Қутлуғ тўй тараддуди ёхуд мангу ёруғ масканим маним

Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида “Ўзбекистон – дилбар ватаним” (Устоз Абдулла Орипов ҳақида хотиралар) ҳамда Данте Алиғерининг “Илоҳий комедия. Дўзах” (Абдулла Орипов таржимасининг қайта нашри) китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

"... Ўша Қўнғиртовда бизнинг болалик йилларимиз ўтган. Баҳор келганда ҳавони ўт-ўланнинг ёқимли хушбўй ҳиди қоплар, шаррос ёмғир қуйганда биз тоғ чўққиси унгуридаги кичик-кичик қояларга бекиниб олардик. Ўша юксакликдан шимол тарафдаги ям-яшил бепоён кенгликларни томоша қилар эдим, тўйиб-тўйиб нафас олар эдим..."

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов ҳақида ишланган ҳужжатли филъм намойиш этилаётган залга кириб борар эканмиз, она юртини жондан тортиқ севган шоиримизнинг юртимизда бошланажак қутлуғ тўйи нафасини сездик, ушбу тараддуд кўнглимизга равшанлик бахш этди.

Мамлакатимизда ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли шоир, таниқли жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси муаллифи Абдулла Ориповнинг бетакрор ижодий мероси ниҳоятда қадрланади. Ардоқли шоиримизнинг Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олижаноб инсоний фазилатларни мадҳ этган этук бадиий асарлари, сермазмун ҳаёти ва ижтимоий фаолиятининг халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлод тарбиясидаги ўрни беқиёсдир.

Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида Ўзбекистон дилбар ватаним (Устоз Абдулла Орипов ҳақида хотиралар) ҳамда Данте Алиғерининг Илоҳий комедия. Дўзах (Абдулла Орипов таржимасининг қайта нашри) китобларининг такдимоти бўлиб ўтди.

– Кўнгиллар ободлиги, эл ободлиги, биринчи навбатда, адабиёт билан белгиланади,– деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид тақдимот муқаддимасида. – Адабий-маърифий тадбирларнинг устозлар хотирасига бағишланишида жуда катта ҳикмат бор. Зеро, қалблар ҳамиша мана шундай адабиёт билан уйғоқ ва барҳаёт яшайди.

Хотираларни ўзида жамлаган Ўзбекистон дилбар ватаним деб номланган китобнинг биринчи қисми Абдулла Орипов сийрати деб номланади. Унда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, юридик фанлар доктори, профессор Акмал Саидовнинг севимли шоиримиз билан қарийб 30 йиллик мулоқотлари асносида қоғозга туширилган эссе, мақола ва хотиралари жой олган.

Иккинчи қисми Буюклар каҳкашонида деб номланган. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги, таниқли олим, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, бадиий адабиёт ва шеърият мухлиси Қаландар Абдураҳмоновнинг ушбу бўлимдан жой олган хотира-эссеси устоз шоиримизнинг ёрқин хотирасига бағишланган.

Китобнинг Жондек азиз хотира деб номланган қисмида устозни зиёрат қилиб, суҳбатларини олиш учун борган шогирдларнинг самимий гурунглари нафаси уфуриб турган ёдномаларга ўрин берилган. Юрт танҳо, Ватан танҳо: Абдулла Орипов ёди матбуот кўзгусида деб номланган бўлимидан эса шоир вафотидан кейин оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган хотира, ёднома ва хабарлар жой олган.

Мушоирада талабалар шоир шеърларининг турли тиллардаги таржималаридан намуналар ўқиб бердилар.

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,

"Янги Ўзбекистон" газетаси мухбири

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech