ТАШАББУСНИНГ ТАМАЛ ТОШИ

 

 

Ўтмиши каби келажаги ҳам буюк бўлган халқнинг, тарих саҳнига чиқиб келиши, осон бўлмайди. Ўзининг тарихий тақдирида кўплаб, шонли, суронли ва қонли даврларни бошидан кечирган халқ матонати ва метин иродаси билан жаҳон тарихида мустаҳкам ўрин тутади. Бу айни ҳақиқат. Фахр билан айтиш мумкинки, ўтмишда бўлгани каби халқимиз иккинчи жаҳон уруши даврида ҳам, ўз табиятига хос бўлган шижоат, ишонч, мардлик ва жасорат намуналарини кўрсата олгани рост. Бу давр ҳам халқимизнинг ғалабага бўлган ишончини, қатъий иродасини бука олмади. Кўп миллатли халқимиз фронт ортида ҳам асло орқага тисарилмади. Халқимиз тақдиридаги ушбу давр унинг бардошини, матонатини, бирдам ва жипслигини яна бир бор синовдан ўтказди.

Шундай экан, унинг тарих майдонидаги ўрни ва қадрини муносиб эътироф этиш инсоний бурч, виждоний ишдир. Ушбу мажбурият бурчи ва масъулият ҳиссини чуқур идрок этган давлатимиз раҳбари асрларга татигулик улуғвор буюк ишга қадам қўйгани тарихий ҳақиқат бўлди десак муболаға бўлмас.

Муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил 23 октябрьда қабул қилган "Иккинчи жаҳон урушида, қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида"ги қарори бу йўлдаги оқилона ва одилона ташаббус бўлди. Фаолиятнинг иккита қаноти бўлади. Бу ғайрат-шижоатга йўналтирилган ташаббускорлик ва ташкилотчиликдир. Пойтахтимизда янги тарихий маълумотлар ва ҳар жиҳатдан пухта ишланган лойиҳалар асосида "Матонат мадҳияси", "Мангу жасорат", “Кўз ёши” монументлари ҳамда "Шон-шараф" давлат музейини ўзида қамраган муҳташам "Ғалаба боғи" ёдгорлик мажмуасининг бунёд этилиши ана шу фикрнинг исботидир.

Ҳозиргача республикамизнинг турли миллат вакиллари, ғалаба боғи ёдгорлик мажмуаси бўйлаб виртуал, яъни ғойибона сайр этишда давом этмоқда. Эндиликда кўриш ва эшитиш аъзолари орқалигина эмас, балки, инсон онгу шуури - миясига жойланадиган маълумотга эҳтиёж сезилаётганди. Ғалабанинг илмий-назарий, фалсафий моҳияти ва жаҳоншумул аҳамиятини таҳлилий назардан ўтказиш ва таҳлил қилиш муҳим вазифа сифатида кўндаланг турарди. Барча соҳа ва жабҳалар ривожига илм назари орқали қараш ва ўрганиш масаласига алоҳида эътибор қилган ва барчани даъват этган Миллат сардорининг ташаббуси ва ташкилотчилиги билан амалга оширилган бу шарафли ҳаракатни илмий-фалсафий жиҳатдан ўрганиш аждодларимиз ғалабасига муносиб жавобдир.

Академик Акмал Саидов томонидан тайёрланган "Ғалаба боғи фалсафаси" номли залворли тадқиқотни мазкур йўналишдаги ташаббуснинг муҳри бўлди дейиш мумкин. Халқимиз табиатига хос бўлган бағрикенглик ва меҳридарёликни ўз табиатига сингдирган Миллатимиз сарвари бундан кўзланган мақсадни шундай эътироф этади. Ғалаба йўлидаги "буюк тарихий ишларни, халқимизнинг енгилмас кучли иродаси ва қаҳрамонлигини ўша суронли йиллар ҳақиқатини келгуси авлодларга аниқ мисоллар асосида етказиш, уларни жасорат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ғоят муҳим аҳамиятга эга".

Жасорат ва матонат боқийликка йўғрилган барҳаётлик нишонидир. Дунё халқларига мислсиз изтироблар келтирган, беҳисоб қурбонларга сабаб бўлган Иккинчи жаҳон урушини кўз олдимизда жонланиши бугунги куннинг қадрига етишимизга ва айни пайтда тинчлик ва осойишталикнинг қиймати бебаҳо эканлигини англашимизга замин ҳозирлайди.

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, уруш йилларидаги мардлик ва қаҳрамонлик, биз учун улкан жасорат мактаби ғурур ва ифтихор манбаидир. Қолаверса, мардлик намуналарини кўрсатган барча юртдошларимизга юксак эҳтиром тимсоли ҳамдир.

“Совет иттифоқи қаҳрамони” унвони билан мукофотланган 301 нафар юртдошимиз, “Слава” (Шуҳрат) орденининг соҳибига айланган 70 нафар юртдошларимизга шунингдек, жангоҳларда жасорат кўрсатган ўзбек генералларининг авлодларига чексиз ҳурмат белгиси ҳамдир. Ушбу китоб Ғалаба боғининг илмий-назарий фалсафаси тарихий ҳужжатлар асосида талқин қилингани билан аҳамиятлидир.

Ушбу мемуар олти фаслдан иборат бўлиб, ўзига хос композитсион яхлитликга эга. Фасллар бир-бири билан узвий боғланган бўлиб мантиқий изчилликка эга. Улар бир-бирини бойитади, тўлдиради, изоҳлайди.

Адолатсизликка қарши ҳақиқатнинг кураши охир оқибат ғалаба билан якунланади. Халқимизнинг ҳақиқатнинг эгилиши, букилиши мумкин лекин, синмаслиги ҳақидаги нақли, китобнинг биринчи фаслида, кўргазмали тасвирлар билан биргаликда акс этган бўлиб, у "Тарихий адолатсизликдан - тарихий ҳақиқат сари" деб номланган.

Аслида, илм ҳам, зулм ҳам, ҳатто ўлим ҳам ибрат ва сабоқ. Гап ундан тўғри хулоса чиқаза билишда. Шундай экан, тарихий сабоқлар истиқболли режалар учун, келажакдаги мақсад-интилишларни, орзу-умидларни амалга ошиши учун муҳим омил. Бутун дунё бўйича 110 миллион аскар иштирок этган бу уруш унда қатнашган ва қатнашмаган барча давлатлар учун қайсидир маънода сабоқ бўлиши муқаррар. Ёвузликнинг умри қисқа, эзгулик бардавом бўлиши ҳақидаги буюк ҳақиқатни эндиликда ҳамма яхши билади. БМТ нинг Бош котиби Антониу Гутерришнинг "Ўтган 75 йил давомида бирорта ҳам йирик уруш бўлгани йўқ, биз учинчи жаҳон урушига йўл қўймасликка муваффақ бўлдик" - деган фикри юқоридаги мулоҳазаларга асосдир. Бу борада жаҳон аҳлини бирдамликка, тинчликка даъват этиб, БМТ нинг олий минбаридан туриб Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бутун жаҳонга мурожаати нечоғли аҳамиятли эканини сезмаслик, алсо мумкин эмас.

“Аждодларимиз жасорати мангу барҳаёт” деган ғоя асосида қилинган ва қилинаётган ишлар, кенг жамоатчилик оммасига эзгу мақсадни сингдириш механизми сифатида аҳамиятлидир. Ёшлар, ҳарбий хизматчилар ва болалар ўртасида ўтказилган "Номингиз дилларда мангу яшайди" мавзусидаги ижодий иншолар танлови, "Эслайман! Фахрланаман! Номингиз дилларда мангу!" мавзусидаги болалар расмлари танлови ана шулар жумласидандир. Бу мақсадли ҳаракатнинг режали механизми сифатида катта аҳамият касб этгани аниқ.

Монументал китобнинг иккинчи фасли Ғалаба боғининг ғояси ва ташаббускори билан боғланади. Табиийки, бу борада юртбошимиз томонидан илгари сурилган ғоя ва таклифлар ҳамда топшириқлар ўзининг бунёдкорлик кучига эга бўлди. Миллат сардори ғалаба боғининг очилиш маросимида ғурурланиб ўзига хос бир фахр билан "бу бетакрор мажмуа қаҳрамон халқимизга муносиб бўлиб, ҳам меъморий жиҳатдан, ҳам тарихий маънавий жиҳатдан ғоят ноёб ва маҳобатли обида бўлиб қад ростлади" – дейишларида асос бор.

Боғга қадам қўйган ҳар бир инсон жасорат ва матонатнинг тимсолини, ватанга муҳаббат ва садоқатнинг рамзини ич-ичидан ҳис этади. Шу пайтгача рақамлари яшириб келинган, янги маълумотларнинг халқимизга ҳавола қилиниши тикланган тарихий ҳақиқатнинг чинакам тантанаси бўлди дейиш мумкин. Бунинг исботи ўрнида Президент эътироф этган ушбу рақамлар ҳам, халқимизга хос бўлган матонат ва адолатпарварликни намойиш этади. Ўша даврда қулоқ сифатида бошқа ўлкаларга сургун қилинган 59 мингдан ортиқ ватандошимизнинг ҳаракатдаги армияга сафарбар этилгани, урушда Ўзбекистон фуқароларидан ҳалок бўлганлар 396 минг нафар эмас, балки бу рақам 538 мингдан зиёд бўлгани, 158 мингдан зиёд Ўзбекистонлик урушда бедарак йўқолгани каби фактларнинг қайд этилгани, эндиликда, қадрини билган, қаддини тиклаган ўзбек халқининг онги, бонги ва таратган донги баланд пардаларда жаранглаганининг белгисидир.

Китобнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, 7 та жадвал асосида аниқланган янги маълумот ва фактларнинг қиёсий таҳлили ва тафовутларнинг берилганидир. Маълумотлар билан танишар экансиз, ўзбек халқининг жасорати нафақат жангоҳларда балки фронт ортида ҳам ибратли бўлганини кўриш мумкин. Хуллас, Ғалаба боғини сайр этган инсон унинг қадр-қиммат боғи, хотира ва тарбия ўчоғи эканлигига яна бир бор иқрор бўлади. Ўз фарзандини урушга юбориб йўлларига илҳақ, интизор бўлиб кўз тиккан оналарнинг ҳолати ва руҳиятини ҳис этиш учун Ўзбекистондаги барча оналарга қўйилган ҳайкал “Матонат мадҳияси” бўлиб хизмат қилиши муқаррар.

Ўз юртини севган, ота-оналарнинг дуоси ва даъватларини муқаддас тутган фарзандларининг жонбозлигига қўйилган "Мангу жасорат" монументи ҳам сизни бефарқ қолдирмайди. Бу ерда “Совет иттифоқи қаҳрамони” унвонига сазовор бўлган жангчиларнинг сиймоси акс этган барелефларнинг ўрнатилгани ва Ўзбекистонлик генералларнинг номлари қайд этилгани, сизда ички бир меҳрни ва миннатдорлик туйғюсини уйғотмасдан қолмайди. Айниқса, генерал Собир Раҳимов хотирасини тикланиши, шунингдек, машҳур саркарда Миркомил Миршарапов номининг қайд этилиши бежиз эмас. Уларнинг ватанпарварлигини ўзбек халқидан олинган ушбу фармондаги битиклардан ҳам билиш мумкин: "Ё ҳаёт, ё асорат; ё ҳаёт, ё ўлим; ё ўлим, ё ғалаба! Бир қадам орқага чекинмаймиз!". Ўзбек халқининг жангчиларига уларнинг эл- юртларидан келган мактубларида ҳам ана шу руҳнинг мавжудлигини сезмаслик мумкин эмас.

Мумтоз меросимизда ашк деган тушунча бор. Ўз она тупроғини рашк қилган одамда ватан туйғуйси, оила қайғуси бўлади. Ашк - кўз ёши демакдир. Кўз ёши икки хил бўлади: севинч ва алам кўз ёшлари. Бири шодликдан, иккинчиси изтиробдан ёшланади. Аслида, бу бефарқ эмаслик, воқеликка фаол муносабат, огоҳлик ва ҳушёрликдан туғилади. Президент ибораси билан айтганда "доимо ҳушёр ва огоҳ бўлган ҳолда тинчлик учун курашиш, унинг қадрига етиш, ватанни асраб-авайлаш туйғуларини кучайтириш" учун ҳам бу ҳаракат зарур.

Ғалаба боғи фалсафасига сингдирилган 12 ҳалқали туйғулар силсиласини ўзига жо этган "Кўз ёши" мажмуаси бу борада ибрат, огоҳлик ва ҳушёрлик рамзидир.

Инсоннинг кўнгил мулкига сафар унинг қалбини зиёрат этишдир. Бу эса жисман, қалбан, ҳам руҳан покланишни тақозо этади. Ватан туйғусини ҳис этишга, уруш даҳшатини кўриб ўзида юрт қисматига, ватан тақдирига нисбатан дахлдорлик туйғусини ва фуқаролик бурчини англашига замин ҳозирлайди. Мунғайиб алам ва андуҳлар билан маҳзун ҳолатдаги мотамсаро онага ачиниш ва қалбида ҳамдардлик туйғусини ҳис этган киши чинакам маънода яшаётган бўлади. Қоронғу тундан сўнг тонг отгани цингари маҳзуний ҳолатлар - масрурий дамларга айланиши ҳақ.

Меҳрибон ва ғамхўр оналарнинг кўз ёши ва қилган дуолари, халқимизнинг матонатли ўгълонлари ғалаба нашидасини суришга имкон бергани рост. Бу табиийки, Аллоҳ берган неъматларга қаноат ва шукроналик туйғуси билан боғлиқ. Бу эса чинакам маънода таҳсин-у офаринларга лойиқ бўлган шон-шарафимизнинг белгиси, фахр-у ифтихоримизнинг манбаи. Ғолиблик гаштини суриш, ғалаба сурурини ҳис этиш, уни нишонлаб тўй-у тантаналар қилиш, элга ош бериш бизга тарихий меърос. Ғалаба боғидаги 700 кишига мўлжаллаб қурилган маҳобатли амфитеатр ҳам ана шу мақсаднинг ифодасидир. Инсоннинг куч-қудрати ақли ва жисмидагина эмас, балки, унинг маҳсули сифатида яратилган техника ва қуролларда ҳам акс этади. Сиз ғалаба боғидаги майдончаларда ўрин олган артиллерия, зенит қурилмалари, танк ва самолётларни кўриб, ўзингизда ҳам беихтиёр азм-у шижоат уйғонганини ҳис этасиз.

20 мингдан ортиқ ноёб экспонатлар сақланаётган Шон шараф музейи билан китобнинг учунчи фаслида танишасиз. Музей - мозий муҳри. У жасорат, матонат ва ватанпарварликни тараннум этади. Давлат раҳбари таъкидлаб ўтганларидек, “қурбон бўлган юртдошларимиз хотирасини унутишга, улардан мерос қолган эзгулик ва адолат ғояларига хиёнат қилишга ҳаққимиз йўқ”. Бу қолаверса, матонатли аждодларга миннатдор авлодлардан таъзим рамзидир. Халқимизнинг тарихий қонида, амалий ишларида сақланадиган аждодларимизнинг мардлиги ва жасорати юксак намуна мактаби эканини ёш авлод доимо ёдда тутиши керак. Улар “Қизил юлдуз” ордени билан тақдирланган Омонбой Тўқмирзаев, ёзувчи ва давлат арбоби Шароф Рашидов каби элпарвар инсонларнинг эзгу ишларини билишлари шарт, албатта.

Уруш даврининг жангчи ва санъаткор аёллари ўзларининг ғалабага ишонч руҳидаги чиқишлари билан аскарларни руҳлантирганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Ушбу мемуарда Ўзбекистон аскарларининг Европа халоскорлари бўлгани, Францийа “Қаршилик кўрсатиш ҳаракати”даги ватанпарварлиги, Италянларнинг Александроси ўзбекларнинг Шарифи бўлгани, 1945-йилдаги совет-япон урушида қатнашган ўзбекларнинг жасорати айни пайтда ўзбек разведкачиларнинг уддабуронлиги борасидаги матонати ҳам эътибордан четда қолмаган.

Ўзбекистон бағри кенг диёр эканини эндиликда бутун жаҳон билади. У фронт учун ишончли таянч қўрғони бўлгани аниқ. Шу ҳақида 4 - фаслда муфассал маълумотлар оласиз. Бу эса сизни маданий тафаккури теран, ғурур-ифтихори юксак халқни енгиб бўлмаслигига ишонтиради. Китобнинг кейинги фаслларида уруш даври билан боғланган ҳолда, хотиротлар мардлик ва мангулик рамзи бўлган Ғалаба боғи ёдгорлик мажмуасининг аҳамияти, уруш чин маънода маданиятсизлик, тинчлик эса маданиятли халқлар амали экани борасидаги маълумотлар билан танишасиз.

Китобда мавзуга, саҳифага монанд ҳолда Ғафир Ғулом, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Ойбек, Мақсуд Шайҳзода, Рауф Парфи, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Александр Файнберг, Шавкат Раҳмон, Нормурод Нарзуллаев, Азим Суюн, Ҳалима Худойбердиева, Мирпўлат Мирзо, Иброҳим Юсупов, Анвар Обиджон, Омон Матжон, СИрожиддин Саййид, Ойдин Ҳожиева, Зулфия Мўминова, Қўчқор Норқобил, Эътибор Охунова, Икром Отамурод, Эшқобил Шукур, Шарифа Салимова, Ғулом Мирзо каъби ўнлаб иқтидорли шоирларнинг шеърларини ўринли тарзда келтирилиши китобга бадиий мазмун ва зийнат бахш этган.

Давлатимиз раҳбари талабига мувофиқ ўтмишга берилган баҳо, албатта холисона, энг муҳими, турли мафкуравий қарашлардан холи бўлиши зарурлиги ҳақидаги фикрларига жавоб тарзида ҳам аҳамиятлидир. Китоб ана шундай руҳ билан ёзилган. Бу муқаддас сўзлик - ўзлигимиз кўзгусидир. Миллат сардори ташаббусининг тамал тоши сифатида қимматли десак, ўринли бўлади.

Ғалаба боғи чинакам фалсафий мажмуа, бузилмас ва букилмас халқ иродасининг фалсафасидир. Бу фалсафанинг қон томири ва жон томири қатъиятли, бағрикенг, меҳридарё халқимизнинг кучи ва ишончида, унинг ўз ғоясига садоқатли, эътиқодда собит эканлигининг белгисидир.

Ушбу китоб Президент эътироф этгандек огоҳликка, ҳушёрликка чорлайди. Чунки тарихга ҳушёрлик, огоҳлик назари билан кўз ташлаш муҳим. Бу бизни кўп нарсалардан огоҳ қилади, мақсадларимизни, ёруғ келажагимизни тўғри белгилашга хизмат қилади.

Ғалаба ҳам, эрк ҳам осонликча қўлга киритилмайди, у қурбонликлар эвазига, қон тўкиш-у жон беришлар бадалига қўлга киритилади, тарих бунга гувоҳдир. Залворли ғояни ўзига жо этган ушбу салмоқдор китоб тарғиботи ва ташвиқотини кенг йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Уни таргъиб этувчи нотиқ ва воизлар таркибини шакллантириш ҳамда улар кучидан фойдаланиш муҳимдир. Улар китобнинг моҳияти борасида ўз мулоҳазаларни аудиовизиуал имкониятлардан фойдаланган ҳолда тарғиб қилишлари мумкин. Токи таълим тизими масканларида, меҳнат ташкилотларида бу китоб иш столи устида туриши мақсадга мувофиқ.

Китобни варақлаб киммиз, кимнинг авлодимиз, бизнинг олдимизда қандай мақсадлар турибди? Биз уларга муносибмизми? Биз аждодларнинг орзу-армонларини амалга ошира олаяпмизми каби саволга ҳар биримиз жавоб беришимиз учун ҳам китоб қиммалидир.

Раҳимбой Жуманиёзов,
филология фанлари номзоди, доцент

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech