Бу фикрни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов 1 май куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган “Замонавий глобал ўзгаришлар шароитида Марказий Осиё давлатлари интеграцияси: ҳозирги ҳолат ва истиқболлар” мавзусидаги минтақавий анжуманда билдирди.
Унинг фикрича, мамлакатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида минтақада сифат жиҳатидан янги сиёсий муҳит шаклланди, кўп томонлама ҳамкорлик жараёнлари изчил тус олиб, Марказий Осиёнинг субъект сифатидаги роли кучайди.
А. Неъматовнинг таъкидлашича, бугунги кунда барча икки томонлама ва минтақавий муаммолар юзасидан ўзаро манфаатли муросаларга эришилмоқда, мамлакатлар халқаро кун тартибидаги масалалар бўйича умумий ёки яқин позицияни билдирмоқда, минтақанинг сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий-цивилизацион салоҳияти рўёбга чиқмоқда, Марказий Осиё барқарорлик ва умумий фаровонлик маконига айланмоқда.
СМТИ вакили буни сўнгги йилларда минтақага жалб қилинаётган хорижий инвестициялар ҳажми деярли уч баробарга ошганида ҳам кўриш мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, саноат соҳасида 6 фоиз ўсиш кузатилиб, ташқи бозорларга экспорт икки баробарга ортди.
Умуман олганда, экспертнинг қайд этишича, сўнгги йилларда Марказий Осиё иқтисодиёти жаҳон ўртача кўрсаткичларига нисбатан икки баробар тез суръатда – 6% атрофида ўсмоқда. Натижада Марказий Осиёнинг стратегик аҳамияти сезиларли даражада кучайиб, минтақага бўлган қизиқиш ортмоқда. Бу эса янги имкониятлар билан бирга айрим чақириқларни ҳам келтириб чиқармоқда.
А. Неъматовнинг айтишича, бундай шароитда минтақа давлатлари ушбу чақириқларга самарали ва барқарор жавоб қайтариш моделларини биргаликда ишлаб чиқиши зарур. Бу Марказий Осиё давлатларининг барқарор ривожланишидаги юқори суръатларни сақлаб қолишнинг муҳим омилидир.
Шу боис эксперт 2024 йил 9 август куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашувида Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепциясини қабул қилиш муҳимлигига алоҳида тўхталиб ўтди.
Анжуман иштирокчиларига Марказий Осиё мамлакатлари экспертлари томонидан биргаликда ишлаб чиқилган ушбу ҳужжат лойиҳасининг асосий қоидалари ҳақида маълумот берилди. А. Неъматовнинг сўзларига кўра, Концепциянинг қабул қилиниши таҳдид ва хавфлар бўйича умумий қарашларни шакллантириш, давлатлараро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда минтақавий хавфсизликнинг асосий масалалари юзасидан комплекс ёндашувларни биргаликда излаш имконини беради.
Шу билан бирга, СМТИ вакилининг фикрича, Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш бўйича умумий саъй-ҳаракатлар минтақани ривожлантириш бўйича ягона стратегия, ўзаро манфаатли умумий мақсадларга эришишда ўзаро мажбуриятларга асосланган узоқ муддатли ҳамкорлик тизимини шакллантириш йўлидаги мақсадли ишлар билан уйғун ҳолда олиб борилиши зарур.
Шу нуқтаи назардан эксперт Ўзбекистон томонидан илгари сурилган Марказий Осиё давлатлари ўртасида стратегик шериклик ва ҳар томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги Шартномани қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.
“Бугун биргаликда ҳаракат қилиш, умумий қарашлар, чақириқ ва имкониятлар бўйича ягона ёндашувлар асосида ишлаш, мамлакатларимиз ривожланиш стратегияларини уйғунлаштириш, умумий мақсадларга эришиш йўлида ўзаро қўллаб-қувватлашни кучайтириш жуда муҳим”, – деди эксперт.
А. Неъматов Шартнома Марказий Осиё барқарор ривожланишининг барча асосий йўналишлари ҳисобланган савдо, транспорт, экологик барқарорлик, сув, озиқ-овқат хавфсизлиги, энергетика, инсон капиталини ривожлантириш каби соҳаларда ҳамкорликни изчил кенгайтириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратишига ишонч билдирди.
Мазкур минтақавий анжуман Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази ҳамда Конрад Аденауэр жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирда Марказий Осиё давлатларининг етакчи таҳлилий ва тадқиқот марказлари раҳбарлари ҳамда экспертлари иштирок этди.
ЎзА
- Қўшилди: 05.05.2025
- Кўришлар: 166
- Чоп этиш