Туркистон-у Ўтрордан бошланадиган йўл Зангезурда давом этади
Йўлингиз тушиб, Жанубий Қозоғистоннинг Туркистон шаҳридан Чимкентга ўтар бўлсангиз, сизни тун-кун бирдай серқатнов, кенг ва равон йўл – Тамерлан, яъни Амир Темур шоссеси қарши олади. Қозоғистон – Ўзбекистон чегарасидан Тошкентга кираверишда ҳам пойингизда Амир Темур шоҳ кўчаси ястанади. Икки қардош халқ томонидан жаҳонгашта туркий саркардага ҳурмат белгисининг тасодифий ифодасими бу ё бошқа важ-сабаб ҳам бормикан?

Соҳибқирон Амир Темур вафот этганига 620 йил бўлди. Айтиш жоиз, Жанубий Қозоғистон вилояти маъмурий маркази Туркистондан бошланадиган, биз юқорида эслаган йўлга ном берилишининг тарихий омили мавжуд. Бундан олти асрдан зиёдроқ муқаддам, аниқроғи 1405 йил айни шу кунларда тумонат отлиқ ва пиёда қўшин, от-улов, туялар карвони Ўтрор қалъасидан Самарқандга томон Амир Темур ибн Амир Тарағай ибн Амир Барқулнинг муборак жасадини шу йўлдан олиб ўтган.
Шимоли-шарқий Осиё билан жанубни, минтақадаги қатор давлатларни ўзаро боғлаб турувчи бу йўл ўша он туркий эл хотиридан ўчмайдиган беқиёс йўқотиш, мотам-қайғу йўли бўлди. Маълумки, 1405 йил қаҳратон қишда Хитойга юриш тадориги кўрилаётган бир пайт Ўтрор шаҳрида Амир Темур тўсатдан вафот этади. Соҳибқироннинг муборак жасади ноилож шу йўналиш орқали Самарқандга олиб кетилади.
Икки давлат оша чўзилган шу йўл, мана 620 йилдирки, Амир Темур номи билан юритилади. Умуман, турли даврларда Чимкент трассаси, Тошкент тракти, дея турлича аталган Амир Темур шоҳ кўчаси, кўча бўйида қад кўтарган йирик иншоот, масжид, мадраса, чойхоналар, кейинроқ барпо этилган кинотеатр, турар жой мавзеси кенг майдон – ҳамма-ҳаммасининг номланиши Соҳибқирон, Ўзбекистон ёки Қозоғистон билан боғлиқ.
Чимкентдан шимолга юрсанг Туркистонга, жанубга йўл солсанг Самарқандга борасан, деган гап ўша даврдан қолган. Қўйинг-ки, бу тарихий излар қўшни юртдаги Тамерлан шоссесидан бизнинг Амир Темур шоҳ кўчамиз, кейин машҳур Олой бозоримиздан ўтиб, Тошкентнинг қоқ марказида “От елдириб кетаётган улуғвор саркарда” ҳайкалига туташади.

Хуллас, Қозоғистон, қўҳна Туркистон, янаям қадимий Ўтрор қалъасидан бошланган йўл Ўзбекистон ҳудуди орқали қардош Тожикистон ва сўнгра бутун турк олами – Қирғизистон, Туркманистон, Каспий денгизи орқали эса қардош Озарбайжон билан Туркияни боғлай олади.
Ўзингдан ўчмас из, чуқур хотира қолдирмоқчи бўлсанг, ариқ кавлаб, сув келтир, кўприк тикла, йўл қур, дейди дон халқимиз. Мана яна бир янгилик: Жанубий Кавказдаги қондош қавмимиз Озарбайжон икки турк элни боғловчи Зангезур йўлагини очмоқда. Икки томонлама хавфсиз, замонавий, равон қатнов таъминланадиган бу халқаро трасса нафақат Туркия ва Озарбайжонни, балки Европа ва Хитойни ҳам бирлаштиради.
Зангезур лойиҳаси стратегик аҳамиятга эга транспорт-логистика тизимини вужудга келтиради. Элларни бир-бирига яқинлаштиради, дўстликни мустаҳкамлайди. Икки қитъанинг ўнлаб мамлакатлари ўртасида савдо-сотиқ ривожланади. Замонавий технология, инвестиция алмашинуви имконияти кенгаяди. Давлатлар иқтисодиёти гуркирайди, турмуш даражаси яхшиланади, аҳоли фаровонлиги таъминланади.
“Ўрта Зангезур йўлаги” номи билан юритилаётган Транскаспий халқаро транспорт йўналиши Хитой ва Каспий денгизи акваториясини боғлайди. Кейин Озарбайжон билан Грузиядан ўтиб ҳудуди икки қитъа – Осиё ва Европага бўлинган Туркияга, демак-ки кўҳна қитъага қўшилади.
Дарвоқе, Боку – Тбилиси – Карс темир йўли ҳам ўтган йил 14 августдан эътиборан ушбу глобал “қон томири” – Транскаспий халқаро транспорт йўлагининг бир қисми сифатида тасдиқланди. Бу ҳақда Туркия транспорт ва инфратузилма вазири Абдулқодир Ўрал ўғли эълон қилди.
Умуман, Зангезур лойиҳаси асосида ўнлаб қўшни, қардош ва дўст давлатлар икки ва кўп иомонлама алоқаларни чуқурлаштириш учун кенг, равон “ақлли” йўллар очилади. “Тараққиёт йўллари” деб аталаётган ушбу савдо-транспорт йўлаги Туркия ҳудуди орқали Форс кўрфази давлатларини Европа Иттифоқи билан ҳам боғлайди.
Европа жуда улкан бозор эканлигига шубҳа йўқ. Зеро, 50 га яқин мамлакатда қарийб 750 миллион аҳоли яшайдиган минтақа ҳар қандай мамлакат учун жозибадор манзил бўла олади. Шу нуқтаи назардан Туркия орқали кўҳна қитъага чиқиш минтақамиз давлатлари иқтисодиётини кўтариш учун ажойиб имкониятдир. Маълумотларга кўра, ушбу мамлакат самолётлари 59 аэропортдан дунёнинг 351 шаҳрига учаркан. Биргина 2024 йил 230 миллион йўловчи турк ҳаво йўлларидан фойдаланган.
Одатда дўстлик, яхши қўни-қўшничилик рамзи бўлган йўллар қурилиши ўнлаб йиллар давом этиши мумкин. Бинобарин, рамзий маънода элларни бир-бирига боғлайдиган қон томирлари сифатида эътироф этиладиган халқаро йўллар инсониятга асрлар мобайнида хизмат қилади.
Ахир, Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидаги қадим кўприкни буюк жаҳонгир Искандар Зулқарнайн қурдиргани ҳақидаги маълумот кимни ҳайратга солмайди, дейсиз?! Амир Темурнинг авлодлари – Бобурийлар узоқ ҳинд диёрида барпо этган, киши ақлини шошириб, мислсиз эстетик завқ улашадиган бетакрор меъморчилик санъатининг ёрқин намуналари неча юз йиллардан буён бутун башариятга хизмат қиляпти-ку!!!
Ирисмат Абдухолиқов, ЎзА шарҳловчиси
- Қўшилди: 03.03.2025
- Кўришлар: 861
- Чоп этиш