Тошкент шаҳрида “Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш” мавзусида ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференцияси ўз ишини бошлади

Мазкур нуфузли анжуман Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши 46-сессиясидаги нутқида илгари сурилган ва халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланган ташаббус асосида ташкил этилди.

Унинг ишида 500 га яқин иштирокчи, шу жумладан 30 дан ортиқ хорижий давлатнинг 150 дан зиёд вакили – Англия, Афғонистон, АҚШ, БАА, Беларусь, Босния ва Герцеговина, Германия, Дания, Жазоир, Жанубий Корея, Индонезия, Мадагаскар, Малайзия, Россия, Руминия, Саудия Арабистони, Туркия, Туркманистон, Украина, Франция, Хитой, Швейцария, Швеция, Шимолий Ирландия, Шотландия, Эрон, Япония, Қирғизистон, Қозоғистон, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларнинг нуфузли экспертлари иштирок этмоқда.

Конференция кун тартибидан ўрин олган асосий масала – СOVID-19 пандемияси шароитида БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари, шунингдек Миллий барқарор ривожланиш мақсадларини амалиётга татбиқ этишда ёшлар иштироки, уларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш ва мавжуд халқаро ва минтақавий воситаларни умумлаштиришдан иборатдир.

Конференциясининг 12 август Халқаро ёшлар кунида ўтказилишида ўзига хос маъно бор. Унинг ишида 15 та халқаро, 7 та минтақавий, 11 та халқаро нодавлат ташкилот вакиллари, шунингдек 15 та хорижий давлатнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари, 10 та мамлакатнинг ёшлар ишлари бўйича парламентлари ва давлат органлари, 5 та давлатнинг таълим ва тадқиқот институтлари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган 18 та хорижий мамлакатнинг дипломатик ваколатхоналари мутасаддилари қатнашмоқда.

СOVID-19 пандемияси сабабли халқаро конференция виртуал шаклда ўтказилмоқда. У учта ялпи мажлисдан ҳамда 3 та параллел сессиядан (А, В, С) иборат бўлади. Маърузалар ўзбек, инглиз, француз ва рус тилларида тақдим этилмоқда.

Анжуманда таъкидланганидек, бугун дунёда янги авлод вакиллари 2 миллиарддан зиёдни ташкил қилмоқда. Бу инсоният тарихида ёшлар сонининг энг юқори кўрсаткичидир ва уларнинг қарийб 90 фоизи ривожланаётган мамлакатларда истиқомат қилади. Сўнгги йилларда БМТ доирасида биргина ёшлар масалаларига доир 10 дан ортиқ халқаро ҳужжат қабул қилинди. Жаҳон ёшларининг талаб-эҳтиёжларини қондириш, салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш учун БМТнинг “Ёшлар 2030” ёшлар стратегияси ишлаб чиқилди.

Шунингдек, 2020 йилнинг апрель ойида БМТ COVID-19 инқирозига қарши зудлик билан ижтимоий-иқтисодий чоралар кўришга оид умумлашган Дастурни эълон қилди. Ушбу Дастурда ёшларнинг саломатлик бўйича мустақил қарор қабул қилиши, соғлом турмуш тарзи тарғиботи ва пандемияга қарши кураш йўлида уларнинг фаол иштирокига оид лойиҳалар ўз ифодасини топган.

Нуфузли анжуманда эътироф этилганидек, Ўзбекистонда ҳам йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор тамойилларидан бири ҳисобланади. Айниқса, сўнгги беш йилда бу борада қатор қонунлар, Президентнинг ўнлаб Фармон, қарорлари ва ҳукумат ҳужжатлари қабул қилинди.

Ёшлар ишлари агентлиги ва Бош вазир раислигида Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгаш фаолият бошлади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия тузилди, парламент палаталарида Ёшлар парламентлари фаолияти йўлга қўйилди. Ўзбекистонда 30 июнь – Ёшлар куни деб эълон қилинди.

Бу борада Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ва 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида” амалга ошириш бўйича Давлат дастури, шунингдек Президентимизнинг бешта муҳим ташаббуси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни алоҳида қайд этиш ўринлидир.

Бу каби эътиборга молик мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Тошкентда ўтказилаётган “Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш” мавзусидаги халқаро конференция ёшлар ҳуқуқларини нафақат миллий, балки минтақавий ва халқаро миқёсда ишончли ҳимоя қилиш учун кенг имкониятлар эшигини очади.

Манба: parliament.gov.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech