинчидан, қийноқдан жабрланган шахсларга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш ишларини такомиллаштириш, қийноқдан жабрланган шахсларга етказилган зарарни компенсациялашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш керак;
тўртинчидан, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасаларга мониторинг ташрифларини амалга ошириш амалиётини такомиллаштириш лозим;
бешинчидан, Ўзбекистон БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясини 1995 йилда ратификация қилган ва қийноқларга йўл қўймаслик учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга доир халқаро мажбуриятларни бажариш йўлидаги чора-тадбирларни тизимли ва босқичма-босқич амалга оширмоқда. Ушбу йўналишдаги ишларни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси Факультатив протоколини ратификация қилиш ташаббусини маълум қилди.
Ушбу вазифаларнинг ҳал қилиниши мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузига, шу жумладан иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги ўрнига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Қарор лойиҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш учун қуйидагилар назарда тутилмоқда.
Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари таркибини кенгайтириб, унга инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар экспертлари, тиббиёт ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларини жалб қилиш белгиланади. Шунингдек, Жамоатчилик гуруҳларига экспертларни жалб қилишда касбий малака, тажриба ҳамда гендер тенглиги бўйича мезонлар кўзда тутилади.
Иккинчидан, жамоатчилик гуруҳларининг вазифалари сифатида – ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда мониторинг олиб бориш, қийноқ ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларни қабул қилиш, тезкор ва холисона кўриб чиқиш ҳамда уни келтириб чиқарган сабабларни бартараф этиш бўйича тавсияларни тақдим қилиш, қийноқдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилиши бўйича тақдимнома киритиш, қийноқларнинг олдини олиш бўйича илғор тажрибани жорий қилишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш белгиланади.
Учинчидан, жамоатчилик гуруҳи аъзоларининг ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар ёки уларнинг қонуний вакиллари билан шахсан ва ҳоли учрашиши, қонунийлик, ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида, мустақил фаолият олиб бориши, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари жамоатчилик гуруҳлари қонуний фаолиятини амалга оширишига кўмаклашишига доир қоидалар мустаҳкамланади.
Тўртинчидан, қийноқнинг олдини олиш фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича 2021 йил 1 январдан эътиборан қатор янги таъсирчан механизмларни жорий этиш назарда тутилиши белгиланган. Жумладан, “Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларнинг ягона реестри” электрон тизимини юритишни йўлга қўйиш (шахснинг яқин қариндоши, қонуний вакили ва адвокати ушбу тизимга кириб, шахс сақлаб турилган жой ва вақт билан боғлиқ маълумотларни олади) ҳамда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар телефон орқали, шу жумладан видеоконференцалоқа режимидан фойдаланган ҳолда мурожаат қилиши мумкин бўлган Омбудсманнинг “call-маркази”ни (Мурожаатларни телефон орқали қабул қилиш маркази) ҳамда веб-сайтида махсус рукнини ташкил қилиш шундай механизмлар қаторига киради.
Бешинчидан, қарор лойиҳасида Ўзбекистон Республикасининг БМТ Қийноқларга қарши конвенцияси Факультатив протоколига қўшилиши белгиланган.
Олтинчидан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят процессуал ва Жиноят-ижроия кодексларининг янги таҳрирдаги лойиҳаларида қийноқнинг олдини олиш тартиби, қийноқ жиноятини содир этган шахсларга нисбатан шартли ҳукм қилиш, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш, жазони енгилроғи билан алмаштириш, жавобгарликка тортиш муддатининг ўтганлиги, амнистия институтларининг қўлланилмаслиги, Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши Конвенция талабларига мувофиқлаштириш масалалари назарда тутилган.
Лойиҳа (ID-31036) жамоатчилик муҳокамаси учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилган. Электрон манзил: https://regulation.gov.uz
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 17.03.2021
- Кўришлар: 4099
- Чоп этиш