Раъно ШОДИЕВА: “Инклюзив таълим-тарбияни ривожлантиришимиз керак”

Муносабат

10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни  юртимизда  ҳам ҳар йили кенг нишонланади. Айниқса, инсон ҳуқуқлари соҳаси фаолларини рағбатлантириш мақсадида ўтган йили “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони таъсис этилгани бу борада муҳим аҳамият касб этди.

Жорий йилда ҳам ушбу мукофот ўз совриндорларига Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори томонидан тантанали равишда топширилади.

Ўтган йили “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишонининг илк совриндори бўлган “Меҳрли қўллар” Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази раҳбари таниқли актриса Раъно Шодиева билан мулоқотда бўлдик.

– Мен раҳбарлик қилаётган жамоат ташкилоти 2021 йилда “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишонининг 12 совриндоридан бири бўлди, – дейди Р. Шодиева. – Ушбу нуфузли мукофотни дастлабкилар қаторида олиш бахтига сазовор бўлганимдан жуда бахтиёрман.

Ўзбекистонда ижтимоий адолат принципларига амал қилган ҳолда, ижтимоий қатламга ёрдам қўлини чўзиш, қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган фуқароларга, жисмоний имконияти чекланган инсонларга тўлақонли ҳаёт кечириши учун шарт-шароитлар яратиш масаласи  Президентимизнинг доимий диққат марказида турибди. Бинобарин, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Биласизми, жамиятимизда баъзи-баъзида ногиронлиги бор инсонлардан ҳайиқиш, ўзини орқага тортиш ҳолатлари учраб туради. Стереотип шунчалик кучли шаклланганки, бундай ножоиз ҳаракатларимиз замирига назар солиб ҳам кўрмаймиз. Яъни, имконияти чекланганлар ҳам оддий, ўзимиз қатори инсонлар  эканини баъзан негадир унутиб қўямиз.

Агар уларнинг ички дунёсига нигоҳ солсангиз, аввало, қалблари ниҳоятда тозалигига амин бўласиз. Шу билан бирга, бу қалбларда жуда  кўп маънавий озор ва муаммолар борлигини, ҳаттоки бу муаммоларнинг энг оддийси ҳам ҳал этилмаётганини билиб олишингиз қийин эмас. Шунинг учун ҳар биримиз омонат дунёда барча инсонларга, айниқса, жисмоний имконияти чекланган шахсларга нисбатан бирдай меҳр кўрсатишга одатланишимиз шарт, деб ўйлайман.

Бугунги кунда юртимизда ногиронлиги бўлган фуқаролар 760 минг нафарни ташкил қилади. Шундан 24 минг 640 нафари болажонлар ва 326 минг 149 минг нафардан ортиғи хотин-қизлардир.

Бу йил Ўзбекистон ҳукумати БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини имзолаганига 10 йил тўлди. Яқинда парламентимиз ушбу Конвенцияни ратификация қилди. Натижада ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўз имкониятларини тўла очиб бериши ва ижтимоий ҳаётга мослашувига миллий ва халқаро ҳуқуқий асос мустаҳкамланди.

Фурсатдан фойдаланиб, бир фикрни илгари сурмоқчи эдим. Яъни, энди шу ҳуқуқий негизга таяниб, инклюзив таълим-тарбияни ривожлантиришимиз керак.

Менимча,  инклюзив таълим тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқиш вақти келди. Инклюзив таълимнинг мақсади – ҳар бир инсон тенг ҳуқуқлилик асосида билим олишига имконият яратишдир.

Ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш бўйича, мамлакат миқёсида 3 фоизлик квота ажратилган. Атиги 2 фоиз ногиронлиги бўлган фуқаро иш билан таъминланган.

Яна бир таклиф: ногиронлиги бўлган ёшларни иш билан таъминлаш бўйича давлат дастури ишлаб чиқилиши зарур. Шу тариқа ногиронлиги бўлган ёшларимизга нисбатан жамиятни ривожлантиришда муҳим роль ўйновчи ресурс сифатида қарашни шакллантиришимиз лозим бўлади.

 

Ойдин Иброҳимова ёзиб олди

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech