Бизнинг устувор вазифамиз — инсон салоҳиятини рўёбга чиқаришга ҳар томонлама кўмаклашиш, унинг асосий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Бу жамиятда тинчлик ва барқарорлик, фаровон ҳаётни таъминлашнинг асосий шартидир.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг
“Янги Ўзбекистон стратегияси” китобидан
Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳақида гап борганида, аввало, таъкидлаш жоизки, бу тамойил ҳар бир мамлакат Конституцияси асосида амалга ошади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам Конституция ва қонун нормалари сўзсиз ишлаши учун ишончли ҳуқуқий кафолат яратилган. Айниқса, кейинги йилларда юртимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида жуда катта натижаларга эришилди.
Хусусан, инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоялаш ва уларга риоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам берилди. Суд-ҳуқуқ соҳаси тубдан ислоҳ қилинди. Бу жараёнда суд ҳокимияти фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган тузилмага айланди. Президентимиз “судьянинг онгида — адолат, тилида — ҳақиқат, дилида— поклик бўлиши керак”, деган ғояни илгари сурди. Ана шу ғоя асосида жиноий жазолар либераллаштирилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва суд идораларининг кўп йиллар давомида сақланиб келган, асосан, жазолашдан иборат бўлган функциясига чек қўйилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия қабул қилинди. Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди. Бу ҳам мамлакатимизда юритилаётган оқилона сиёсатнинг юксак халқаро эътирофи сифатида бўй кўрсатди.
Президентимиз халқаро миқёсда ҳам инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг ташаббускори бўлиб келаётир. Давлатимиз раҳбари таклифи асосида БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилинди. Президентимиз БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида ўзбек тилида сўзлаган нутқида ушбу нуфузли ташкилот шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича жаҳон конференциясини ўтказиш, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини қабул қилиш, “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб глобал форум ўтказиш бўйича янги ташаббусларни илгари сурди. Энг муҳими, бу ташаббусларнинг барчаси халқаро ҳамжамият томонидан қизғин қўллаб-қувватланди. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришга қаратилган демократик ислоҳотларнинг бош мезонига айланиб улгурди.
Албатта, бу борадаги ишлар келгуси беш йиллик — тараққиётимизнинг янги босқичида ҳам тизимли ва изчил давом этади.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришишга бағишланган тантанали маросимидаги нутқида “Асосий қомусимиз кафили сифатида Конституция ва қонунларимиз талабларини сўзсиз бажариш, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш бундан буён ҳам фаолиятимнинг бош мезони бўлиб қолади”, дея алоҳида таъкидлади.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, асосий манфаатларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва минтақавий тузилмалар билан ҳамкорликни ривожлантиришда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази алоҳида ўрин тутади. Марказ давлат органи сифатида Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини, миллий маърузалар тайёрланишини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминлаш борасида иш олиб бормоқда.
Миллий марказ ташкил этилганига 25 йил тўлди. Шу муносабат билан мамлакатимизда 10 ноябрдан 10 декабргача Инсон ҳуқуқлари ойлиги ўтказилмоқда.
Марказ ташкил этилгандан буён ўтган чорак аср давомида у инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатининг самарали амалга оширилиши, ушбу масалаларга риоя этилишини ўрганиш, таҳлил қилиш, умумлаштириш, миллий маърузалар тайёрлаш, бу соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсиялари бўйича миллий ҳаракат режаларини ишлаб чиқишда фаоллик кўрсатмоқда.
Кейинги йилларда марказ фаолияти тубдан янгича руҳда фаолият кўрсатмоқда. 2020 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегиясида мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишлари белгиланди.
Жумладан, стратегияда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар бўйича дунёдаги 50 та етакчи мамлакат қаторига киришини таъминлаш вазифаси қўйилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ томонидан мазкур стратегияни амалга ошириш учун давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан қонун устуворлигини қарор топтириш, давлат ва жамият томонидан алоҳида ҳимоя қилинишга муҳтож шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, гендер тенгликни таъминлаш, сифатли таълим ва тиббий хизматлар олиш учун кенг имкониятлар яратиш, кекса ёшдагиларни ижтимоий интеграциялаш, болалар, ёшлар, хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш юзасидан қатор тадбирлар ишлаб чиқилган ва изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ҳозирги пайтда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича 6 та асосий шартнома ва 4 та факультатив протоколига қўшилган.
2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили асосида ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Марказ инсон ҳуқуқларига тааллуқли қонунлар ва бошқа нормативҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда бевосита иштирок этади, шунингдек, уларга эксперт хулосалари, таклифлари ва мулоҳазаларини тайёрлайди.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг “Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва халқаро шартномаларини бажариш бўйича давлат органлари фаолияти устидан фуқаролик институтларига жамоатчилик назоратини олиб боришга кўмаклашиш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
БМТнинг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига жавобан мамлакатимизда 2020 йилда 50 минг ватандошимизга Ўзбекистон фуқаролиги тақдим этилди. Бу йил яна 20 минг одамга фуқаролик берилиши режалаштирилган. БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Ўзбекистоннинг ана шу соҳадаги ташаббусини ўрганиш лозимлигини эътироф этди.
Ўзбекистон Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши тузилган, “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони ҳам таъсис этилган. Бугунги кунда мамлакатимизда 9200 дан кўпроқ нодавлат нотижорат ташкилот жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Миллий марказ Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари декларацияси муаллифларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, марказ БМТнинг инсон ҳуқуқлари таълими соҳасидаги “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси” жаҳон дастури асосида давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, таълим муассасалари вакиллари учун умуминсоний қадриятлар, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва уларга риоя этиш тамойиллари, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишини таъминлашга йўналтирилган таълим машғулотларини олиб бормоқда.
Миллий марказ томонидан ҳуқуқтартибот органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлари ва миллий қонунчиликни қўллаш бўйича малакаларини ошириш учун махсус “Инсон қадр-қиммати — олий қадрият” ўқув модули ишлаб чиқилган.
Бир қанча ташкилотлар билан ҳамкорликда “Пандемия шароитларида янги миграция шакллари, миграцияни бошқариш ва мигрантларни ҳимоя қилиш” мавзусида халқаро анжуман ўтказилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказда фуқаролар қабул қилинади, жисмоний ва юридик шахсларнинг ёзма мурожаатлари ўрганилади, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур чоралар кўрилади. Хусусан, тегишли давлат органлари билан ҳамкорликда аҳолининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини амалга ошириш бўйича амалий ёрдам кўрсатилади, пайдо бўлган муаммоларни ҳал қилиш воситалари тўғрисида ҳуқуқий маслаҳатлар берилади. Фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш натижасида давлат органларига уларнинг инсон ҳуқуқларига амал қилиш ва ҳимоялаш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар тайёрланади.
Инсон ҳуқуқлари ойлиги доирасида фуқароларнинг, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига доир давра суҳбатлари, мазкур масалаларга бағишланган янги нашрлар тақдимотлари, олий таълим муассасалари талабалари, мактаб ўқувчилари учун маҳорат дарслари ва амалий машғулотлар, “COVID-19 пандемияси даврида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим” мавзусида республика танлови, Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида фаолларни “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишонлари билан тантанали тақдирлаш маросими ўтказилади.
Президентимиз таъбири билан айтганда, қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш — янги Ўзбекистонни барпо этишнинг энг муҳим шартига айланган. Шу боис, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ислоҳотларимиз амалий натижадорлиги билан узвий давом этишига шубҳа йўқ.
Эркин ЭРНАЗАРОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист
- Қўшилди: 01.12.2021
- Кўришлар: 5465
- Чоп этиш